Sayt test rejimida ishlamoqda

Ғайипов Дилшод Қадамбаевичнинг 
фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Огаҳийнинг бадиий маҳорати», 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари)
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.2.DSc/Fil22.
Илмий маслаҳатчи: Ҳаққулов Иброҳим Чориевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Урганч давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019. Fil.46.01. 
Расмий оппонентлар: Болтабоев Ҳамидулла Убайдуллаевич, филология фанлари доктори, профессор; Жабборов Нурбой Абдулҳакимович, филология фанлари доктори, профессор; Кобилова Зебохон Бакировна, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Огаҳий бадиий маҳоратини лирик жанрлар поэтикаси, шоир шеъриятининг образлар олами, бадеъ, қофия илмларининг ижодкор асарларидаги поэтик ифодасини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Огаҳий бадиий маҳоратининг адабий-эстетик омиллари туркий ҳамда форсий шеърият анъаналарининг шоир лирикасидаги бадиий синтези тарзида намоён бўлиши, шоир ижодда салафларини ҳеч бир жиҳатдан такрорламагани, балки поэтик такомилга етказгани, миллатимиз бадиий-эстетик тафаккурини юксалтириш ишига муносиб ҳисса қўша олгани ойдинлаштирилган;
шоир лирикасида бадиий санъатларнинг барча турлари ¬– маънавий, лафзий ва муштарак санъатлардан маҳорат билан фойдаланилгани, жумладан, шеъриятида ақд, иттифоқ, иқтибос, мазҳаби каломий, ташобиҳ ул-атроф, ружуъ, тавзеъ, тарсиъ, ҳусни матлаъ, тансиқ ус-сифот, издивож, саволу жавоб, нидо, такрир, мутакаррир, тажоҳули орифона, талмеҳ, ийҳом, тажнис, тамсил, таносуб, тазод, тадриж, тарду акс, ташхис, тафриқ, жамъу тафриқ, танофур, тажрид, амр ва наҳий, таъриз, иштиқоқ, шибҳи иштиқоқ, ҳусни таълил, лаффу нашр каби санъатлар устуворлик касб этиши аниқланган;
шоир  муқайяд қофиянинг равий, таъсис, ридф, қайд, дахил каби барча унсурларидан ва мутлақ қофиянинг ҳамма турларидан, зулқофиятайн, зулқавофий сингари қофия санъатларидан усталик билан истифода этгани аниқланиб, қофиядаги қусурлар ва радиф масаласи очиб берилган;
шоир лирикасида жанрлар поэтикаси муаммоси ғазал, мусаммат, қасида, мустазод, таржиъбанд, шунингдек, қитъа, рубоий, чистон, туюқ ва муаммо сингари жанрлар кесимида баҳоланган;
Огаҳий лирик меросидаги бадиий талқин бутунлай ўзига хослиги, ижодий услуб огаҳиёна экани билан алоҳида ажралиб туриши аниқ мисоллар билан исботланган;
ижодкор шеъриятида, аслида, анъанавий ҳисобланган ошиқ, маъшуқ ва рақиб, шунингдек, ирфоний мазмун касб этувчи ринд, ориф, соқий образларининг тасаввуфий, бадиий-ирфоний ва фалсафий моҳияти очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. “Огаҳийнинг бадиий маҳорати” мавзусидаги тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалардан:    шоир бадиий маҳорати туркий шеърият намояндалари, хусусан, Алишер Навоийнинг адабий анъаналари асосида такомилга етгани, Огаҳий ижодидаги  ошиқ, маъшуқа, рақиб, ориф, соқий, ринд, шамъ ва парвона каби образлар янги аспектда, тасаввуфий нуқтаи назардан ўрганилгани,  шунингдек, шоирнинг бадиий санъатларни қўллашдаги услубий ўзига хослиги хусусидаги илмий далиллардан Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида амалга оширилган ФА-Ф1-ГО39 “Алишер Навоий (2 жилдлик) ва Абдулла Қодирий қомусларини яратиш” (2012-2016) фундаментал илмий лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2021 йил 6 сентябрдаги 3/1255-2431-сон маълумотномаси). Натижада,  Огаҳий Навоийнинг адабий анъаналари давомчиси ва янгиловчиси сифатидаги  қарашлар, анъана ва ўзига хослик масалалари, ирфоний образлар поэтикаси, бадиий санъатлар  ва ижодкор маҳоратига доир янги назарий қарашлар, янги далил ва маълумотлар,  янгича илмий хулосалар билан бойитилган;
“Огаҳийнинг бадиий маҳорати” тадқиқот иши доирасида ёзилган  “Огаҳий шеъриятидаги қофия санъатлари ҳақида”,  “Огаҳий шеъриятида ориф образи” каби бир қанча мақолалардан Хоразм Маъмун академиясида бажарилаётган А-ФА-2019-9 “Қадимий ёзма ноёб қўлёзма ва манбаларни тадқиқ қилиш, уларнинг рақамлаштирилган библиотекасини яратиш” амалий лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академиясининг 2021 йил 6 сентябрдаги 3/1255-2431-сон маълумотномаси).    Натижада лойиҳа базасига киритилган қўлёзма ҳужжатлар тадқиқида бадиий маҳорат масалаларига ҳам диққат қаратиш лозимлиги, бу муҳим самара бериши ўз исботини топган;
Огаҳий форсий тилда ҳам ижод қилган маҳоратли ижодкор эканлиги, у тасаввуф шоири эмас, бироқ тасаввуфий аҳкомларни юксак санъаткорлик билан шеърга солган қалам соҳиби бўлганлиги хусусидаги илмий натижаларидан Садриддин Айний номидаги Тожикистон давлат педагогика университетида фойдаланилган (Тожикистон давлат педагогика университетининг 2021 йил 15 февралдаги 15-сон далолатномаси). Натижада диссертация материаллари ва хулосаларидан университетда ўтиладиган “Шарқ халқлари тасаввуф адабиёти”, “Шарқ мумтоз поэтикаси” фанларининг ўқув машғулотлари ҳамда  шу университет олимлари яратган ўқув-услубий қўлланмаларида фойдаланилган;  
шоир бадиий иқтидори такомилга етишида туркий ва форсий шеъриятнинг ўрни улкан аҳамият касб этганлиги, анъанавий жанр ва мавзуларни янгилаганлиги, тимсол ва рамзлар ифодасида маҳорат қозонганлиги хусусидаги илмий натижаларидан Хоразм вилояти телерадиокомпаниясининг “Адабий муҳит”, “Ассалом Хоразм”, “Мунаввар кун”, “Хабарлар” кўрсатувлари сценарийларини тузишда фойдаланилган (“Хоразм” телерадиокомпаниясининг 2021 йил 13 январдаги 65-сон маълумотномаси). Натижада Огаҳий бадиий маҳорати юксалишида адабий анъананинг таъсири, шоир ижодининг ўзига хослиги, Огаҳий қўллаган шеърий санъатлардаги маҳорат масалаларини янада кенгроқ ёритиш, шоир ижодидаги мавзу ва ғоя, унинг мумтоз образлардан фойдаланиш маҳорати, қофия ва радиф қўллашдаги санъаткорлиги оммалаштиришга эришилган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish