Sayt test rejimida ishlamoqda

Кенесбаева Шахсанем Кенесбай қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Қорақалпоқ халқ достони “Шаҳриёр” (Генезиси. Жанрий хусусиятлари. Сюжет қатлами ва образлар таркиби)”, 10.00.08 – Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.2.PhD/Fil908.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Нукус давлат педагогика институти.
Илмий раҳбар: Бекбергенова Зияда Утеповна, филология фанлари доктори, доцент. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, Dsc.02/30.12.2019.Fil.46.02.
Расмий оппонентлар: Баходирова Саригул, филология фанлари доктори, профессор; Сариев Санъат Матчанбаевич, филология фанлари доктори, доцент; 
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қорақалпоқ халқ достони «Шаҳриёр»нинг генезиси, жанрий хусусиятлари, сюжет қатлами, қорақалпоқ версияси ва образлар тизими асосида достоннинг қорақалпоқ версияси вариантларининг ўзига хослиги, Марказий Осиё туркий халқлари эпик анъаналарида тутган ўрни ва аҳамиятини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қорақалпоқ халқ достони «Шаҳриёр»нинг миллий вариантларини қиёслаш натижасида Марказий Осиёдаги туркий халқларнинг мифологик эртак тип сюжетли достонларидаги қадим даврларга мансуб архаик сюжетлар ва туркийларнинг эгизаклар культи, тотемистик ва аниматик қарашлар билан боғлик мифопоэтик тасаввурлари асосида шаклланганлиги исботланган;  
достон вариантларининг туркий халқлар эпослари, эртаклари, ривоятлари, афсоналари ва мифларидаги сайёр сюжетлар билан ўзаро типологик муштараклиги ва етакчи мотивлар таркибининг қадимийлиги ва унинг жанрий фарқланиши жараёни узоқ давом этганлигидан далолат бериши аниқланган; 
достон композициясидаги анъанавий эпик сюжетларнинг образлар тизимининг ривожланишига, тасвирий воситаларига, бой миллий вариантларнинг пайдо бўлишига жировларнинг бадиҳагўйлик истеъдоди ва шахсий ижрочилик маҳоратига замин яратганлиги далилланган;
«Шаҳриёр» достонининг ижтимоий ва ҳаёт масалаларини акс эттирган мифологик эртак тип сюжетли достон эканлиги қаҳрамонларнинг ғайритабиий дунёга келиши, илоҳий кучлардан мадад олиб вояга етиши каби қадимги архаик мотивлар, мифологик қарашлар ва эътиқодларнинг ҳаётий реалистик тасвирлар билан қоришиқ ҳолда тасвирланиши каби достон воқеалари асосида аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қорақалпоқ халқ достони «Шаҳриёр» нинг генезиси, жанрий хусусиятлари, сюжет мотивлари типологияси ва образлар тизимини ўрганиш орқали олинган натижалар асосида:
«Шаҳриёр» достонининг жанрий хусусиятлари, миллий вариантларининг ўзига хослилигини ўрганишга доир илмий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар илмий текшириш институтида бажарилган ФА-Ф-1-OO5 «Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ қилиш (2017-2020)» мавзусидаги фундаментал тадқиқотларда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 19 апрелдаги 17.01/81-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу илмий лойиҳанинг фольклор жанрига доир бўлимларини ёзишда ниҳоятда зарур илмий ва амалий манба сифатида фойдаланилган;
«Шаҳриёр» достонининг генезиси, жанрий хусусиятлари, сюжет қатлами ва образлар тизими ҳақидаги илмий-амалий кузатувлар асосида умумтаълим мактабларининг ўқув-тарбия соатларида «Қорақалпоқ адабиёти» фани бўйича ўқувчиларга ўқитиладиган фаннинг сифатини оширишда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 27 апрелдаги 01-01/5-2203-сон маълумотномаси). Натижада, ёшларни ватанпарварлик, миллий ифтихор ва садоқат руҳида тарбиялашда, миллий ўзликни англашни шакллантиришда ёрдамчи восита сифатида қўлланилган;
Халқ достони  «Шаҳриёр»нинг бадиий-композицион хусусиятларига доир жировларнинг бадиий тасвир воситаларидан фойдаланишдаги тил маҳорати масалаларини ўрганишга бағишланган хулосаларидан Т.И.Қори-Ниёзий номидаги Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон филиалида бажарилган Ф3-2016-0908165532-сонли «Қорақалпоқ тилининг янги алфавити ва имло қоидаларига мувофиқ она тили ва адабиётини ривожлантириш методикаси» номли фундаментал лойиҳасини амалга оширишда фойдаланилган   (Т.И.Қори-Ниёзий номидаги Ўзбекистон Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти Қорақалпоғистон филиалининг 2021 йил 9 апрелдаги 64-сон маълумотномаси). Натижада, достон вариантлари матнларидаги тил хусусиятлари бўйича олинган хулосалар илмий-методик манба сифатида хизмат қилган;
халқ достонларининг композицияси, сюжет қатлами ва образлар таркиби, ғоявий-бадиий хусусиятлари билан боғлиқ назарий хулосалардан Қорақалпоғистон Телерадиокомпаниясининг «Халқ хазинасидан», «Мерос», «Фан ва таьлим» номли кўрсатув ва радио-эшиттиришларини тайёрлашда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Телерадиокомпаниясининг 2021 йил 15 апрелдаги 01-021204-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу телекўрсатув ва радиоэшиттирувларнинг илмий оммабоплиги таъминланган ҳамда миллий қадриятларимизнинг руҳий-маданий ривожланишида тутган ўрнини ёшлар орасида кенг оммалаштиришга эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish