Sayt test rejimida ishlamoqda

Мамашукуров Абдунаби Урақовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Фарғона водийси баъзи оммавий қушларининг экологияси, этологияси ва биозарарланишлардаги ўрни», 03.00.06 – Зоология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/B511.
Илмий раҳбар: Жабборов Абдурашид Райимович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, PhD.03/30.12.2019.B.02.08.
Расмий оппонентлар: Боймуродов Хусниддин Тошболтаевич, биология фанлари доктори, профессор; Аметов Якуб Идрисович, биология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Фарғона водийси айрим оммавий қушларининг экологияси, этологияси ва биозарарланишлардаги ўрнини аниқлаш ҳамда улар келтириб чиқарадиган зарарланишларнинг олдини олиш чораларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Фарғона водийси шароитида оқ лайлакларнинг этологиясида уя импринтинги ҳодисаси аниқланган;
кўк куркунак ин камераси ва ташқи муҳит ҳарорати қиёсий таҳлил қилиниб, ин камераси ҳароратининг кун давомида оптимал 20,7-21,8°C да сақланиши аниқланган;
Фарғона водийси шароитида оқ лайлак, кўк куркунак, майна, ҳинд ва дала чумчуқлари келтириб чиқарадиган биозарарланишларнинг муддатлари, даражаси аниқланган ва унинг олдини олиш ҳамда камайтириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган; 
кўк куркунаклардан олинган офат сигналлари спектрограммасининг спектрал-вақтли структураси таҳлил қилиниб, шу асосида офат сигналларининг имитони яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Фарғона водийси баъзи оммавий қушларининг экологияси, этологияси ва биозарарланишлардаги ўрни бўйича олинган натижалар асосида: 
Фарғона водийси фаунасига тегишли бўлган 3 та оила, 4 уруғ, 5 турга мансуб қушларнинг 12 та илмий коллекцион тушка намуналари Зоология институти “Зоология коллекцияси ноёб объекти”га киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 29 октябрдаги 4/1255-2854-сон маълумотномаси). Натижада, коллекциядаги қушлар фондини бойитган ва уларнинг турлар хилма-хиллигини аниқлаш ва систематик таҳлил қилиш имконини берган;
кўк куркунакларнинг акустик системаларида аниқланган офат сигналларидан кўк куркунакларни чўчитиб ҳайдашда фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар Андижон вилояти асаларичилик хўжаликлари амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2021 йил 7 январдаги 02/16-25-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу офат сигналлари асаларичилик хўжаликларида кўк куркунакларнинг зарарини камайтириб, юқори маҳсулдорликка эришиш имконини берган;
балиқчилик кўлларидан оқ лайлакларни чўчитиб ҳайдашда оптик репеллент воситаларидан фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган тавсиялар «Андижон балиқчилик хўжалиги» амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2021 йил 7 январдаги 02/16-25-сон маълумотномаси). Натижада, оптик репеллент воситалар балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларидан оқ лайлакларни самарали чўчитиб ҳайдаш ва уларнинг зарарини камайтириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish