Sayt test rejimida ishlamoqda

Гулямов Абдурасул Ғафуровичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Яримўтказгичли структураларнинг динамик характеристикаларига деформация ва кучли электромагнит майдоннинг таъсири», 01.04.10–Яримўтказгичлар физикаси (физика-математика фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.DSc/FM36.

Илмий маслаҳатчи: Аюханов Рашид Ахметович, физика-математика фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Физика-техника институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Физика-техника институти, Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, Самарқанд давлат университети, DSc.27.06.2017.FM/T.34.01.

Расмий оппонентлар: Мамадалимов Абдугафур Тишабаевич, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик; Имомов Эркин Зуннунович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Расулов Рустам Явкачович, физика-математика фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Андижон давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: яримўтказгич ва яримўтказгичли структураларда кечадиган физик жараёнларга кучли электромагнит майдон, ёруғлик ва деформация таъсирини аниқлашдан иборат.

III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

фундаментал ютилиш чегарасида  деформация таъсирида тақиқланган соҳа кенглигини ўзгариши ҳисобига ютилиш коэффициентининг кескин ортиши натижасида  p-n-ўтиш тензосезгирлигининг аномал катта қийматларга эришиши аниқланган;

p-n-ўтишнинг вольтампер характеристикасининг ёруғлик, деформация ва кучли ўта юқори частотали электромагнит майдони таъсирида ўзгариши электрон ва ковакларнинг Ферми квазисатҳларининг фарқи билан тушунтирилиши назарий асосланган;

ёруғлик ва деформация таъсирида фотоэлектрон ва фотоковаклар генерацияланиши натижасида диодларда манфий электр юритувчи куч ҳосил бўлиши, ўта юқори частотали тўлқин таъсирида эса электрон ва коваклар қизиши натижасида мусбат ишорали электр юритувчи куч пайдо бўлиши аниқланган;

ўзгарувчан деформация частотасининг заряд ташувчилар яшаш вақтига кўпайтмаси бирдан катта бўлганда фазалар портретининг шакли горизонтал кесмага айланиши,   бирдан кичик бўлганда фазалар портретининг шакли вертикал кесма тусини олиши ва  бирга тенг бўлганда эса фазалар портретининг шакли энг катта юза ҳосил қилиши аниқланган;

ўзгарувчан деформация таъсирида рекомбинация марказларининг ортиши фазалар траекториясининг спиралсимон равишда кичик қийматлар томон ўралиб бориши, рекомбинацион марказларнинг камайиши эса фазалар траекториясини спиралсимон равишда катта қийматлар томон очилиб бориши аниқланган;

MnIn5S8.5, FeIn2S4 ва CuIn5S8 монокристалларида электронларнинг панжара тебраниши билан бирга рухсат этилган соҳалардаги энергетик сатхларнинг термик кенгайиши тақиқланган соҳа кенглигини тўлиқ ўзгаришига олиб келиши аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Яримўтказгичли структураларнинг динамик характеристикаларига деформация ва кучли электромагнит майдоннинг таъсирини аниқлаш бўйича олинган натижалар асосида:

кучли электромагнит майдони, ёруғлик ва деформация таъсирида яримўтказгич ва яримўтказгичли структураларда кечаётган физик жараёнларга назарий ёндашишлари «Transporte Mono- y Bipolar en Estructuras Semiconductoras» мавзудаги хорижий  грант лойиҳасида яримўтказгичли структураларнинг деформация ва электромагнит таъсиридаги динамик характеристикаларини тушунтиришда қўлланилган (Мексика Миллий политехника институтининг 2017 йил 15 февралдаги 615-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш ташқи таъсир натижасида энергетик сатхларда содир бўладиган жараёнларни тушунтириш имконини берган;

ёруғлик, ўта юқори частотали майдон ва деформация таъсирида юзага келувчи ток ва электрюритувчи кучларнинг янги механизмлари бўйича олинган натижалар 14-02-00033 рақамли «Светоиндуцированные эффекты в асимметричных наноструктурах» мавзусидаги хорижий грант лойиҳасида p-n-ўтишнинг вольтампер характеристикасининг ўзгариш механизмини аниқлашда фойдаланилган (Россия Фанлар академияси Сибир бўлинмаси Яримўтказгичлар физикаси институтининг 2017 йил 29 августдаги 15307-46-2433-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш яримўтказгичли наноструктураларнинг ва квант нуқталарининг оптик хоссаларига кучли электромагнит майдон таъсирини аниқлаш имконини берган;

хусусий ютилиш чегарасида деформация эффектларининг янгича талқини, яримўтказгичли фотоэлементларда генерацияланаётган фототоклар ва фотоэлектр юритувчи кучларни деформация ва ўта юқори частотали майдон таъсиридаги назарий ҳисоблари
ОТ-2Ф-076 рақамли «Юқори самарали фотоқайд қилгичлар яратиш мақсадида квант нуқтали наноўлчамли гетероструктуралардаги экситонлар, поляронлар ва кўчиш ходисаларини ўрганиш» мавзусидаги грант лойиҳасида (2007-2011) қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 28 августдаги ФТА-02-11/560-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш яримўтказгичли структураларда ёруғликнинг ютилиш коэффициентини бошқариш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish