Sayt test rejimida ishlamoqda

Давронов Атобек Равшановичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ахборот технологиялари сохасидаги жиноятларни тергов қилиш устидан прокурор назорати”, 12.00.07 - Суд ҳокимияти. Прокурор назорати. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини ташкил этиш. Адвокатура (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/Yu251.
Илмий раҳбар: Астанов Истам Рустамович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бош прокуратура Академияси, DSc.31/31.12.2020.Yu.67.01.
Расмий оппонентлар: Маликова Гулчехра Рихсихўжаевна, юридик фанлар доктори, профессор; Абдурахмонхужаев Жамолиддин Хусанхон ўғли, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD). 
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни тергов қилиш устидан прокурор назоратига оид мавжуд камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш йўлларини аниқлаш орқали миллий қонунчилик ва амалиётни такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
прокурор тергов фаолияти устидан назорат қилиш ваколатига терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар фаолиятини ҳам назорат қилиш, айблов далолатномасини тасдиқлаб ишни судга юбориши, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида, айбланувчини лавозимидан четлаштириш ҳақида, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тўғрисида, мурдани эксгумация қилиш ҳақида, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисида судга илтимоснома киритиши ёки илтимосномага розилик бериши, жиноят ишини суриштирув органидан терговчига, прокуратуранинг бир терговчисидан бошқасига ўтказиш кириши лозимлиги асослаб берилган;
прокурорнинг ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни тергов қилиш устидан прокурор назоратини амалга ошириш жараёнида текшириш тартиби, тактикаси, эътибор қаратиши лозим бўлган ҳаракатлар кетма-кетлиги акс этган фаолият алгаритми ишлаб чиқилган;
ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти тарзидаги процессуал ҳаракатлар видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши далилни мустаҳкамлаш жараёнини самарадорлигини оширишга хизмат қилиши асосланган;
гувоҳлар, жабрланувчилар, гумон қилинувчилар ва айбланувчилар иштирокидаги тергов ҳаракатлари видеоконференцалоқа режимида техник воситалардан фойдаланган ҳолда ўтказилиши ишнинг самарадорлигини, тезкорлигини таъминлашга хизмат қилиши исботлаб берилган;
электрон манбалар ва электрон (рақамли) далил тушунчисини қонунчиликка киритиш лозимлиги ва далилларни баҳолашда ва ҳаракатларни расмийлаштиришда ушбу тушунчалардан ҳам фойдаланиш лозимлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни тергов қилиш устидан прокурор назоратини такомиллаштириш бўйича олинган илмий ва амалий натижалар асосида:
қонунларнинг жиноятчиликка қарши курашишни амалга оширувчи органлар томонидан ижро этилиши устидан назорат қилиш жараёнида прокурор ўз ваколатлари доирасида терговга қадар текширувни амалга оширувчи органлар фаолиятини ҳам назорат қилиши лозимлигига доир таклифлардан  “Прокуратура тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2021 йил 10 майдаги 06/1-05/2376-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг жорий этилиши қонунларнинг жиноятчиликка қарши курашишни амалга оширувчи органлар томонидан ижро этилиши устидан назорат қилиш жараёнида прокурорнинг ваколатларини кенгайтиришга ҳамда тартибга солишга ҳисса қўшган;
ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларни тергов қилиш устидан прокурор назоратини таъминлаш алгаритми акс этган услубиётдан прокуратура тизими ходимлари фаолиятини тизимлаштириш ва ҳаракатлар кетма-кетлиги бўйича тавсиялар акс этган ўқув қўлланмада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясининг 2021 йил 1 июндаги 30/8-21-1079-сон маълумотномаси). Ушбу услубиётнинг жорий этилиши прокуратура органларнинг ахборот технологиялар соҳасидаги жиноятларни тергов қилиш устидан прокурор назоратини ташкил қилиш, амалга ошириши лозим бўлган ҳаракатлар кетма-кетлигини тўғри шакллантириш жараёнини тизимлаштиришга ҳисса қўшган; 
ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш тарзидаги, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти тарзидаги процессуал ҳаракатлар видеоёзув воситаларидан фойдаланиб, қайд этилиши шартлигига оид таклифдан “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2018 йил 4 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2-моддаси 5-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қўмитасининг 2020 йил  5 октябрдаги 06-13/1947-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф орқали ўта оғир жиноятлар бўйича ўтказилидаган тергов ҳаракатларининг қонунийлигини асослаш тизимини янада мустаҳкамлаш имконини берган;
гувоҳлар, жабрланувчилар, гумон қилинувчилар ва айбланувчилар иштирокидаги тергов ҳаракатлари (сўроқ, шахсларни ва нарсаларни таниб олиш, юзлаштириш) мазкур шахсларни улар турган жойдаги ёки яшаш жойидаги вилоятнинг ёки туманнинг ёхуд шаҳарнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органига ёки судига чақирган, техник воситалардан фойдаланган ҳолда видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкинлиги тўғрисидаги таклифлардан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процесси иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги 9-моддаси 1-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2020 йил 25 февралдаги 5-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига тергов ҳаракатларини тезкор, тўсиқларсиз амалга ошириш имкониятини кенгайтириш имконини берган;
далиллар ва уларнинг турларига электрон (рақамли) далилларни киритиш, далилларни тўплаш тартибига электрон (рақамли) ҳужжат шаклидаги маълумотларни киритиш, текшириш объектлари жумласига электрон маълумотларни киритишга оид таклифларидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг 2021 йил 14 январдаги 27/19-10/21-сон маълумотномаси) Ушбу таклиф орқали прокурорнинг электрон далиллар билан ишлаш тизими тартибга солинишига ҳисса қўшган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish