Sayt test rejimida ishlamoqda

Махманов Урол Кудратовичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Енгил фуллеренлар (С60, С70) эритмаларида молекулаларнинг кластерланиши ва унинг эритмаларнинг оптик ҳамда ночизиқ-оптик хоссаларига таъсири», 01.04.05–Оптика (физика-математика фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/FM25.

Илмий раҳбар: Коххаров Абдулмуталлиб Мамаджонович, физика-математика фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ион-плазма ва лазер технологиялари институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Физика-техника институти, Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, Самарқанд давлат университети, DSc.27.06.2017.FM/T.34.01.

Расмий оппонентлар: Мукимов Камил Мукимович, физика-математика фанлари доктори, профессор, академик; Семенов Денис Иванович, физика-математика фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат техника университети.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: С60 ва С70 фуллеренлар молекулаларининг бир ва икки компонентли органик эритувчиларда ўз-ўзидан агрегатланиш жараёнларининг асосий физик қонуниятларини ҳамда уларнинг эритмалар оптик ва ночизиқ-оптик хоссаларига таъсирини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

С60 ва С70 фуллеренлар молекулаларининг органик эритувчиларда ўз-ўзидан йиғилиш ва ташкилланиш жараёнларининг умумий физик қонуниятлари аниқланган. Фуллеренларнинг кучли мувозанатсиз усулда тайёрланган (механик ротатор билан аралаштирилади) эритмаларида квазисферик шаклда ва фрактал ўлчами D≈2.16±0.03 бўлган катта, ғовак (C60)m ва (C70)m наноагрегатларининг синтезланиши кўрсатилган;

мувозанатли усулда (эритмага ташқи механик таъсир кўрсатмасдан) тайёрланган С60 ва С70 эритмаларида зич йиғилган мономолекуляр (C60)m ва (C70)m наноагрегатларининг ҳосил бўлиши тажрибада кўрсатилган;

фуллеренларнинг бир ва икки компонентли органик эритувчилардаги эритмаларида синтезланган ғовак фрактал ва зич йиғилган кристаллсимон наноагрегатларининг диаметрдаги геометрик ўлчамлари мос равишда ~400 нм ва ~50 нм бўлиши аниқланган;

эритмаларда С60 ва С70 молекулалари ўз-ўзидан агрегатланишининг физикавий модели яратилган. С60 ва С70 фуллеренларнинг эритмалардаги бошланғич концентрациялари қанчалик катта бўлса, фуллерен молекулаларининг ўз-ўзидан йиғилиши итерациялари сони ва синтезланаётган (C60)m ва (C70)m наноагрегатлари ўлчами шунча катта бўлиши аниқланган;

оптик спектроскопия усулида бевосита С60 (ёки С70) фуллереннинг ҳам толуолли, ҳам бензолли эритмаларини тайёрлаш жараёнида (C60)m (ёки (C70)m) наноагрегатлари синтезланиши эритмалар электрон ютилиш спектрларининг бирданига ўзгаришига олиб келиши аниқланган. Фуллеренларнинг толуол ва бензолдаги эритмаларининг электрон ютилиш спектрларининг, айниқса, қисқа тўлқинли қисмида (300¸410 нм соҳаси) мономолекуляр агрегатлар ҳосил бўлишига жуда сезгирлиги аниқланган;

С70 фуллеренининг бир ва икки компонентли органик эритувчилардаги (толуол, бензол, толуол+ацетонитрил, толуол+этанол) эритмаларида импульсли лазер нурланиши (l»532 нм) эллиптик қутбланишининг ўз-ўзидан ночизиқли бурилиш эффекти лазер нурланишининг эллиптик қутбланишида кузатилиб, чизиқли қутбланишида йўқолиши аниқланган;

С70 фуллеренининг толуолдаги ва толуол+ацетонитрил аралашмасидаги эритмаларида фуллереннинг турли концентрациялари ва лазер нурланиши қутбланишининг турли эллиптиклик даражаларига мос ночизиқли синдириш кўрсаткичи (n2) ва ночизиқли кубик қабул қилувчанлик (χ(3)(ɷ;ɷ,ɷ-ɷ)ларнинг аниқ қийматлари аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

С60ва С70 фуллеренларининг турли эритувчилардаги эритмаларида фуллеренлар молекулаларнинг кластерланиши ва унинг эритмалар оптик ҳамда ночизиқ-оптик хоссаларига таъсирини ўрганиш натижалари асосида:

С70 фуллеренининг турли органик эритувчилардаги эритмаларида юқори интенсивликдаги импульсли ёруғлик нурланиши эллиптик қутбланишининг ночизиқли ўз-ўзидан бурилиш эффекти бўйича олинган натижалар Ф-2-49 рақамли «Ўта қисқа лазер импульсларининг квадрат ва кубик ночизиқли қабул қилувчанликлиги фазовий модуляцияланган муҳитлардаги ўзаро квазисинхрон таъсирлари» мавзусидаги грант лойиҳасида конденсирланган жисмлар учун ночизиқли параметрларнинг назарий аниқ қийматларини аниқлаш ва қиёсий таҳлил қилишда фойдаланилган (Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 23 августидаги ФТА-02-11/527-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш конденсирланган муҳитлар оптик синдириш кўрсаткичига ночизиқли қўшимчалар ҳиссасини ҳамда ночизиқли оптик қабул қилувчанликни ўрнатиш имконини берган;

С60 ва С70 фуллеренлар молекулаларининг эритмаларда ўз-ўзидан йиғилиши ва агрегатланишини юқори аниқликдаги электрон микроскопия ва оптик спектроскопия методлари асосида олинган натижалар Ф2-ФА-Ф147+Ф139 рақамли «Фотосинтезнинг бирламчи жараёнларида тўғри ва концентрланган қуёш нури энергиясини юқори самарали ўзлаштирилишининг физикавий механизмларини ўрганиш» мавзусидаги грант лойиҳасида порфирин-фуллерен супрамолекуляр бирикмасининг спектрал характеристикаларини аниқлаш ҳамда ушбу бирикманинг зарядлар тақсимоти энергетик самарадорлигини баҳолашда фойдаланилган (Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 14 сентябрдаги ФТА-02-11/650-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш супрамолекуляр системаларда ёруғлик индуцирланган электронлар оқимининг энергетик самарадорлигини баҳолаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish