Sayt test rejimida ishlamoqda

Хасанов Акрам Муминовичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Жанубий Ўзбекистонда шаҳарлар шаклланиши ва ривожланишининг ўзига хос хусусиятлари (V-XIVасрлар биринчи ярми мисолида)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В.2019.4.DSc/Tar.119.
Илмий маслаҳатчи: Эшов Боходир Жўраевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети, PhD.03/27.02.2021.Tar.70.05. (Бир марталик Илмий кенгаш).
Расмий оппонентлар: т.ф.д. А.Раимқулов, т.ф.д.Э.А. Қобулов, А.М. Атаходжаев 
Етакчи ташкилот: Навоий давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади V-XIV асрнинг I-ярми Жанубий Ўзбекистон минтақасида шаҳарлар шаклланиши ва ривожланишининг ўзига хос хусусиятларини очиб беришдан ҳамда V-XIV асрлардаги шаҳарсозлик масалаларини ўзбек халқи моддий маданиятининг ажралмас бир қисми сифатида очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида V-XIV асрнинг биринчи ярмида урбанизация ривожига шаҳарларнинг тарихий-географик жойлашуви, сиёсий жараёнлар ҳамда савдо-иқтисодий омилларнинг таъсир кўрсатганлиги, шаҳарлар тараққиётининг фақат жанубий ҳудудларда кузатиладиган ўзига хослиги ҳамда Амударё ҳавзаси шаҳарлари ривожи билан умумийлиги далилланган;
илк ўрта асрлар даврида Жанубий Суғд ва Тоҳаристонда шаҳар ҳаёти, хусусан, Буюк ипак йўли орқали олиб борилган иқтисодий-маданий алоқаларда тутган меъморчилигига хос анъаналарга асосланиб, Нахшаб, Кеш, Чағониён ва Термиз каби шаҳарларнинг минтақанинг иқтисодий ва маданий тараққиётига таъсири, ички ва ташқи алоқалардаги воситачилик мавқеи аниқланган; 
ривожланган ўрта асрларда (Сомонийлар ва Қорахонийлар даврида) шаҳарлашув жараёнлари ривожи, Насаф, Кеш ва Термизнинг диний ва дунёвий илмлар марказлари сифатидаги мавқеи, Чиғатой улуси даврида шаҳарлар инқирозига ижтимоий-сиёсий вазиятнинг кўрсатган шаҳар меъморчилигига хос анъаналарнинг таъсири очиб берилган;
илк ва ривожланган ўрта асрларда шаҳарларнинг таркибий тузилиши (Арк, шаҳристон ва рабод), шаҳар маъмурияти ва бошқаруви, шаҳар меъморчилигига хос анъаналар, жанубий ҳудудларга хос анъаналар бўлган Қашқадарё ва Сурхондарё воҳасининг ўрта асрларга хос шаҳарсозлик хусусиятлари очиб берилган;
Шаҳарлар ва қишлоқлар аҳолиси ҳамда шаҳарлар ва дашт аҳолиси муносабатлари масалаларига Қарши даштлари ва Насаф, Ғузор даштлари ва Новқат Қурайш, Субах, Касби ва атроф қишлоқлар мисолида аниқлик киритилиб, шаҳарларнинг жойлашуви, номланиши ҳамда тарихий географияси масалалари очиб берилган;
Жанубий Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш, янги туристик йўналишларни ташкил этишга хизмат қилувчи шаҳар манзилгоҳларининг лойиҳавий график таклифлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Жанубий Ўзбекистонда шаҳарлар шаклланиши ва ривожланишининг ўзига хос хусусиятлари мавзуси бўйича олинган илмий натижалари асосида:
Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида V-XIV асрнинг биринчи ярмида урбанизация ривожига шаҳарларнинг тарихий-географик жойлашуви, сиёсий жараёнлар ҳамда савдо-иқтисодий омилларнинг таъсир кўрсатганлиги, шаҳарлар тараққиётининг фақат жанубий ҳудудларда кузатиладиган ўзига хослиги ҳамда Амударё ҳавзаси шаҳарлари ривожи билан умумийлиги хусусидаги натижаларидан 2017-2018 йилларда бажарилган 49-05/85 рақамли “Қашқадарёнинг туристик салоҳияти-глобал тармоқда” мавзусидаги инновация лойиҳасида фойдаланилган (Қарши давлат университетининг 2021 йил 8 августдаги 20-08-2075-сон маълумотномаси). Бу Ўзбекистон туризм салоҳиятини оширишда, хусусан, мазкур соҳани ривожлантиришда шаҳарсозлик ва меъморчилик ривожида муҳим омиллардан бири эканлигини асослаб бериш имконини берган;
Шаҳрисабз шаҳрининг қадимдан ўрта асрларгача бўлган шаклланиш ва ривожланиш босқичлари, меъморий кўринишлари лойиҳавий таклиф ечимларидан амалиётда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2020 йил 18 августдаги 01-12-10-3059-сон маълумотномаси). Илмий натижанинг қўлланиши Шаҳрисабз шаҳри тарихий асиллигини сақлаш ҳамда туризмни янада ривожлантириш имконини берган;
Жанубий Ўзбекистон шаҳарларининг ҳудудий-маъмурий қисмларга ажратилганлиги, мустаҳкам мудофаа деворлари, шаҳарлар тузилишидаги анъанавийлик ва ўзгаришлар каби илмий натижалар Ўзбекистон телерадио компанияси “O‘zbekiston tarixi” телеканалининг “Буюк ипак йўли шаҳарлари” кўрсатувининг Қашқадарё сонини тайёрлашда фойдаланилган (“O‘zbekiston tarixi” телеканалининг 2020 йил 19 октябрдаги 02-40-980-сон далолатномаси) ҳамда “O‘zbekiston tarixi” телеканалининг 2021 йил 25 июндаги “Кўҳна манзиллар” кўрсатувини тайёрлашда фойдаланилган (“O‘zbekiston tarixi” телеканалининг 2021 йил 9 августдаги 02-40-1300-сон далолатномаси). Илмий натижаларнинг қўлланиши шаҳарлар ва қишлоқлар ўртасидаги боғлиқлик қадимдан вужудга келганлиги ва тараққий этиб бориш жараёни бўйича аниқ хулосалар чиқариш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish