Sayt test rejimida ishlamoqda

Эшметов Расулбек Жумязовичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Ишлаб чиқилган сирт фаол моддалардан фойдаланиб юқори қовушқоқли маҳаллий нефтларни ультратовушли деэмульгирлаш технологияси», 02.00.11 – Коллоид ва мембрана кимёси (техника фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2. DSc/Т433.
Илмий маслаҳатчи: Салиханова Дилноза Саидакбаровна, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Умумий ва ноорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, DSc.02/30.12.2019.K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Хамидов Босит Набиевич, техника фанлари доктори, профессор; Фозилов Садриддин Файзуллаевич, техника фанлари доктори, профессор; Хандамов Даврон Абдуқодирович, кимё фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Наманган муҳандислик-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: синтез қилинган сирт фаол моддалар ёрдамида юқори қовушқоқли маҳаллий нефтларни ультратовушли деэмульгирлаш технологиясини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
масхар ва пахта мойларини сульфолаб, сўнгра гидролизлаш орқали сирт фаол модда олинган ва ҳосил бўлган модда таркибида карбоксил (-СООН) ва сульфо (-ОSО3Н+) гуруҳларининг сирт фаолликни юзага келтириши уларнинг коллоид кимёвий хусусиятлари орқали асосланган;
глицерин ва мочевинанинг 1:3 нисбатда синтези натижасида юқори сирт фаолликка эга моддалар олинган ва уларнинг коллоид-кимёвий хусусиятлари асосланган;
СФМ эритмасини 0,2-0,3 % концентрацияли оралиқларда деярли тўғри чизиқли ҳолат кузатилиб, бу асосан МКК (мицелланинг критик концентрацияси) кўрсатгичини кўрсатиб, хамма намуналар учун МКК деярли бир хил кўрсатгичга эга эканлигини, фақатгина бу эритмалар ўзининг қовушқоқлиги билан бир-биридан фарқ қилиб, қуйидаги қатор кетма-кетлигига ФЛЭК-Д-003>SD-1>SD-2 ўзгариши асосланган;
иссиқлик ҳаракати интенсивлиги ошиши билан СФМ лар қутубли гуруҳлари гидратацияси (-СООNa, -COOH, -OSO3Na) камайиб, мицелла ҳосил бўлиши, ҳароратни ошиши сув молекулаларининг тартибсиз ҳаракатига олиб келиши, сувни гидрофоб зарралардан, яъни СФМ ларнинг углеводород радикалларидан “қутилиш”га ҳаракат қилиши, яъни ҳарорат ошиши билан сувда гидрофоб таъсирларнинг кучайиши МКК катталигининг камайишига олиб келиши аниқланган;
синтез қилинган СФМ ларнинг деэмульгирлаш жараёнлари мақбул шароитлари, яъни, Кўкдумалоқ СНЭ учун деэмульгатор сарфи 100 г/т ва ҳароратни 60 °С, деэмульгирлаш вақтини 150 дақиқа, Джарқўғон СНЭ сарфи 150 г/т ва ҳароратни 60 °С, деэмульгирлаш вақтини 150 дақиқа эканлиги аниқланган;
УТТ нинг таъсир йўналишларини параллел равишда таъсир эттириш натижасида, сув глобулаларининг ташқи қобиғига босим ва ҳарорат таъсирида кавитация бўлиб, натижада парчалаш жараёни жадаллаштириши аниқланган;
УТТ ва синтез қилинган СФМ лар ёрдамида деэмульгирлаш жараёнининг мақбул шароитлари аниқланди, унга кўра: Кўкдумалоқ СНЭ ларни деэмульгирлашда УТТ частотаси 15 кГц (УТТ вақти 3 минут), деэмульгатор сарфи 80 г/т, вақти 120 минут, ҳарорат 45 °С, Джарқўрғон СНЭ учун эса УТТ частотаси 15 кГц (УТТ вақти 3 минут), деэмульгатор сарфи 120 г/т, вақти 120 минут, ҳарорат 45 °С.
ишлаб чиқилган сирт-фаол моддалар фойдаланиб, юқори қовушқоқли маҳаллий нефтларни ультратовушли деэмульгирлаш технологиясини ишлаб чиқилган ва техник иқтисодий кўрсатгичлари асосланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Яратилган сирт фаол моддалар ёрдамида юқори қовушқоқ маҳаллий мойларни ультратовушли парчалаш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
нефтни сувсизлантириш учун ионоген деэмульгатор олиш учун техник шарти «Ўзстандарт» агентлиги тамонидан тасдиқланган (Ts 17088447-03:2019). Мазкур техник шарт маҳсулотнинг сифати ва технологик жараённи назорат қилиш имконини берган;
барқарор сувлинефт эмульсияларини сувсизлантириш ва тузсизлантириш учун деэмульгаторлар ва уларнинг композициясининг олиш технологияси «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг «2022-2023 йилларда aмалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2021 йил 23 сентябрдаги 02-26-5032-сон маълумотномаси). Натижада, махаллий хомашёлар асосида импорт ўрнини босувчи СФМ лар олиш ва улар асосида СНЭлари таркибидан туз ва сув миқдорини 95-96 % гача тозалаш имконини беради;
SD-1, GMD-3 ва КМ-1 деэмульгаторлари ва УТТ ёрдамида СНЭ ларини деэмульгирлаш технологияси «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг «2022-2023 йилларда aмалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Ўзбекнефтгаз» Ажнинг 2021 йил 23 сентябрдаги 02-26-5032-сон маълумотномаси). Натижада, СФМ ларни қўллаб, деэмульгирлаш жараёнини 2 баровар жадаллаштириш, СНЭлари таркибидан туз ва сув миқдорини 97-98 % гача тозалаш имконини беради.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish