Sayt test rejimida ishlamoqda

Муминов Музаффар Эркиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ишни судга қадар юритишда далилларни процессуал расмийлаштиришни такомиллаштириш”, 12.00.09 – Жиноят процесси. Криминалистика, тезкор-қидирув ҳуқуқ ва суд экспертизаси (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.PhD/Yu280.
Илмий раҳбар: Кулматов Шароф Асадович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, DSc.31/30.12.2019.Yu.25.02.
Расмий оппонентлар: Миразов Даврон Мирагзамович, юридик фанлар доктори, профессор; Муродов Бахтиёржон Баҳодирович, юридик фанлар доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ишни судга қадар юритишда далилларни процессуал расмийлаштиришни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти, шахсни ушлаш, ҳимоячидан воз кечиш, шунингдек шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйишни видеоёзув орқали қайд этилиши шарт бўлган процессуал ҳаракатлар сифатида қонунчиликда мустаҳкамлаш зарурати асослантирилган;
далиллар мақбуллигини таъминлаш мақсадида шахсни ушлаб туриш, шахсий тинтув ва олиб қўйиш баённомаларига процессуал ҳаракатларнинг видеоёзув орқали қайд этилганлигини ёзиб қўйиш ҳамда баённомаларга видеоёзув материалларини мажбурий тартибда илова қилиш амалиётини жорий этиш зарурати асосланган;
далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) деганда, исботлашни амалга ошираётган ёки исботлашда иштирок этиш учун жалб қилинаётган шахслар томонидан ғаразли ёки бошқа паст ниятларда терговга қадар текширув ёки жиноят иши материаллари бўйича ҳужжатларга ёхуд ашёларга била туриб ёлғон маълумотларни киритишда ва бошқача тарзда бузиб кўрсатишда намоён бўлган ҳаракатлар тушунилиши лозимлиги асосланган;
мутахассис иштирокисиз олиб қўйилган ёки кўздан кечирилган рақамли (электрон) ташувчи жисмлардаги маълумотларнинг номақбул далиллар сифатида баҳоланиши лозимлиги асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ишни судга қадар юритишда далилларни процессуал расмийлаштиришни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ўта оғир жиноятлар бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, тинтув, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти, шахсни ушлаш, ҳимоячидан воз кечиш, шунингдек шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйишни видеоёзув орқали қайд этилиши шарт бўлган процессуал ҳаракатлар сифатида қонунчиликда мустаҳкамлашга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-617-сон қонунининг 1-моддаси 2-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2021 йил 19 февралдаги 06/1-05/265-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг инобатга олиниши қонун талабларининг устуворлиги таъминланишига хизмат қилган;
далиллар мақбуллигини таъминлаш мақсадида шахсни ушлаб туриш, шахсий тинтув ва олиб қўйиш баённомаларига процессуал ҳаракатларнинг видеоёзув орқали қайд этилганлигини ёзиб қўйиш ҳамда баённомаларга видеоёзув материалларини мажбурий тартибда илова қилиш амалиётини жорий этишга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 14 майдаги «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-617-сон қонунининг 1-моддаси 4-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2021 йил 19 февралдаги 06/1-05/265-сон маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг инобатга олиниши жиноят процессида иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлашни янада кучайтиришга хизмат қилган;
далилларни сохталаштириш (қалбакилаштириш) деганда, исботлашни амалга ошираётган ёки исботлашда иштирок этиш учун жалб қилинаётган шахслар томонидан ғаразли ёки бошқа паст ниятларда терговга қадар текширув ёки жиноят иши материаллари бўйича ҳужжатларга ёхуд ашёларга била туриб ёлғон маълумотларни киритишда ва бошқача тарзда бузиб кўрсатишда намоён бўлган ҳаракатлар тушунилиши лозимлигига доир тавсиядан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сон қарорининг 5-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 6 сентябрдаги ПЛ-5620-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши далиллар мақбуллигига доир назарий билимларни янада бойитишга ва ушбу тушунчанинг ҳуқуқни қўллаш амалиётида бир хил талқин этилишига хизмат қилган;
мутахассис иштирокисиз олиб қўйилган ёки кўздан кечирилган рақамли (электрон) ташувчи жисмлардаги маълумотларнинг номақбул далиллар сифатида баҳоланиши лозимлигига доир таклифдан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 24-сон қарорининг 9-банди “к” кичик бандининг тўртинчи хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2021 йил 6 сентябрдаги ПЛ-5620-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши далилларни процессуал расмийлаштириш амалиётида қонун талаблари бузилишини олдини олишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish