Хасанов Шавкат Турсункуловичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш», 08.00.04–Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/Iqt16.
Илмий маслаҳатчи: Муртазаев Олим, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд қишлоқ хўжалик институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.I.10.03.
Расмий оппонентлар: Чориев Қурбон Амирович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Эргашев Раҳматулла Хидирович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Маматқулов Абдурашид Вахидович, иқтисодиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнингмақсади: қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигининг назарий ва услубий асосларини такомиллаштириш, уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган илмий таклиф ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
фермер хўжаликларида ер-сувдан фойдаланиш муносабатларини тартибга солувчи қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали улардан фойдаланишнинг иқтисодий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган;
қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жалб қилинган чекланган ресурслардан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлигини тавсифловчи кўрсаткичлар тизими ва уларни ҳисоблаш усуллари такомиллаштирилган;
қишлоқ ҳудудларини комплекс ривожлантиришга қаратилган ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида “агрокластер”ларни ташкил этиш механизми ва уларнинг истиқболлари бўйича назарий-илмий тавсиялар ишлаб чиқилган;
қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш самарадорлигини “суперсамарадорлик” ҳамда сувдан самарали фойдаланиш имкониятларини “суб-вектор” усулларини қўллаш орқали оширишга доир услубий тавсиялар ишлаб чиқилган;
унумдорлиги паст ер майдонларини озиқ-овқат йўналишидаги экинларни жойлаштириш ҳисобига қишлоқ хўжалиги экинлари таркибини оптималлаштиришнинг 2020 йилгача бўлган прогнози ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича олинган илмий таклиф ва амалий тавсиялар асосида:
ер-сувдан фойдаланишнинг асосий хусусият ва йўналишларини ҳисобга олган ҳолда, унинг иқтисодий самарадорлигини тавсифловчи кўрсаткичларни ҳисоблашнинг такомиллаштирилган услублари бўйича таклифи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан (08.08.2014 й. 194-сон буйруғи асосида) амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2016 йил 20 июндаги 01/09-202-сон маълумотномаси). Мазкур таклиф этилган кўрсаткичлар орқали қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан ҳамда сувдан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш имконияти яратилган;
фермерлар томонидан ишлаб чиқаришга сарфланадиган ресурслар миқдорини камайтириш йўлларини топиш ва уни алмаштириш масаласини ҳал этишда DЕА моделининг сарфланаётган ресурсларни камайтиришга қаратилган, илғор фермер хўжаликларида ер ресурсларидан янада самарали фойдаланишни баҳолашда «суперсамарадорлик» ҳамда сувдан фойдаланиш самарадорлигини акс эттирувчи «суб-вектор» усулидан фойдаланиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2014 йил 1 декабрдаги 05/09-813-сон маълумотномаси). Бу усулдан фойдаланиш Зарафшон водийсида пахта ва ғалла етиштириш учун гектарига сарфланган сув сарфини тежаш ҳисобига маҳсулот таннархини пасайтириш, хусусан, Бухоро вилоятида ғаллачиликда гектаридан 16,5 минг сўм ёки жами 1456,7 млн. сўм ва пахтачиликда мос равишда 11,3 минг сўм ёки 1382,8 млн. сўм сув сарфи учун тўланадиган харажатларни тежаш имконини берган;
қишлоқ ҳудудларини комплекс ривожлантириш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида янги хўжалик юритиш шакли агрокластерларни ташкил этиш бўйича тавсиялар Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалик корхоналарида намунавий лойиҳа сифатида татбиқ этилиши бўйича қарор қабул қилинган. (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2014 йил 1 декабрдаги 05/09-813-сон маълумотномаси). Таклифлардан фойдаланиш ҳудудларнинг табиий-жойлашуви бўйича ўзига хос ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини берган;
пахта ва ғалла маҳсулотларини етиштиришга ихтисослашган кам даромадли хўжаликларда бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш орқали экин майдонлари таркибини сердаромадли соҳага айлантиришга йўналтирилган 2016–2020 йилларга мўлжалланган прогноз Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2015 йил 31 декабрдаги 281-сонли буйруғига асосан Самарқанд вилоятида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2016 йил 20 июндаги 01/09-202-сон маълумотномаси). Натижада паст ҳосилли экин майдонлари ҳажми 8-10 фоизга қисқартирилиб, уларнинг мева-сабзавотга ихтисослашган ишлаб чиқариш ташкил этилиши туфайли маҳсулот ҳажми 30–32 фоизга ортганлиги кузатилган.