Sayt test rejimida ishlamoqda

Мирзаев Шохрух Файзуллаевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Кузги буғдойда ўғитлар меъёрлари ва компост қўллашнинг тупроқ унумдорлиги ҳамда экинлар ҳосилдорлигига таъсири”, 06.01.01 – Умумий деҳқончилик. Пахтачилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.2.PhD/Qx554.
Илмий раҳбар: Иминов Абдували Абдуманнобович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат аграр университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, PhD.05/30.10.2020.Qx.126.01.
Расмий оппонентлар: Тунгушова Дилбар Абдукаюмовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Атажанов Муроджон Махамаджонович, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида қисқа навбатли алмашлаб экишнинг 1:1, кузги буғдой+такрорий экин - мош: ғўза тизимида тупроқнинг унумдорлиги ва экинлар ҳосилдорлигига кузги буғдойда компост ҳамда ўғитлар қўллашнинг таъсирини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Тошкент вилоятининг типик бўз тупроқлари шароитида қисқа навбатли алмашлаб экишнинг 1:1, кузги буғдой+такрорий экин-мош:ғўза тизимида кузги буғдойни экиш олдидан шудгор остига 10, 20 т/га гўнг ёки компост (шоли ва ёғоч қипиғи-25 фоиз, гўнг-25 фоиз, товуқ гўнги-35 фоиз, фосфогипс-15 фоиз нисбатда аралаштириб тайёрланган) қўллашнинг тупроқ унумдорлиги ҳамда ғўза мажмуидаги экинлар ҳосилдорлигини оширишдаги самарадорлиги аниқланган;
кузги буғдойда минерал ўғитларнинг N200 Р140 К100 кг/га меъёри + 10, 20 т/га ярим чириган қора мол гўнги ёки компост қўлланилиб, такрорий экин сифатида мош етиштирилиши тупроқнинг агрофизикавий ва агрокимёвий хусусиятларини яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатиши натижасида унинг ҳажм массасини 0,005-0,015 г/см3 га енгиллашиши, сув ўтказувчанлиги 10-40 м3/га, гумус миқдори 0,007-0,013 фоизга, умумий азот миқдори 0,005-0,009 фоизга, умумий фосфор миқдори 0,008-0,011 фоизга ортиши аниқланган;
кузги буғдойда минерал ўғитларнинг N200 Р140 К100 кг/га меъёри + 20 т/га ярим чириган қора мол гўнги ёки компост қўлланилиши кузги буғдой ва такрорий экин мошнинг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига ижобий таъсир кўрсатиши натижасида дон ҳосили назорат вариантига нисбатан кузги буғдойда 9,8-11,5 ц/га, такрорий экин мошда 2,8-3,4 ц/га ортиши аниқланган;
кузги буғдойда компост қўллаш ва такрорий экин сифатида мош етиштириш орқали ғўза ҳосилдорлигини ошириш ҳамда пахта толасининг технологик сифат кўрсаткичларини яхшилаш имкониятлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қисқа навбатли алмашлаб экиш тизимларида ярим чириган қора мол гўнги, компост ва минерал ўғитлар қўллашнинг самарадорлигини аниқлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари асосида: 
фермер хўжаликлари учун “Қисқа навбатли алмашлаб экиш тизимларида кузги буғдойда турли хил ўғитлар ва компост қўллаш орқали ғўза мажмуидаги экинлар ҳосилдорлигини ошириш бўйича тавсиялар” тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 27 февралдаги 02/025-818-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома бугунги кунда пахтачилик фермер хўжаликларида тупроқ унумдорлигини сақлаш, ошириш ҳамда экинлардан юқори ҳосил олишда қўлланма сифатида хизмат қилмоқда; 
қисқа навбатли алмашлаб экишнинг 1:1, кузги буғдой+такрорий экин-мош:ғўза тизимида ярим чириган қора мол гўнги, компост ва минерал ўғитларни қўллаш технологияси Тошкент вилояти Чиноз ва Бўка туманларининг фермер хўжаликларида жами 263,0 гектар майдонларга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 27 февралдаги 02/025-818-сон маълумотномаси). Натижада, кузги буғдойда минерал ўғитларнинг N200 Р140 К100 кг/га меъёрига қўшимча равишда 20 т/га ярим чириган қора мол гўнги ва компостни қўлланилиши минерал ўғитларнинг N200 Р140 К100 кг/га меъёри қўлланилган фонга нисбатан 7,9-9,8 ц/га қўшимча дон ҳосили олишни таъминлаган бўлса, такрорий экин сифатида етиштирилган мошдан 16,9-18,1 ц/га миқдорида дон ҳосили олишга эришилган;
кузги буғдойда минерал ўғитларнинг тавсия этилган N200 Р140 К100 кг/га меъёрига қўшимча равишда ярим чириган қора мол гўнги ва компост қўлланилган фонларда ғўза етиштириш технологияси Тошкент вилояти Чиноз ва Бўка туманларининг фермер хўжаликларида жами 263,0 гектар майдонларга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 27 февралдаги 02/025-818-сон маълумотномаси). Натижада, кузги буғдойда минерал ўғитларнинг N200 Р140 К100 кг/га меъёри қўлланилган фонда такрорий экин экилмасдан келгуси йили ғўза парваришланган назорат вариантига нисбатан 6,0-6,9 ц/га миқдорида қўшимча пахта ҳосили олишни таъминлаган ва рентабеллик даражаси 14,1-16,2 % га юқори бўлган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish