Sayt test rejimida ishlamoqda

Аминов Бобир Бомурадовичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий қоидалар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Марказий Мовароуннаҳр қабртош битиклари ва улардаги тарихий шахслар генеалогияси (XV-XIX асрлар)”, 07.00.08 –Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.DSc/Tar136.
Илмий маслаҳатчи: Каримова Сурайё Убайдуллаевна, тарих фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, DSc.02/30.12.2019.Tar.44.01.
Расмий оппонентлар: Бўриев Омонулло, тарих фанлари доктори, катта илмий ходим; Муҳамедов Неъматилла, тарих фанлари доктори, доцент; Аллаева Нигора, тарих фанлари доктори, доцент.  
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Марказий Мовароуннаҳр XV-XX асрлар қабртош битиклари асосида тарихий шахслар насабномаларини тиклаш, ўзига хос хусусиятларини очиб беришдан иборат.       
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятидаги ҳукмдор сулолалар, аслзода хонадонлар, қадимги зодагон оилалар, уламо аҳли, тасаввуф тариқатларининг пирларига иззат-икром ва эҳтиром кўрсатиш ҳамда уларни ёдга олиш мақсадида, бу шахсларнинг қариндошлари ва яқин кишилари, улар учун мақбаралар, сағаналар қурганлиги, қисқа ва таъсирга эга матнлар туширилган ҳамда насл-насаб занжири битилган қабртошлар ўрнатганлиги, бу ерларда некрополлар, мозорлар ва меъморий-ёдгорлик мажмуалари алоҳида турувчи қабртошлар билан бирга шаклланган бўлиб, улар воситасида аслзода, шариф оилалар, уруғ-аймоқлар ва кланлар шажараси ҳамда насл-насаб занжирини тўлдириш ва тузиш мумкинлиги, қабртош битиклар матнлари учун ўлим, дафн, фоний дунёдан боқий дунёга ўтиш, истиғфор сўраш мазмуни акс этган Қуръон оятлари, ҳадислар, ҳикматлар, дуолар ва марсиялар махсус равишда китобат этилиши натижасида аниқланган ва қисқа тарихий матнлар ва саналар қаторида битик муаллифлари қабртош ёзувини ўзлари тузганликлари, қисқа ва тўла насабномалар билан тўлдирганликлари ўз исботини топган;        
барлос уруғи насл-насаб занжирига айрим тўлдиришлар ва ўзгартиришлар киритилган, бу уруғ ва Амир Темур ҳамда унинг тўғридан тўғри авлодлари ўртасидаги қон-қариндошлик муносабатлари далиллар билан тўлдирилган, Амир Темур ва Темурийлар шажарасига оид айрим маълумотлар берилган, барлос уруғи ва Темурийлар вакилларининг Шаҳрисабз шаҳри ҳамда унинг теварак-атрофидаги ҳудудларда, шунингдек Самарқанд шаҳридаги ёдгорлик-меъморий мажмуаларида мавжуд қабрлари, дафн этилган жойлари аниқланган;      
Шайбонийлар сулоласи шоҳлар хонадонига мансуб шахслар Самарқанд, Бухоро ва Яссидаги оилавий даҳмаларда сўнгги қўнимгоҳларини топганлигига қарамай, бу хонадоннинг таъсирга эга вакили  Бурундуқ Султон (ваф.1545), ишқия шайхлари муриди - Катта Лангар шайхлари мақбараси ёнида дафн этилганлиги ўз исботини топган;    
қабртошлардаги битиклар асосида Олтин Ўрда хонининг Тўқай-Темурийлар (Аштархонийлар, Жонийлар) сулоласига мансуб Ман Қишлоқ б. Жувохнинг XVI  асрнинг биринчи чорагида Миёнколга кўчиб келиши мазкур янги сулола биринчи вакилининг Мовароуннаҳрда, илгари кўрсатилган даврга нисбатан бир неча ўн йиллар аввал пайдо бўлганлиги ва Аштархонийлар хонадони насл-насаб тарихи ва хонадон тарихини тўлдиришга хизмат қилувчи ҳамда аштархоний Нодир Муҳаммаднинг икки фарзанди: Сафия бону ва Баҳром султонларга тегишли бўлган стелалар аниқланган;   
Дор ат-тиловат мажмуасидаги Қутлуқ Муҳаммад ибн Хожам Берди бий қабртоши ҳамда Манғитлар сулоласи даври манбалари асосида Манғитларнинг Шарқий Қашқадарёга кўчиб ўтиши ва ўзининг сўнгги манзили, яъни дафн ери сифатида Шаҳрисабздаги собиқ барлослар қабристонини танлаши, шунингдек ўзларининг муршиди бўлган Мирим шайх Эски Лангардаги қабри атрофида дафн этилганлиги аниқланган;  
Термиз саййиди Жаъфар б. Иброҳим Мусонинг XVI-XVIII асрларда яшаган авлодлари - мусавия, мираконий саййидларининг Шоҳи Зинда, Ёздаҳ Имом ва Дор ат-тиловат мажмуаларида дафн этилганликлари, шунингдек Касбийда яшаган ва Султон Мир Ҳайдар мажмуасида дафн этилган султон содот Амир Шамсиддин Ҳайдар (ваф.1364) ва касбагий (касбавий), насафий (нахшабий) нисбали Касбий ҳамда Насаф саййидлари ота-бобоси ва аждоди Амир Ҳайдар Касбавий (ваф. 1271) эканлиги исботланган;
Шоҳи Зинда мажмуасининг алоҳида оилавий хилхоналарида дафн этилган ҳамда Самарқандда яшаб ўтган хожалар хонадонига мансуб Хожа Ибодуллоҳ, Хожа Муин, Хожа Омон ибн Хожа Замон (ваф. 1671/1672), Хожа Солиҳ, Хожа Абдуллоҳ авлодлари орасида, асосан уларнинг қизларига бағишланган ва қисқача насабномалари битилган қабртошлар, шунингдек Қашқадарё вилоятининг машҳур қишлоқлари (Эски Лангар, Хожа Имконагий, Хожа Асфароз, Катта Лангар ва бошқ.)да яшаган хожалар ва уларнинг бир-бирлари билан қон-қариндошлик муносабатлари асосланган; 
Нақшбандия, ишқия, ясавия-азизон тариқатлари шайхлари ва намояндалари генеалогияси ҳақида асосланган фактлар, улар учун ўрнатилган  қабртош битикларидаги маълумотлар орқали исботланган ва исҳоқийлар, нақшбандия-мужаддидия, ишқия, ясавия-азизон тариқатлари шайхлари насабномалари асосланган.    
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. XV-XX асрлар Марказий Мовароуннаҳр қабртош эпиграфикаси ва тарихий шахслар генеалогиясини ўрганиш натижасида ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:  
Қабртош битиклардаги тарихий далиллар Шаҳрисабз шаҳридаги Амир Темур номли моддий маданият тарихи музейидаги музей ашёлари ва экспонатларини илмий тавсифлаш ҳамда аниқлашда, шунингдек Амир Темур, Темурийлар, барлослар, Шайбонийлар, Аштархонийлар ва Манғитлар тарихи, генеалогиясини янги маълумотлар асосида ёритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2019 йил 11 июлдаги 01-12-10-2794-сон маълумотномаси). Натижалар Темурийлар, барлослар, Шайбонийлар, Аштархонийлар ва Манғитлар тарихи ва генеалогияси масалаларини ёритишга  ҳамда XV-XX асрлар тарихий шахслари насл-насаб занжирини   тиклашга асос бўлган;  
Шаҳрисабз Оқсаройидаги битиклар асосида  ислимий ва геометрик нақшу-нигорлар ҳамда бино деворидаги арабий ёзувлар билан мутаносиб кошинбурриш нақшу-нигорлар ҳамда безакли кошинбурриш материалларнинг сарой ички ҳовлиси саҳнида ишлатилиши хусусидаги фикр-мулоҳазалар эътиборга олиниб, бунинг натижаларидан Оқсарой мозаик полини консервация ва реставрацияси бўйича ҳамкорликдаги ўзбек-француз лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2019 йил 11 июлдаги 01-12-10-2794-сон маълумотномаси). Натижалар Оқсарой эпиграфикасига чамбарчас боғлиқ ислимий ва нақшли мозаик ва майолик кошинларнинг битиклар билан уйғунлашган ҳолда ўрганишга хизмат қилган;  
манбашунослик ҳамда тарихнинг ёрдамчи тармоқларига нисбатан ишлаб чиқилган илмий-назарий методлар тарих факультетларининг “Тарих”(жаҳон мамлакатлари бўйича), “Архившунослик” бакалавриат йўналишидаги талабалари учун “Манбашунослик”, эпиграфик ёдгорликлар ва Темурийлар даври манбалари тадқиқи билан боғлиқ амалга оширилган ишлардан Ўзбекистоннинг давлат муассасалари тарихи  дарслигини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2017 йил 28 июндаги 434-сон буйруғи). Тадқиқот натижаларининг жорий этилиши Амир Темур ва Темурийлар тарихини янги далиллар билан тўлдиришга, Темурийлар хонадонига мансуб ҳукмдорларнинг насл-насаби, мансаби, лавозими, мартабаларини аниқлашга хизмат   қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish