Sayt test rejimida ishlamoqda

Мусаев Шамшодбек Шухратовичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болалар пастки жағини синишида жағлар иммобилизация усулларини солиштирма баҳолаш», 14.00.21 - Стоматология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.PhD/Tib774.
Илмий раҳбар: Шомуродов Қаҳрамон Эркинович, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент Давлат стоматология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат стоматология институти DSc04/30.12.2019.Тib.59.01.
Расмий оппонентлар: Фоменко Ирина Валерьевна тиббиёт фанлари доктори, профессор (Россия Федерацияси); Боймурадов Шухрат Абдужалилович тиббиёт фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Кубань давлат тиббиёт университети (Россия Федерацияси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Болалар пастки жағини синишларида синиқ бўлаклари иммобилизацияси турли хил усулларининг самарадорлигини қиёсий баҳолаш ва пародонт тўқималарининг анатомо-функционал хусусиятларини сақлашга имкон берадиган конструкцияни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор тишларга маҳкамланадиган шиналарни нурда қотувчи композит пломба ашёлари ёрдамида фиксация қилишнинг атравматик усули ишлаб чиқилган;
турли хил иммобилизация усулларини пародонт тўқималарининг микроциркуляцияси ва стоматологик индексларга таъсири қиёсий баҳоланиб, улар орасидаги боғлиқлик аниқланган;
болалар пастки жағининг синишларида суяк метаболизми маркерлари ва кальций алмашинувини бошқарувчи гормонлар концентрациясининг ўзгаришлари иммобилизация усулларига ва пародонт тўқималаридаги яллиғланиш жараёнларининг оғирлик даражасига узвий боғлиқлиги исботланган;
болалар пастки жағининг синишларини даволашда таклиф қилинган иммобилизация усулларининг самарадорлиги пародонт тўқималаридаги яллиғланиш жараёнларининг камайиши ва синиш соҳасидаги ультратовушли острометрия кўрсаткичлари асосида суяк зичлигининг ортиши ҳисобидан асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Таклиф этилган иммобилизация усуллари ёрдамида пастки жағ синишларини даволаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
болалар учун ишлаб чиқарилган LISTERINE® «Детский» оғиз чайиш воситасини D витамини билан биргаликда қўллашга йўналтирилган илмий тадқиқот натижалари асосида асосида ишлаб чиқилган «Болалар жағларининг жароҳатларида витаминлар мажмуаси билан биргаликда антисептикларни қўллаш орқали пародонт яллиғланиш касалликларининг олдини олиш» номли услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 26 июлдаги 8н-р/648-сон маълумотномаси). Ушбу услубий тавсиянома болалар пастки жағининг синишларида қўлланиладиган анъанавий иммобилизация усулининг даволаш самарадорлигини ошириш имконини берган;
болалар пастки жағининг синишларида иммобилизацияни амалга ошириш мақсадида мини винтлардан фойдаланишга қаратилган илмий тадқиқот натижалари асосида асосида ишлаб чиқилган «Болалар пастки жағининг синишларида синиқ бўлакларини иммобилизация қилиш мақсадида суяк ичи имплантларидан фойдаланиш» номли услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 26 июлдаги 8н-р/647-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсияномада пастки жағ синишларини даволашда пародонт тўқималарининг бутунлигини сақлаб қолиш ва пародонтал комплекс тўқималарига етказиладиган жароҳатни минималлаштириш орқали улардаги яллиғланиш жараёнларининг олдини олиш имкониятлари баён қилинган. Бундан ташқари, иммобилизацияловчи конструкциялар юзасининг кичиклиги тиш карашлари ва чўкмаларининг тўпланишига ҳамда микроорганизмларнинг кўпайишига йўл қўймаслиги оқибатида оғиз бўшлиғи гигиенаси бузилишининг олдини олиш имконини берган;
олинган илмий натижалар ва ишлаб чиқилган усуллар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Бухоро вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Тошкент шаҳар 7-сон клиник касалхонаси амалий фаолиятига тадбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 6 августдаги 8н-з/264-сон маълумотномаси). Олинган натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши даволашдан кейинги қисқа ва узоқ муддатларда асоратлар сонини ҳамда пародонтит ва тиш кариеси каби иккиламчи патологиялар юзага келиш хавфини камайишига, шунингдек, болаларда пастки жағ синишларини даволаш сифатининг яхшиланиши имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish