Каримов Сардорбек Хожибоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Коллаген ва фиброиннинг акрил мономерлари билан пайванд сополимерланиши», 02.00.06–Юқори молекуляр бирикмалар (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/K29.
Илмий раҳбар: Рафиқов Адхам Салимович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Полимерлар кимёси ва физикаси институти, DSc.27.06.2017.FM/K/T.36.01.
Расмий оппонентлар: Акбаров Ҳамдам Икромович, кимё фанлари доктори, профессор; Кудышкин Валентин Олегович, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент кимё-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: акрил мономерларининг оқсил макромолекулалари билан пайванд сополимерланиш услуби, кинетик параметрлари, схемасини, сополимерларнинг физик-кимёвий, механик ва амалий хоссаларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
инициаторнинг оқсил макромолекуласида пептид ва аминогуруҳлар билан таъсирлашуви натижасида акрил мономерларининг пайвандланиш жараёнлари схемаси ишлаб чиқилган;
коллаген ва фиброинни акрил мономерлари билан пайванд сополимерланиш реакцияларининг кинетик тартиблари ва активланиш энергияси одатдаги радикал полимерланишдан фарқ қилиши аниқланган;
пайвандланиш даражасини, сополимерланиш тезлиги, синтез қилинган полимерлар ва улар асосидаги материалларнинг тузилиши ҳамда физик-кимёвий хоссаларини бошқариш параметрлари аниқланган;
ишлов берувчи моддаларни тўқимачилик матоси молекулаларига пайвандланиши махсус хоссаларни яхшилаш омили эканлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Маҳаллий хомашёлардан фойдаланган ҳолда функционал-фаол мономерларнинг табиий полимерлар билан пайванд сополимерланиши бўйича олинган изланишларнинг илмий натижалари асосида:
тўқимачилик материалларини оловдан ҳимоялаш учун ишлов бериш композициясига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№ IAP 0523430, 2016). Натижада композициянинг қўлланилиши материалнинг оловбардошлик хоссаларини ошириш имконини беради;
тўқимачилик материалларини оловдан ҳимоялаш учун ишлов бериш композицияси «Ўзбекенгилсаноат» АЖ корхонасида амалиётга жорий этилган («Ўзбекенгилсаноат» АЖнинг 2017 йил 20 июлдаги ФЖ-12-2281-сон маълумотномаси). Натижада оловга чидамли материалнинг тажриба-саноат партиясини олиш имконини берган.