Sayt test rejimida ishlamoqda

Ганиева Орзигул Хайридиновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Жон Стейнбек ҳамда Одил Ёқубов асарларида инсон ва жамият муносабатларининг тасвирланиши», 10.00.04 – Европа, Америка ва Австралия халқлари тили ва адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1.PhD/Fil1135.
Илмий раҳбар: Бакаева Муҳаббат Каюмовна, филология фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, DSc.03/04.06.2021.Fil.72.03.
Расмий оппонентлар: Ахмедов Ойбек Сапарбаевич, филология фанлари доктори, профессор; Ражабов Дилшод Зарипович, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат чет тиллар институти.    
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Жон Стейнбек ҳамда Одил Ёқубовнинг роман ва қиссалари асосида XX аср Америка ва ўзбек реалистик насрида инсон ва жамият муносабатлари ёритилишининг поэтик тамойиллари, ижтимоий-психологик омиллари, бадиий-услубий талқин хусусиятлари, ёзувчиларнинг маҳорати, қаҳрамонлар тасвири билан боғлиқ муштарак ва ўзига хос жиҳатларни очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
ҳар иккала муаллиф ижоди бадиий концепциясининг муштарак жиҳати бахт, бойлик, келажакка умид, муҳаббат, дўстлик, садоқат, диёнат, сабр, матонат, адолат, ирода, ҳалоллик, поклик каби ижобий мотивлар, ҳасад, коррупция, қайғу, сотқинлик, хиёнат, лоқайдлик каби салбий мавзуларнинг қиёсланган асарлар марказий чизиғини ташкил этишида намоён бўлиши исботланган;  
шаклий-услубий йўналиш нуқтаи назаридан Жон Стейнбек ижодида оддий халқ тақдирига бефарқ бўлмаслик, “табиий инсон” (“natural person”) концептини қаҳрамонларда мужассам этиш тамойилининг етакчилигида намоён бўладиган натурализм анъаналарининг, Одил Ёқубов ижодида лирик-романтик ва изчил реалистик услубнинг кесишувида воқеланган  кўповозли (полифоник) тасвир элементларининг устуворлиги далилланган; 
Жон Стейнбек ижодий даврининг юксалиш, кульминация ва пасайиш боcқичлари реал замон ва макон универсуми (борлиғи) да ижтимоий-сиёсий ҳолат,  ёзувчи шахсий дунёқарашидаги фитрий ва моҳиятан ўзгаришлар каби омиллар таъсирида асарларда тасвирланган қўрқув, очлик, зўравонлик, табиат офатлари, иқтисодий инқироз,  унинг оқибатларини ифодалаш орқали шартланиши асосланган; 
Жон Стейнбек ва Одил Ёқубов асарларида инсон ва жамият муносабатлариаро зиддият ички руҳий конфликт (қаҳрамон қалбидаги курашлар, ҳиссиётлар тўқнашуви), ижтимоий конфликт (турли гуруҳлар ўртасидаги зиддиятлар), оилавий конфликт (оила аъзолари ўртасидаги можаролар), шахсий-интим конфликт (шахс ва бошқалар манфаати ўртасидаги кураш) категорияларида намоён бўлиши аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Жон Стейнбек ҳамда Одил Ёқубов асарлари поэтик хусусиятлари, инсон ва жамият муносабатлари тасвирланишида муаллифлар маҳоратини аниқлаш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
Жон Стейнбек ҳамда Одил Ёқубов асарларининг бадиий хусусиятлари асар воқеаларининг ижтимоий-ҳаётий, психологик асослари, инсон тақдирида жамиятнинг ўрни ва роли тасвирига хос муштарак ҳамда фарқли жиҳатлар, асарларда инсон ва жамият муносабати талқини ва тасвирига алоқадор поэтика масалаларига доир хулосалардан Ф1-ХТ-0-19919А-1-118 рақамли “Ўзбек мифологияси ва унинг бадиий тафаккур тараққиётида тутган ўрни” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Навоий давлат педагогика институтининг 2021 йил 25 августдаги 88872680/04-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа доирасида қиёсланган асарларда инсон ва жамият муносабатлариаро зиддият турли конфликт категорияларида намоён бўлиши ҳамда уларнинг фалсафий-мифологик хусусиятларига доир поэтик масалалари такомиллаштирилган;
ХХ аср Америка ҳамда ўзбек адабиётида тасвирланган жамиятнинг ижтимоий-ахлоқий муаммолари, анъаналари ва уларнинг ривожланиши, Жон Стейнбек ҳамда Одил Ёқубов асарларида инсон, унинг руҳий кечинмалари, ички дунёсининг асосий омиллари ва қаҳрамонларнинг характери шаклланишида жамиятнинг ролини тасвирлаш билан боғлиқ хулосалардан SUZ800-14-GR064 рақамли “Инглиз ва Америка адабиётидан ўзбек тилига шеърий таржима ва қиёсий шеършунослик муаммолари” (“The problems of poetic translation from American and English literature into Uzbek and comparative versification”) мавзусидаги грант лойиҳасида фойдаланилган (Бухоро давлат университетининг 2021 йил 25 майдаги 05-01-0057-сон маълумотномаси). Натижада ғоя ва объектив мазмуннинг қаҳрамон характерида мужассамланишига, қиёсий таҳлил ва услубий таржима методлари ёрдамида инглиз, америка миллий шеъриятларигагина хос бўлган поэтик турларнинг ўзбек тилида қайта яратилиши йўллари асосланишига эришилган;      
Жон Стейнбек ҳамда Одил Ёқубов қисса ва романларида инсон, унинг жамиятга муносабати, ижтимоий иллатларнинг инсон тақдирига салбий таъсири, икки миллат ижодкорларининг инсон характери шаклланишида жамият таъсирини ифодалашидаги муштараклик бўйича илгари сурилган ғояларнинг асосланишига доир хулосалардан Лал Бахадур Шастри номидаги ҳинд маданият марказида “Typological similarities of the works “The Pearl” and “Mukaddas” (“Sacred”)” мавзуида қилинган маърузада фойдаланилган (Ҳиндистон элчихонаси Лал Бахадур Шастри номидаги ҳинд маданият марказининг 2020 йил 2 мартдаги 38/314-сон маълумотномаси). Натижада марказ мутахассисларининг инглиз ва ўзбек тилларида яратилган асарлар бадиий хусусиятлари ҳақидаги билимлар базасини янада кенгайтиришга асос бўлиб хизмат қилган;
Жон Стейнбек ҳамда Одил Ёқубовнинг асарларида инсон ва жамият орасидаги зиддиятлар, қаҳрамонларнинг жамиятга сингишдаги муаммолари, оқибатда вужудга келадиган ёлғизлик, қалб кемтиклиги, инсонийликнинг емирилиши, худбинликнинг авж олиши каби масалаларнинг ифода этилиши билан боғлиқ хулосалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Бухоро вилоят телерадиокомпаниясининг “Ассалом, Бухоро”, “Саккизинчи мўъжиза” каби туркум кўрсатувлари сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Бухоро вилоят телерадиокомпаниясининг 2020 йил 7 сентябрдаги 1/219-сон маълумотномаси). Натижада телетомошабинларнинг китобхонликка қизиқишини оширишга, уларнинг ҳозирги кунда инсон ва жамият муносабатларидаги мунозарали жараённинг америка ва ўзбек адабиётидаги бадиий талқинига хос хусусиятлар ҳақидаги илмий тасаввур-тушунчаларини бойитишга эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish