Sayt test rejimida ishlamoqda

Узакова Гўзал Шариповнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Аҳоли пунктларида табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий тартиби», 12.00.06. – Табиий ресурслар ҳуқуқи. Аграр ҳуқуқ. Экологик ҳуқуқ (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.3.DSc/Yu69.
Илмий маслаҳатчи: Усмонов Муҳаммади Бахритдинович, юридик фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.01.
Расмий оппонентлар: Холмўминов Жуманазар Тоштемирович, юридик фанлар доктори, профессор; Сафаров Джахонгир Исмаилович, юридик фанлар доктори, доцент; Нурматов Мирғолиб Мирзаевич, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади аҳоли пунктларида табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда уни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
деҳқон хўжалиги фойдаланишида бўлган ер участкаси ёки унинг бир қисмини бошқа юридик ёки жисмоний шахсга вақтинча фойдаланишга беришнинг қонуний тартибини белгилаш зарурати мавжудлиги илмий-ҳуқуқий жиҳатдан асослантирилган;
рекреация зоналарини ташкил этишда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси иштирок этиши зарурлиги асослаб берилган;
Ўзбекистон Республикасининг ёш фуқароларига Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашининг биргаликда берилган тавсиясига кўра деҳқон хўжалиги юритиш мақсадида ер участкалари бериш тартибининг қонунчиликда белгиланиши аҳоли пунктларида томорқа ерларидан фойдаланиш самарадорлигининг ошишига хизмат қилиши асослантирилган;
маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг бош режа лойиҳалари ишлаб чиқилиши билан бир вақтда қишлоқ (овул) аҳоли пунктларини батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ёндош маҳаллаларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемасини ҳам ишлаб чиқиш зарурати ер-ҳуқуқий ва шаҳарсозлик-ҳуқуқий жиҳатдан асослаб берилган; 
тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини аукцион орқали доимий фойдаланишга беришда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари томонидан экологик экспертизадан ўтказиладиган объектларни қуришга ер участкасини танлаш материаллари бўйича хулоса бериш учун тўлов ундирилмаслигининг қонунчиликда белгиланиши “яшил иқтисодиёт”нинг ривожланишига хизмат қилиши асослантирилган;
ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органларининг ваколатли орган сифатида қонунчиликда белгиланиши аҳоли пункти ерларидан фойдаланишда ер ва шаҳарсозлик қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар билан бир қаторда экологик-ҳуқуқий талабларга ҳам риоя қилиниши зарурлиги асослаб берилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Аҳоли пунктларида табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий тартиби бўйича олинган илмий натижалари асосида:
деҳқон хўжаликлари ўзига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган ер участкаларини ёки ушбу ер участкаларининг бир қисмини қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш мақсадида юридик ва жисмоний шахсларга вақтинча фойдаланишга тарафларнинг келишуви асосида бериши ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 29 сентябрдаги “Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-639-сон қонунининг 4-моддасини ишлаб чиқишда фойдаланилган. Ушбу таклиф Ўзбекистон Республикаси “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги 604-I-сонли Қонунининг 9-моддасини еттинчи қисмида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикaси Олий Мaжлиси Қонунчилик пaлaтaсининг 2021 йил 11 январдаги 04/4-05-3-сон мaълумотномaси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши фуқароларнинг ердан ноқонуний фойдаланишининг олдини олишга ва томорқа ерларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
рекреация зоналари Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг биргаликдаги тақдимномасига биноан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари билан ташкил этилиши ҳақидаги таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрда қабул қилинган “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги 710-II-сонли Қонунининг 38-моддасини иккинчи қисм билан тўлдиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикaси Олий Мaжлиси Қонунчилик пaлaтaсининг 2021 йил 11 январдаги 04/4-05-3-сон мaълумотномaси). Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг рекреация зоналарини ташкил этишда иштирок этиши мамлакатимизда ички туризмни ривожлантиришга хизмат қилган;
Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашининг биргаликда берилган тавсиясига эга бўлган ёш фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга ер участкаси берилиши тўғрисидаги таклифидан Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 21 декабрдаги ЎРҚ-506-сон “Қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш механизми такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг 2-моддаси ҳамда 4-моддасида фойдаланилган. Ушбу таклиф Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелдаги Ер кодекси 55-моддасининг биринчи қисми ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги 604-I-сонли Қонунининг 8-моддасида ўз ифодасини топган (Ўзбекистон Республикaси Олий Мaжлисининг Қонунчилик пaлaтaсининг 2019 йил 12 февралдаги 04/4-05-20-сон мaълумотномaси). Ёш фуқароларга деҳқон хўжалиги юритиш мақсадида ер участкаларининг берилиши ёшларнинг иш билан таъминланиши ва мулкий ҳуқуқларининг кафолатланишига хизмат қилган;
маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг бош режа лойиҳалари ишлаб чиқилиши билан бир вақтда қишлоқ (овул) аҳоли пунктларининг батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ёндош маҳаллаларни шаҳарсозлик жиҳатидан ривожлантириш схемасини ҳам ишлаб чиқишга доир таклифдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 31 июлдаги 639-сон қарорининг 2-банди тўртинчи хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2021 йил 6 январдаги 12/21-01-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалда татбиқ этилиши қишлоқлар ижтимоий инфратузилмасини ривожлантиришга асос бўлган;
тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини аукцион орқали доимий фойдаланишга беришда ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари томонидан экологик экспертизадан ўтказиладиган объектларни қуришга ер участкасини танлаш материаллари бўйича хулоса бериш учун тўлов ундирилмаслигини белгилашга оид таклифлардан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 декабрдаги 1023-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4 ва 9-бандларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2021 йил 6 январдаги 12/21-01-сон маълумотномаси). Бундай тўловнинг ундирилмаслиги қурилиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорларга муайян имтиёзлар белгилашга асос бўлади ва ушбу соҳада “яшил қурилиш”ни ривожлантиришга хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органларига ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари мақомини бериш ҳақидаги таклифидан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 июлдаги 467-сон “Аҳоли пунктларини қуришда шаҳарсозлик ва ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига қатъий риоя этилишини таъминлашга, шунингдек тадбиркорлик мақсадлари учун ер ажратиш тартибини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармасининг 2021 йил 6 январдаги 12/21-01-сон маълумотномаси). Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига бундай ваколатнинг берилиши ўзбошимчалик билан ер участкаларини эгаллаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш самарадорлигининг ошишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish