Sayt test rejimida ishlamoqda

Зайнобиддинова Фарангиз Бахтиёр қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Инвестиция шартномаларининг ўзига хос хусусиятлари ва уларни фуқаровий-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш масалалари», 12.00.03 – Фуқaролик ҳуқуқи. Тaдбиркорлик ҳуқуқи. Оилa ҳуқуқи. Xaлқaро xуcуcий ҳуқуқ (юридик фанлар). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.PhD/Yu301.
Илмий раҳбар: Рустамбеков Исламбек Рустамбекович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.01.
Расмий оппонентлар: Самарходжаев Ботир Билялович, юридик фанлар доктори, профессор; Бозаров Сардор Сохибжонович, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади инвестиция шартномаларининг ўзига хос хусусиятлари ва уларни фуқаролик-ҳуқуқий тартибга солиш масалаларини тадқиқ этиш орқали Ўзбекистон Республикасида инвестиция фаолиятини самарали ҳуқуқий-тартибга солиш ва мазкур соҳага доир қонунчилик базасини такомиллаштиришга қаратилган илмий-назарий ва амалий таклиф-тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
инвестицияларни ҳимоя қилиш ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда энг асосий талаблар ҳамда реквизиция (экспроприация) амалга оширилиши тартиб-таомиллари, бунда суд ва халқаро арбитраж тартибида ҳимояланиш ҳуқуқлари асослаб берилди;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан тузиладиган инвестиция шартномасининг асосий шартлари изоҳланиб, инвестиция шартномасида тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларининг белгиланиши, хорижий инвесторга қўшимча кафолат ва имтиёзлар бериш талаблари ҳамда ушбу жараённинг шаффофлиги ва унда жамоатчилик назорати ўрнатилиши зарурияти асослаб берилди;
чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар фаолиятининг ҳуқуқий кафолатлари, хусусан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шунингдек унинг ташқарисида ҳар қандай валютада, ҳар қандай банкда ҳисобварақларни очиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш ҳамда ссудаларни чет эл валютасида олиш ва қайтариш ҳуқуқлари асослаб берилди;
инвестиция шартномаларининг очиқ реестрини юритиш, инвестициявий фаолият доирасидаги маълумотларнинг транснационал мобиллигини амалга ошириш ва виртуал инвестиция муносабатларида киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда мазкур турдаги шартномаларнинг бажарилишини мониторинг қилиш механизмларини яратиш аҳамияти асослаб берилган;
инвестиция шартномаси, инвестиция фаолиятини ташкиллаштириш шартномаси ва инвестиция фаолиятидаги смарт шартномаларга муаллифлик таърифлари берилиб, уларнинг намунавий лойиҳалари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Инвестиция шартномаларининг ўзига хос хусусиятлари ва уларни фуқаровий-ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш масалалари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
инвестицияларни ҳимоя қилиш ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда, суд ва арбитраж тартибида: реквизицияни (экспроприацияни) амалга ошириш учун фойдаланиладиган мақсаднинг қонунийлиги; реквизициянинг (экспроприациянинг) миқдори; реквизиция (экспроприация) қилинаётган инвестицияларни ва бошқа активларни баҳолаш; тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг мувофиқлиги; давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари реквизицияни (экспроприацияни) амалга ошириш чоғида риоя этган тартиб-таомил юзасидан низолашишга ҳақли эканлиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-598-сонли “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонуни 21-моддасининг 3-хатбошисида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси  Спикери ўринбосарининг  2021 йил 13 июлдаги 02/5-803-сон маълумотномаси). Мазкур ҳуқуқий норма Ўзбекистон Республикасида инвесторларнинг қонуний манфаатларини муҳофазалашга ва мамлакатимизда инвестицияларнинг самарали ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга хизмат қилган;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан тузиладиган инвестиция шартномаси, инвестициялар объекти ва ҳажми, лойиҳанинг бошланиш ҳамда тугалланиш муддатлари; инвестиция шартномасининг амал қилиш муддати ва шартлари; коррупцияга ва монополияга қарши курашиш шарти; инвестиция шартномаси тарафлари ўртасидаги инвестиция шартномаси қоидалари билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби, жойи ва низоларни кўриб чиқадиган орган хусусидаги маълумотларни ўз ичига олиши шарт эканлиги тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-598-сонли “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 42-моддасида ўз аксини топди. (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарининг 2021 йил 13 июлдаги 02/5-803-сон маълумотномаси). Ушбу ҳуқуқий норма Ҳукумат билан тузиладиган инвестиция шартномаси бўйича келгусидаги инвестициявий низоларни олдини олишга, инвестиция фаолиятини ислоҳ қилишга ҳамда ушбу турдаги шартномалар бўйича тақдим этиладиган қўшимча кафолатлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари (имтиёз ва преференциялар)ни адолат ва қонунийлик тамойилларига мос бўлишини таъминлашга хизмат қилган;
мамлакатимизда чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ўз фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шунингдек унинг ташқарисида ҳар қандай валютада, ҳар қандай банкда ҳисобварақларни очиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф этиш; ссудаларни чет эл валютасида олиш ва қайтариш ҳуқуқига эга эканликлари хусусидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 декабрдаги ЎРҚ-598-сонли “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг 51-моддасида  ўз аксини топди. (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарининг 2021 йил 13 июлдаги 02/5-803-сон далолатомаси; Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 23 октябрдаги 19/1-2 сон маълумотномаси). Ушбу ҳуқуқий норма замонавий инвестиция қонунчилигини такомиллаштиришга, мамлакат инвестициявий имиджини оширишга ҳамда инвесторлар ҳуқуқларини кафолатлашга хизмат қилган;
инвестиция шартномасида белгиланиши зарур бўлган шартлар ҳамда намунавий инвестиция шартномасини шакллантириш юзасидан берилган таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 апрелдаги 264-сонли Қарори лойиҳаси тайёрланишида, жумладан Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 2 августдаги 180-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишда, хусусан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан инвестиция шартномаси тарафлари ўртасидаги инвестиция шартномаси қоидалари билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби, низоларни кўриб чиқиш жойи ва органи: бунда Ўзбекистон Республикаси ёки хорижий давлат суди, Ўзбекистон Республикаси ёки хорижий давлат ҳудудида ташкил этилган халқаро тижорат арбитражи низоларни кўриб чиқувчи орган сифатида белгиланиши мумкинлиги тўғрисидаги ҳамда бундай инвестиция шартномасини тузиш, ўзгартириш киритиш, тугатиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом ва намунавий Инвестиция шартномаси ишлаб чиқилишида, Адлия вазирлигининг қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқий экспертиза фаолиятида фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 7 октябрдаги маълумотномаси) Ушбу таклиф инвестор ва давлат ўртасидаги муносабатларни муваффақиятли шартномавий-ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган бўлиб, инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва мамлакат инвестициявий иқлими жозибадорлигини оширишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish