Sayt test rejimida ishlamoqda

Шарипова Мунира Хамидуллаевнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Шайбоний “Девон”ининг поэтик хусусиятлари”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Fil40. 
Илмий раҳбар: Болтабоев Ҳамидулла Убайдуллаевич, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий  университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.01.
Расмий оппонентлар: Асадов Мақсуд Ҳусенович, филология фанлари доктори; Абдуллаева Марғуба Дусмиратовна, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Шайбоний «Девон»ини илмий тавсиф этиш, шеъриятининг жанрий таркиби, мавзу кўлами ва ғоявий-бадиий хусусиятларини, шоир ижодида адабий анъана, янгилик ва ўзига хосликларни очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Шоирнинг Аҳмад Яссавий, Саид Имодиддин Насимий, Ҳофиз Хоразмий, Алишер Навоий каби улуғ сўз санъаткорларига услуб ҳамоҳанглиги, бадиий ғоя ва фикр йўсинига уйғунлик масалаларида издошлиги анъана ва муштараклик нуқтаи назаридан далилланган; 
Шайбоний асарлари, тарихий манбалар ва тазкиралардаги маълумотлар  асосида унинг илмий таржимаи ҳоли яратилган, шахсияти, маънавий-ахлоқий қиёфаси, давр адабий-маданий ҳаётида тутган ўрни ва илм-фан ҳомийси сифатидаги хизматлари кўрсатилган;
«Баҳр ул-ҳудо» қасидасининг жанр хусусиятлари, ғоявий мазмуни ва  мавзу қамрови асосида Шайбонийнинг фалсафий-маърифий, диний-тасаввуфий фикр-қарашлари очиб берилган; 
Шайбоний  шеъриятида қўлланган поэтик воситалар, халқ оғзаки ижодиётига мансуб ифода усуллари ва талмеҳ, сажъ, мусажжаъ, тажнис сингари бадиий санъатлар орқали шоир ижодининг ўзига хосликлари очиб берилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Шайбоний адабий мероси ва «Девон»ининг поэтик хусусиятлари тадқиқи бўйича эришилган илмий натижалар асосида: 
Шайбоний ижодида  тарихан қадимги туркий халқлар  оғзаки ижодига хос хусусиятларнинг, хусусан сажъ, мусажжаъ ва тажнис санъатларининг ўзига хос тарзда акс этганлиги, Шайбоний ва ундан бошланган шайбонийлар даври шеъриятида адабий тил ва ифоданинг соддалашганлиги ҳамда адабиётнинг халқ жонли тилига яқинлашганлиги юзасидан чиқарилган  илмий-назарий хулосалардан ЎзР  Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтида  бажарилган ФА-Ф-1-005 рақамли «Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ қилиш» мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий тадқиқот институтининг 2021 йил 3 августдаги 190/1-сон  маълумотномаси). Тадқиқот натижалари туркий халқлар тили ва адабиётининг муштарак жиҳатларини асослашга хизмат қилган;
Шайбоний «Девон»ининг матн хусусиятлари,  шоир ижодига  Аҳмад Яссавий, Саид Имодиддин Насимий, Ҳофиз Хоразмий, Алишер Навоий каби   каби сўз санъаткорларининг адабий таъсири ва бу таъсир асарларнинг мазмун-моҳияти, ифода усули  ва образлар оламидаги уйғунликда акс этганлиги ҳақидаги илмий хулосалардан Озарбайжон  Миллий Фанлар академияси Низомий Ганжавий номли Адабиёт институтида «Манбашунослик ва матншунослик», «Туркий халқлар адабиёти тарихи», «Қардош халқлар адабиёти», «Адабий алоқалар» каби фанларни ўқитишда фойдаланилган (Озарбайжон МФА Адабиёт институтининг 2021 йил 14 апрелдаги маълумотномаси). Натижада талабаларнинг ўзбек мумтоз адабиётига оид билимлари оширилишига эришилган;
Шайбонийнинг илмий-ижодий биографияси, маърифатпарварлик фаолияти ва ўзбек мумтоз адабиёти тарихида тутган ўрнини ёритишда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон» телерадиоканали-нинг «Бедорлик», «Ижод завқи», «Таълим ва тараққиёт», «Миллат ва маънавият» номли эшиттириш ва кўрсатувларининг 2020 – 2021 йилларда эфирга узатилган сонлари сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон» телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2021 йил 3 майдаги 1-47-21-сон маълумотномаси). Натижада эшиттириш ва кўрсатувларда ёритилган адабий масалалар илмий далиллар билан таъминланган ва Шайбоний ижодининг тарғиб қилинишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish