Sayt test rejimida ishlamoqda

Бекова Назора Жўраевнанинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Алишер Навоий форсий меросининг жанрий хусусиятлари ва бадиияти”, 10.00.02-Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.DSc/Fil58. 
Илмий раҳбар: Эшонқулов Ҳусниддин Примович, филология фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Восиева Рухшона Қурбоновна, филология фанлари доктори; Тўхлиев Боқижон, филология фанлари доктори, профессор;  Юсупова Дилнавоз, филология фанлари доктори, доцент. 
Етакчи ташкилот: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Навоий форсий меросининг Шарқ адабиётида тутган ўрнини ва «Девони Фоний»нинг ўзига хос бадиий қурилиши, жанрлар таркиби ва бадииятини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
“Девони Фоний”нинг мундарижаси, бадиий қурилиши (композицияси), жанрий таркиби, шеърлар хронологияси асосида девонда дебочанинг мавжуд эмаслиги, анъанадаги арабча 28 ҳарфга қўшимча равишда форс ва ўзбек тилларига хос бўлган “чим”, “же”, “гоф” ва “лом-алиф” ҳарфлари билан тугайдиган ғазаллар кўзга ташланмаслиги, девондаги ғазаллар “Наът”, “Татаббуъ”, “Тавр”, “Жавобия”, “Мухтараъ” каби турларга ажратилганлиги ҳамда ҳар бир ғазалга алоҳида сарлавҳа қўйилганлиги, “Хазойин ул-маоний” таркибидаги девонлардан ўнга яқин хусусиятлари билан фарқ қилиши фактик маълумотлар асосида исботланган;
Фоний қасида, ғазал (татаббуъ қасида, татаббуъ ғазаллар ёзиш орқали), рубоий (форсий тилда биринчи бўлиб тарсели рубоийлар ижод қилиш орқали), қитъа (тамсил усулида қитъа ёзиш орқали) каби лирик жанрлар имкониятларини бениҳоя бойитганлиги, татаббунавислик жараёнида мухтараъ ва ихтиро яратиш анаъанасини бошлаб берганлиги, бошқаларнинг ғазалларига татаббуъ ёзиш билан бирга, ўз ғазалларига ҳам татаббуъ битиш анъаналарини юзага келтирганлиги далилланган;
шоир ғазалларининг ғояси, мавзуси, образлари, шаклий белгилари (вазн, қофия радиф) жиҳатидан ўхшатма тарзида Ҳофиз Шерозий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий каби салафларнинг ғазалларига татаббуъ қилинганлиги, улар орасида шеърий санъатлар асосига тузилган маснуъ татаббулар, вазни ва радифи янгиланган, шакли ўзгача матбуъ татаббулар мавжудлиги аниқланган;
Фонийнинг мухтараъ ғазалларида ўша давр форс-тожик ёзма адабиётида қўлланилмайдиган «балохўрон», «кафандоз» сингари сўзлар қўлланилганлиги ва улар орқали шеъриятнинг мазмуни, лексикасини бойитганлиги, шоир туркий асарларида қўллаган муваффақиятли тажрибаларини форсий ғазалларида ҳам татбиқ этиб, бунда ҳам юксак натижаларга эришганлиги асосланган;
Навоий салафлари қўллаган тимсоллар, адабий анъаналардан усталик билан фойдалангани, гоҳо татаббу қилинаётган асар сўзлари чегарасидан чиқмай янги мазмун ифода этгани, гоҳо янги қофия, янги сўзларни ишга солгани, шоир яратган татаббулар тақлид ва такрордан ҳоли, янги фикр, тасвирларга бойлиги далилланган;
Навоийнинг ҳайрат, ҳиссий тасаввур ва руҳ кучи билан яратилган  форсий қасидалар туркумида Инсон ва Коинот, Инсон ва мавжудот, Инсон ва Илоҳнинг ўзаро боғлиқлиги ва алоқадорлиги, мавжудотнинг хулосаси ва қаймоғи Комил Инсон башариятни бошқарадиган буюк руҳ эканлиги каби исломий-ирфоний, фалсафий ғоялардан юксак санъаткорлик билан фойдаланганлиги  қиёсий-типологик аспектда аниқланган.  
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.  Алишер Навоий форсий меросининг жанрий хусусиятлари ва бадиияти масаласини тадқиқ этиш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
«Хазойин ул-маоний» ва «Девони Фоний» асарларининг мундарижасини,  бадиий қурилишини қиёсий таҳлил қилишга доир хулосалардан Ф1-ФА-0-43429, ФА-Ф1, ГОО2 “Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада (2012-2016) фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг  2021 йил 7 сентябрдаги 17.01/208-сон далолатномаси). Натижада Фоний девонидаги лирик асарларнинг жанр хусусиятлари, мазмуни, моҳияти, уларда тилга олинган ахлоқий, ижтимоий, фалсафий, тасаввуфий муаммоларни ёритиб беришга эришилган;
Фоний девонидаги ғазал, қитъа, рубоий, маснавий, тарих, луғз, қасида, мусаддас сингари жанрларнинг табиати, уни намоён этувчи композиция ва турли таҳлиллардан фойдаланишга доир хулосалардан ФА-Ф1-ОО5 “Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада (2017-2020) фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг  2021 йил 7 сентябрдаги 17.01/208-сон далолатномаси). Натижада Навоий форсий шеъриятининг бадиий хусусиятлари, ғоявий тимсоллари, тасаввуфий образлар силсиласини ёритиш беришга хизмат қилган;
Фонийнинг мухтараъ ғазалларида форс-тожик ёзма адабиётида қўлланилмайдиган «балохўрон», «кафандоз» сингари сўзлар қўлланилиши орқали форсий меъроснинг бадияти, мазмуни ёритишга ФА-Ф1-Г003 «Ҳозирги корақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши» мавзусидаги фундаментал лойиҳада (2012-2016) фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг  2021 йил 7 сентябрдаги 17.01/209-сон далолатномаси). Натижада шоирнинг ёзма адабиётида қўлланилмайдиган сўзларни  қўллаганлиги ва улар орқали шеъриятнинг мазмуни, лексикасини бойитганлигини  асослашга эришилган; 
Навоий қўллаган тимсоллар, адабий анъаналар, татаббулар тақлиду такрордан холи эканлиги янги қофия, янги сўзларни ишга солиш, янги фикр ва тасвирларга бойлиги ҳамда тадриж санъатидан фойдаланиш маҳоратига оид илмий қарашлардан  ФА-А1-Г007 «Қорақалпоқ нақл-мақоллари лингвистик тадқиқот объекти сифатида» мавзуларидаги   амалий лойиҳада  (2012-2016)  фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг  2021 йил 7 сентябрдаги 17.01/209-сон далолатномаси). Натижада Навоий икки тилдаги девонларининг  мундарижаси,  бадиий қурилиши ҳамда  шоирнинг халқ оғзаки ижоди ва халқ жонли тилидан фойдаланиш маҳоратини қиёсий аниқлашга имкон берган;
Навоийнинг  форсий ғазалларида васф этилган долзарб ижтимоий, маънавий ғоялар ёритилган илмий хулосалардан «Бухоро» телеканалининг «Долзарб мавзу», «Интервью плюс», «Ассалом, Бухоро», «Саккизинчи мўъжиза» кўрсатувларида фойдаланилган (Бухоро вилояти телерадиокомпаниясининг 2021 йил 5 январдаги 1/1-сон маълумотномаси). Натижада телетомошобинларнинг Алишер Навоийнинг форсий мероси, унда илгари сурилган умуминсоний қарашлар бўйича хулосаларини бойитишда муҳим аҳамият касб этган;
Мир Араб олий мадрасасида «Тасаввуф», «Тасаввуф атамалари» сингари дарсларни ўтишда,  Навоий таваллудининг 578, 579 ва Бобур таваллудининг 536, 537 йиллиги муносабати билан ўтказилган маънавий-маърифий тадбирларда диссертациянинг натижаларидан фойдаланилган (Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Мир Араб олий мадрасасининг 2021 йил  13 январдаги 2-сон маълумотномаси). Натижада Навоийнинг ҳайрат, ҳиссий тасаввур ва руҳ кучи билан яратилган  форсий қасидалар туркумида Инсон ва Коинот, Инсон ва мавжудот, Инсон ва Илоҳнинг ўзаро боғлиқлиги ва алоқадорлиги, Инсон руҳининг улуғ оламлар бўйлаб сайр этиб, Илоҳ томон кўтарилиши (уруж), инсонийлик даражалари, руҳ тараққиёти даражалари - пок руҳ (руҳ ул-қудс) билан белгиланиши, мавжудотнинг хулосаси ва қаймоғи Комил Инсон инсониятни бошқарадиган Буюк руҳ эканлиги каби исломий-ирфоний, фалсафий ғоялардан юксак санъаткорлик билан фойдаланганлигини янгича таҳлиллар асосида очиб берилгани талабаларнинг тасаввуф адабиёти билан боғлиқ билимларини ривожлантиришга кўмак берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish