Sayt test rejimida ishlamoqda

Рашидов Бехзод Нурбоевичнинг 
фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Жиноят процессида хусусий айблов: назария ва амалиёт”, 12.00.09 – Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқи ва суд экспертизаси (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.DSc/Yu77.
Илмий консультант: Ражабов Бахтиёр Алмахматович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.31/30.12.2019.Yu.25.02.
Расмий оппонентлар: Муродов Бахтиёржон Баходирович, юридик фанлар доктори, профессор; Астанов Истам Рустамович, юридик фанлар доктори, профессор; Мўминов Беҳзод Абдувахобович, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат юридик университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади хусусий айблов шаклида иш юритишга оид янги назарий қоидалар комплексини ишлаб чиқиш, ушбу соҳада мавжуд бўлган процессуал муносабатлар усул ва воситаларини такомиллаштириш ва кенгайтиришга хизмат қиладиган илмий асосланган хулоса, таклиф, тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
жиноят процессида ўз манфаатларини ҳимоя қилувчи шахслар яъни, маҳкум, оқланган шахс, уларнинг ҳимоячиси ва қонуний вакилларининг, жабрланувчи ҳамда унинг вакилининг кассация инстанцияси судига янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқини жиноят-процессуал қонунчиликда мустаҳкамлаш зарурати асослантирилган;
прокурорнинг айбловдан воз кечишини суд томонидан жиноят ишини реабилитация асосларига кўра тугатилишига олиб келувчи ҳолат сифатида белгилаш лозимлиги асосланган;
шахсга унинг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирор-бир ёзма ёки оғзаки кўрсатувлар ёки тушунтиришлар олишни исбот қилишнинг умумий шартларини бузиш деб баҳолаш лозимлиги асосланган;
ҳимоя қилиш (хавфсизлик) чораларини жиноят иши қўзғатилгунига қадар аризачига, жиноят шоҳиди ёки жиноятнинг олдини олишга ёхуд уни фош этишга кўмаклашувчи шахсларга нисбатан ҳам қўллаш заруратининг юқорилиги исботланган;
судга қадар иш юритишда оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар бўйича, шунингдек айбига иқрор бўлган гумон қилинувчи ёки айбланувчилар билан ўтказиладиган тергов ҳаракатларини видеотасвирга тушириш мажбурийлигини таъминлаш зарурати асослантирилган;
ЖПКнинг 325-моддасида назарда тутилган, хусусий-оммавий айбловга тегишли бўлмаган жиноятлар бўйича, берилган шикоят аризаларининг жабрланувчи томонидан қайтариб олиниши, яъни айбловдан воз кечиш ҳолатларида ишни ЖКнинг 661-моддаси талабларига мувофиқ тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатиш шартлигини ҳуқуқий мустаҳкамлаш зарурати асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Жиноят процессида хусусий айблов институтини такомиллаштириш учун олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида:
маҳкум, оқланган шахс, уларнинг ҳимоячиси ва қонуний вакилларининг, жабрланувчи ҳамда унинг вакилининг кассация инстанцияси судига янги очилган ҳолатлар туфайли иш юритишни қўзғатиш тўғрисида илтимоснома бериш ҳуқуқини жиноят-процессуал қонунчиликда мустаҳкамлашга доир таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 
ЎРҚ-664-сон қонунининг 1-моддаси 42-банди билан киритилган Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 524-моддасини янги таҳрирда ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2021 йил 31 майдаги 06/1-05/2858-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг инобатга олиниши орқали суд босқичларида ўз манфаатларини ҳимоя қилувчи жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари қонунчиликда кенгроқ мустаҳкамланишига эришилган;
прокурорнинг айбловдан воз кечишини суд томонидан жиноят ишининг реабилитация асосларига кўра тугатилишига олиб келувчи ҳолат сифатида белгилашга доир таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-664-сон қонунининг 1-моддаси 25-банди билан киритилган Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 409-моддаси тўртинчи қисмини такомиллаштиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2021 йил 31 майдаги 06/1-05/2858-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг жорий этилиши суд муҳокамасида айбловдан воз кечилганида судланувчининг реабилитация этилишига ҳамда бу орқали унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари таъминланишига хизмат қилган;
шахсга унинг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилгунига қадар ундан бирор ёзма ёки оғзаки кўрсатув олишни исбот қилишнинг умумий шартларини бузиш деб баҳолаш лозимлигига доир таклифдан Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-675-сон қонунининг 2-моддаси ўн иккинчи банди билан киритилган Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 88-моддаси иккинчи қисми 6-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2021 йил 8 майдаги 27/2-135-21-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг инобатга олиниши судга қадар иш юритишда аризачи, ушланган шахс, гумон қилинувчи ва гувоҳларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатланишига хизмат қилган;
ҳимоя қилиш (хавфсизлик) чораларини жиноят иши қўзғатилгунига қадар аризачига, жиноят шоҳиди ёки жиноятнинг олдини олишга ёхуд уни фош этишда кўмаклашувчи шахсларга нисбатан ҳам қўллашни назарда тутувчи қоидаларни белгилашга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 14 январдаги “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ЎРҚ-515-сон қонунининг 4-моддаси иккинчи қисмини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2021 йил 8 майдаги 27/2-135-21-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг инобатга олиниши терговга қадар текширув ва тергов даврида жабрланувчи ва гувоҳларнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳамда уларга нисбатан ҳимоя чораларининг кучайишига олиб келган;
судга қадар иш юритишда оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар бўйича, шунингдек айбига иқрор бўлган гумон қилинувчи ёки айбланувчилар билан ўтказиладиган тергов ҳаракатларини видеотасвирга тушириш мажбурийлигини таъминлашга доир таклифдан Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2017 йил 12 июндаги 100-сон буйруғи билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органларида суриштирув ва дастлабки терговни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги йўриқноманинг 54-банди “в” кичик бандининг ўн иккинчи хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2020 йил 9 ноябрдаги 33/01-04/2525-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг жорий этилиши жиноят ишларини юритишда қонунийликни ҳамда далиллар мақбуллигини таъминлашга хизмат қилган;
ЖПКнинг 325-моддасида назарда тутилган жиноятлар бўйича берилган шикоят аризаларининг жабрланувчи томонидан қайтариб олиниши ҳолатларида ишни ЖКнинг 661-моддаси талабларига мувофиқ тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатиш шартлигини ҳуқуқий мустаҳкамлашга доир таклифлар ишни судга қадар юритиш амалиётида хусусий айблов билан боғлиқ ариза ва хабарларнинг қонуний ва ўз вақтида ҳал қилинишига, ушбу турдаги ишларда жиноят-процессуал фаолиятнинг зарурат ҳамда асослар бўлганида амалга оширилишига, суд-тергов амалиётида хусусий айблов ва ярашув институтининг янада самарали қўлланилишига хизмат қилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2020 йил 22 сентябрдаги 18/5354-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши хусусий айбловга оид ишларда ярашув институтининг кенгроқ қўлланилишига олиб келган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish