Sayt test rejimida ishlamoqda

Ахатов Жасуржон Саидовичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ичимлик суви таъминоти тизимларида шўрланган сувларни қуёш энергияли иссиқлик ва фотоэлектрик ўзгартиргичлар ёрдамида чучуклаштириш”, 05.05.06 – "Қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари".
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Т44.
Илмий маслаҳатчи: Лутпуллаев Сагдулла Лутфуллаевич, физика-математика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: ЎзР ФА "Физика-Қуёш" ИИЧБси Физика-техника институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: ЎзР ФА "Физика-Қуёш" Илмий ишлаб-чикариш бирлашмаси, DSc.02/27.02.2020.FM/T.110.01.
Расмий оппонентлар: Искандаров Зафар Самандарович, техника фанлари доктори, профессор; Кенжаев Идирисбек Гуламович, техника фанлари доктори, профессор; Рахимов Рустам Хакимович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим. 
Етакчи ташкилот: Қарши муҳандислик - иқтисодиёт институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади қуёш сув чучутиш қурилмаларида юз берувчи иссиқлик ва масса алмашинув жараёнларини моделлаштириш, уларнинг самарадорлигини ошириш усулларини ишлаб чиқиш, иссиқлик техникавий, техник - иқтисодий кўрсатгичлари ҳамда мақбул иш режимларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кўп босқичли қуёш сув чучутиш қурилмалари ишлаб-чиқариш қувватини аниқлаш учун, эксергетик таҳлилга асосланган, температурага боғлиқ равишда юз берувчи иссиқлик ва масса алмашинув жараёнларини ҳисобга олувчи, иссиқлик режимларининг математик модели ишлаб чиқилди;
қуёш сув чучутгичлари температура режимлари 40оС дан 90оС гача диапазонда ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда, уларда иссиқлик ташувчи сифатида ишлатиш мақсадида оксид материаллар (SiO2 ва Al2O3) нанозаррачалари асосидаги наносуюқликлар олинди ва уларнинг иссиқлик физикавий хоссалари (қовушқоқлик ва иссиқлик ўтказувчанлик) аниқланди; 
қуёш сув чучутиш қурилмасида иссиқлик манбаи сифатида ишлатиш учун полимер материаллар (полиамид ва поликарбонат)га асосланган ва наносуюқликли иссиқлик ташувчига эга қуёш коллекторининг янги конструкцияси ишлаб чиқилди;
кўп босқичли қуёш сув чучутиш қурилмасининг такомиллаштирилган, иссиклик самарадорлиги мавжуд аналогларга нисбатан 15%га юқори бўлган, иқтисодий рентабел янги конструкцияси ишлаб чиқилди ва қурилманинг тажриба нусхаси яратилди;
илк бор тескари осмос жараёнига асосланган, қуёш фотоэлектрик ўзгартгич ҳисобига ишловчи, автоном, мобил қуёш сув чучутиш қурилмасининг янги конструкцияси ишлаб чиқилди ва тажрибавий нусхаси яратилди; 
тескари осмос жараёнига асосланган қуёш сув чучутиш қурилмасининг эксергетик таҳлил асосида температурага боғлиқ бўлган мақбул (25оС-35оС диапазонда)  иш режимлари аниқланди, ва шу асосида қурилманинг қуёш иссиқлик ва фотоэлетрик ўзгартгичлардан фойдаланиб ишловчи конструкцияси принципиал схемаси ишлаб чиқилди;
ишлаб чиқилган қуёш сув чучутиш қурилмаларининг техник-иқтисодий (қоплаш муддати 0,2 дан 1,5 йилгача бўлган) ва экологик (атроф муҳитга СО2 оқимини йилига 13358кг гача камайтиришга олиб келувчи) кўрсатгичларини ҳисобга олган ҳолда, улардан республиканинг чекка ҳудудларида автоном ичимлик суви таъминоти тизими сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқлиги асосланди. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Кўп босқичли қуёш сув чучутиш қурилмаси иссиқлик кўрсатгичларини такомиллаштириш бўйича олинган натижалар асосида:
Бухоро давлат университетида амалга оширилган "Қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини янада такомиллаштириш, улардаги жараёнларни моделлаштириш ва тадқиқ қилиш" амалий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 09.12.2020 йилдаги №89-03-5138 сонли маълумотномаси). Натижада кўп босқичли қуёш сув чучитиш қурилмаси самарадорлигини Бухоро вилояти шароитида аниқлаш имконини берган. 
Қуёш сув чучитиш қурилмаларида иссиқлик ташувчи сифатида ишлатилувчи SiO2 и Al2O3 нанозаррачалари асосидаги наносуюқликларни олиш ва уларнинг иссиқлик физикавий хусусиятларини тадқиқ этиш бўйича олинган натижалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ион-плазма ва лазер технологиялари институтида амалга оширилган  «Наносуюқликларда фазавий ўзгаришлар ва узатиш ҳодисаси» фундаментал лойиҳани бажаришда фойдаланилган (ЎзР ФАнинг 09.12.2020йилдаги №2/1255-2763 сонли маълумотномаси). Натижада кремний қўшоксиди ва базавий суюқлик сувдан иборат наносуюқликнинг турли концентрация ва температураларда иссиқлик узатиш коэффициенти аниқланган.  
Тескари осмос жараёнига асосланган қуёш сув чучитиш қурилмаси янги конструкциясини ишлаб чиқиш ва яратиш ҳамда унинг техник кўрсатгичлари ва унумдорлигини тадқиқ этиш бўйича олинган натижалардан хорижий ишларда фойдаланилган [Desalination, 353, 57-74, 2014, IF:7,09; Sustainable Energy Technologies and Assessments, 42, 2020, Article ID 100884, IF:3,4; Renewable and Sustainable Energy Reviews, 97, 456-477, 2018, IF:12,11; Energy, 112, 164-178, 2016, IF:6,04 в.б.] бўлиб, қуёш фотоэлектрик ўзгартгичларга эга тескари осмос жараёнига асосланган қурилмалар техник-иқтисодий кўрсатгичларини оптималлаштириш ва уларнинг турли қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиб ишловчи конструкцияларини яратиш бўйича таҳлилни ўтказиш имконини берган.     
ЎзР ФА Физика-техника институти ҳамда "Solar Development Systems" МЧЖ ўртасида тузилган Лицензия Шартномасига (29.03.2020 йилдаги №1-сонли шартнома) асосан "Автоном сув чучитиш қурилмаси"ни (20.06.2014 йилдаги №FAP00891) яратиш технологияси серияли ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида "Solar Development Systems" МЧЖга берилган («Узэлтехсаноат» АКнинг 17.12.2020 йилдаги №04-1/2366 сонли маълумотномаси). Қурилмани серияли (йилига 1000та) ишлаб чиқаришни ташкил этишдан кутилаётган йиллик иқтисодий самара: йилига 30 минг м3 чучук сув ишлаб чиқариш. Битта қуёш сув чучитиш қурилмасидан фойдаланиш натижасида йилига ичимлик суви сотиб олиш учун сарфланадиган 15 млн. сум маблағ тежалади. Шунингдек қуёш энергиясидан фойдаланиш ҳисобига атроф муҳитга чиқариладиган СО2 оқими кўмир билан таққослаганда 13358 кг/йил гача, табиий газ билан таққослаганда 3787 кг/йил гача қисқаради.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish