Sayt test rejimida ishlamoqda

Есемуратова Сахибжамал Абдимурат қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Фуқаролик журналистикасининг ривожланишида интернет-ресурсларининг роли (Қорақалпоғистон интернет-ресурслари мисолида)”, 10.00.09 – Журналистика (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.PhD/Fil1010.
Илмий раҳбар: Исмаилова Климентина Фузайловна, филология фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.14.01.
Расмий оппонентлар: Тешабоева Дилфуза, филология фанлари доктори, профессор; Палўанов Бахит, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади қорақалпоқ фуқаролик журналистикасининг шаклланиш босқичлари, ривожланиш тенденцияларини ўрганиш, фуқаролик журналистикаси феноменини аниқлаштириш ва унинг профессионал журналистикага таъсирини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Қорақалпоғистонда фуқаролик журналистикаси даврий жиҳатдан онлайн фуқаролик журналистикасининг шаклланиши (2009-2012 йй.), дастлабки ривожланиши (2013-2018 йй.), амалий қўлланилишининг такомиллашуви (2018 йилдан бугунга қадар) каби уч босқичда ривожланганлиги далилланган; 
қорақалпоқ фуқаролик журналистикасида пост-хабар, пост-интервью, пост-мақола, пост-сатирик комментарий каби жанрларнинг фаол қўлланилиши, уларнинг профессионал журналистика жанрларидаги альтернативаларидан оғзаки сўзлашув услуби, ижтимоий муаммоларни ёритувчи ва рефлексив мазмуни, ихчам шакли билан ажралиб туриши исботланган; 
онлайн фуқаролик журналистикасининг маҳаллий ҳамжамиятдаги ижобий ижтимоий ўзгаришлар етакчиси сифатида жамоатчилик ташаббусларни ахборот билан қўллаб-қувватлашнинг анъанавий ролидан ташаббускор ролига ўтиши, жамоат бирлашмалари, фуқаролар билан биргаликда маҳаллий ҳокимият органларининг иштирокида объектив ва ўзига хосликни сақлаган ҳолда муаммоли лойиҳаларни бажариши исботланган;
қорақалпоқ блогосферасидаги блогпостлар дискуссион ва нарратив характерда бўлиб, FAQ-структура ва хаотик матн тузилиши, воқеаларга фуқаролик позициядан ёндашуви ва айнан фуқаролик журналистлар томонидан яратилиши билан ажралиб туриши исботланган;
IV. Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилиши. Қорақалпоғистондаги фуқаролик журналистикаси феномени тушунчаси, унинг профессионал журналистик фаолиятнинг муқобил майдони сифатидаги роли ва профессионал журналистикага таъсирини аниқлаш борасида олинган илмий натижалар қуйидаги асосда амалга оширилган:
профессионал ва фуқаролик журналистикаси, блог, сайт ва ижтимоий тармоқлар журналистикасининг аҳамияти, фуқаролик журналистикасининг ривожланиш босқичлари бўйича олинган натижалардан Қорақалпоғистон Телерадиокомпанияси (Қорақалпоғистон Телерадиокомпаниясининг 2021 йил 18 январдаги 01-02/24-сон маълумотномаси) ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими аъзоларининг фаолияти учун илмий асос вазифасини ўтаган (Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими 2021 йил 30 мартдаги 11-сон маълумотномаси). Натижада Қорақалпоғистон Телерадиокомпанияси кўрсатув ва эшиттиришларида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими аъзоларининг фаолиятида ахборот тайёрлаш ва тарқатишнинг ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларга амал қилинишида кенг фойдаланилган;
фуқаролик журналистикаси, ижтимоий тармоқлар ва блогосферадаги fake хабарлар ва уларнинг олдини олиш, маълумотлардан фойдаланишдан олдин factchecking қилиш бўйича олиб борилган таҳлил натижаларидан Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ахборот манбаларининг ишончлилигини текшириш фаолиятида ҳам қўлланилган (Қорақалпоғистон ахборот агентлигининг 2021 йил 19 январдаги 01-211-сон маълумотномаси). Натижалар интернетдаги профессионал ва фуқаролик журналистикаси хизматидаги муаммоларни ҳал қилишда илмий асос бўлган;
онлайн профессионал ва фуқаролик журналистикаси бўйича юзага келган янги терминлар ва жанрлар турлари бўйича билдирилган фикр ва мулоҳазалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Матбуот хизмати томонидан ташкил этилган «Юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш йўналишида олиб борилаётган чора-тадбирларнинг мазмун-моҳияти» (2019 йил 2 март), Хўжайли туманида ташкил этилган «Очиқ мулоқот» (2020 йил 17 октябр) анжуманларида фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2021 йил 5 февралдаги 07-04/18-02/271-сон маълумотномаси). Натижада илмий ишда қўлланилган терминларни ва янги жанрларни амалиётга жорий этиш бўйича назарий концепциялар тақдим этилган.
фуқаролик журналистикасининг ижтимоий-сиёсий муҳитдаги ўрни, ижтимоий фикрни шакллантиришдаги роли таълим ва ижтимоий ташаббуслар ҳақидаги таҳлилий материаллардан Қорақалпоғистон Республикасидаги «Jaslar TV» телеканалида журналистларнинг ахборий ва таҳлилий жанрдаги кўрсатувларини тайёрлашда муҳим манба сифатида фойдаланилган («Jaslar TV» телеканалининг 2021 йил 1 февралдаги 01/02-10-сон маълумотномаси). Натижада, «Jaslar TV» телеканалида самарали кўрсатувлар тайёрлаш, ёзма ва нутқ маданиятини юксалтириш, журналистларнинг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилган;
интернет-ресурсларида профессионал ва фуқаролик журналистларнинг биргаликдаги фаолияти натижаларининг самарадорлиги бўйича берилган таклифлар юзасидан KRuz.uz интернет нашрида профессионал ва фуқаролик журналистлар шериклигидаги материаллар сони кўпайишига хизмат қилган (KRuz.uz интернет нашри, 2021 йил 22 июндаги 01/02-101-сон маълумотномаси). Натижада сайт таҳририятида профессионал ва фуқаролик журналистлар шериклигидаги «Дөретиўшилик мектеби» клуби ташкил этилган;
фуқаролик журналистикасида интернет ресурсларнинг ўрни ва аҳамияти тўғрисидаги масалаларни таҳлил қилиш ва хулосалар чиқариш, шунингдек,  профессионал ва фуқаролик журналистикаси бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш  мақсадида www.karinform.uz сайти ташкил этилган (2017 йил 18 апрел) ва Ўзбекистонда расмий ОАВ сифатида рўйхатдан ўтган (2019 йил 26 июн, 1299-сон гувоҳнома). Натижада назарий хулосалар ва амалий тавсиялар контентда асосий манба сифатида қўлланилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish