Sayt test rejimida ishlamoqda

Пардаев Тошкентбой Ражабовичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёт (1945-1991 йй.)”, 07.00.01-Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган ракам: В2019.4.DSc/Tar92.
Илмий маслаҳатчи: Турсунов Сайпулла Нарзуллаевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК раками: Термиз давлат университети ҳузуридаги PhD.03/30.12.2019.Tar.78.02 рақамли илмий кенгаш асосида тузилган бир марталик кенгаш.
Расмий оппонентлар: Обломуродов Наим Ҳалимович, тарих фанлари доктори, профессор; Ғаффоров Шокир Сафарович, тарих фанлари доктори, профессор; Ражабов Қаҳрамон Кенжаевич, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади 1945-1991 йилларда Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудларида юз берган ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёт тарихини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
совет ҳокимиятининг марказлаштирилган ва маъмурий буйруқбозлик бошқаруви туфайли республика иқтисодиётининг ягона халқ хўжалиги тизимига киритилиши ижтимоий дастурларни ривожлантиришга жиддий тўсиқ бўлганлиги, бу ҳолат жанубий ҳудудларда республикаларнинг бошқа минтақаларига нисбатан кескин салбий из қолдирганлиги, айниқса, Чироқчи, Деҳқонобод, Қамаши, Яккабоғ, Шеробод, Бойсун ва Сариосиё туманларида одамларнинг ижтимоий ҳолати ва маиший турмуши паст даражада қолганлиги архив ҳужжатлари асосида исботланган;
Муборак, Какайди, Лалмикор, Хаудак нефть-газ конларининг топилиши минтақа аҳолиси манфаатларига хизмат қилмаганлиги, аслида бу табиий бойликлар совет ҳокимиятининг марказлаштирилган назорати остида ўзлаштирилиб, унинг мўмай даромад манбаига айланиб қолганлиги, шу даврда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг 19 та туман марказлари 400 дан ортиқ хўжалик марказлари газлаштирилмаганлиги далилланган;
Сурхон-Шеробод чўллари ўзлаштирилиб, янги ерларнинг қишлоқ хўжалиги оборотига киритилиши соҳада пахта якка ҳокимлигининг ўрнатилишига ва бунинг натижасида боғдорчилик, полизчилик ва сабзавотчиликда асрлар давомида шаклланиб келган анъанавий агротехник тажрибаларнинг унитилишига олиб келганлиги исботланган;
совет даврида жанубий ҳудудлар аҳолисининг ижтимоий-турмуш тарзига етарлича эътибор қаратилмаганлиги ва шарт-шароитлар яратилмаганлиги оқибатида мустақиллик арафасида мазкур вилоятларда 127 мингдан ортиқ одамларнинг  ишсизлиги, 30 мингдан ортиқ оилалар уй-жой олиш учун навбатда турганлиги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш минтақада кескин муаммога айланганлиги архив ҳужжатлари асосида исботланган;
совет даврида жанубий ҳудудлар таълим тизимини яхшилашга ҳаракат қилинган бўлсада, бу борада кўплаб муаммолар тўпланиб борганлиги, айниқса, Қашқадарёда 214 минг, Сурхондарёда 123 минг ўқувчига ўрин етишмаганлиги, шунингдек, коммунистик мафкура ва совет ҳукуматининг миллий қадриятларга беписандлик билан муносабатда бўлиши оқибатида ушбу воҳаларга хос бахшичилик, бадаш, халқ ўйинлари, маросим ва удумлар каби анъана ва қадриятларнинг унитилишига олиб келинганлиги  далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Жанубий Ўзбекистон ҳудудларининг 1945-1991 йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётига доир олинган илмий натижалар ва амалий таклифлардан:
марказнинг Ўзбекистонга хом ашё манбаси сифатида қараш сиёсати туфайли республика иқтисодиётининг ягона халқ хўжалиги тизимига киритилиши  ҳудуддаги ижтимоий дастурларни ривожлантиришга жиддий тўсиқ бўлиб, бундай шароитда аҳолини иш билан таъминлаш, одамларга муносиб турмуш шароитини яратиш ҳамда аҳоли фаровонлигини йўлга қўйиш оғир кечганлиги Республика маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят бўлимининг 2018-2019 йиллардаги тарғибот тадбирларида кенг фойдаланилган  (Республика маънавият ва маърифат кенгаши маънавият ва маърифат марказининг 2019 йил 12 декабрдаги 01/07-1658-рақамли далолатномаси). Натижада аҳолида ХХ асрнинг иккинчи ярмида жанубий вилоятлар тарихи ҳақидаги тасаввурларини бойитиш имконини берган;
Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида кўп тармоқли саноат ишлаб чиқариш базасининг шаклланмаганлиги халқ хўжалигини бир томонлама ривожланишига олиб келиб, ушбу тенденция мазкур ҳудудда саноатнинг ишлаб чиқариш соҳалари ва қишлоқ ҳўжалигининг саноатлашиши билан боғлиқ маълумотлар Термиз давлат музей қўриқхонасининг совет даври фони материалларини бойитишга бойитишда фойдаланилган (Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий методик марказининг 2020 йил 19 февралдаги 89-сон маълумотномаси). Натижада бу маълумотлар музейга ташриф буюрувчиларнинг совет даврида  юз берган  ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнларнинг Сурхондарё вилояти аҳолиси ҳаётига кўрсатган таъсири ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлиш  имконини яратган;
Сурхон-Шеробод ва Қарши чўллари ўзлаштирилиб, янги ерларни қишлоқ хўжалик оборотига киритилиши соҳада пахта яккаҳокимлигини йил сайин ошиб бориши баробарида бошқа хўжалик экин майдонларининг камайиши ҳамда унинг маҳаллий аҳоли аҳволига таъсири бўйича материаллар Термиз давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи экспозициясини ташкил қилишда фойдаланилган  (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейининг 2020 йил 25 июндаги 52-сон маълумотномаси). Натижада ХХ асрнинг 80 йилларидаги пахта иши билан боғлиқ қатағон сиёсатининг моҳиятини очиб беришга хизмат қилган;
жанубий вилоятлардаги шаҳар аҳолисининг ижтимоий ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз беришига қарамай, ишсизлик, уй-жой тақчиллиги, реал даромаднинг пастлиги озиқ-овқат ва кенг истеъмол молларининг таъминотидаги узилишларга сабаб бўлиб, бу ҳолат ишчи ва хизматчиларнинг меҳнат натижаларидан манфаатдорлик ҳиссининг  камайиши ҳамда ўткир ижтимоий муаммоларни келиб чиқишига оид натижалардан Ўзбекистон тарихи телеканалидаги “Музейга сайёҳат”, “Асори атиқалар” кўрсатувлари сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2019 йил 12 декабрдаги 01-40-2626-сон маълумотномаси). Натижада томошабинларда Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларининг ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги тарихини бўйича янги маълумотларга эга бўлишларига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish