Sayt test rejimida ishlamoqda

Раҳматова Говҳар Омоновнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Девону луғати-т-турк»даги шеърлар: матн ва унинг талқини масалалари», 24.00.04 – Мумтоз шарқ адабиёти ва манбашунослиги (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Fil772.
Илмий раҳбар: Содиқов Қосимжон Позилович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.35/30.12.2019.Isl/Tar/F.57.01.
Расмий оппонентлар: Омонов Қудратилла Шарипович, филология фанлар доктори, профессор; Шодмонов Нафас Намозович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади «Девону луғати-т-турк» асарида келтирилган шеърларнинг матн хусусиятлари ва талқини масалаларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
«Девону луғати-т-турк»нинг араб-мусулмон халқлари ичида кенг ёйилиши учун асарда оят ва ҳадислар мазмунига мос келувчи туркий халқлар оғзаки ижодининг панднома ва жангнома мавзусидаги шеърларидан кенг истеъфода этилгани далилланган;
«Девону луғати-т-турк»даги шеърларда бадиийликни ошириш учун ранг билдирувчи сифатлардан фойдаланилган бўлиб, лирик шеърларда qïzïl – «чирой ва гўзаллик»; qara – «гўзаллик ва ёшлик», sarïq – «айрилиқ ва ҳижрон»; жангнома шеърларда qïzïl – «қайноқлик; жўшқинлик ва жонланиш»; qara – «буюклик; куч-қудрат ва ёвузлик»; табиат тасвирига бағишланган қўшиқларда aq, örüŋ – «поклик ва қут-барака»; sarïq – «қуёш ва кўклам»; qïzïl – «хурсандчилик ва шодлик»; yašïl – «жонланиш ва янгиланиш» рамзи экани аниқланган;
Туркий халқлар оғзаки ижодида вариациянинг юзага келиши вариантдош сўзларнинг қўлланиши, лаҳжалардаги фонетик ўзгачаликлар (ü>i, a>ï, ä>e, e>y, d=δ) ҳамда инверсия ҳодисалари билан боғлиқлиги исботланган;
«Девону луғати-т-турк»да келтирилган шеърий узиндилар мисолида араб ва форс шеъриятидан фарқли ҳолда бармоқ вазнидаги рубоий, қасида ҳамда достон сингари шеърий жанрлар мавжуд бўлгани далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. «Девону луғати-т-турк»да келтирилган шеърлар: матн ва унинг талқини масалаларидан олинган натижалар асосида:
«Девону луғати-т-турк»да келтирилган шеърлар мазмуни туркий сўзларнинг маъносини изоҳлаш, уларнинг ўзига хос жиҳатларини очиб беришда фойдаланилган Қуръони карим оятлари ва ҳадислар мазмунига мос келиши бўйича олинган илмий ютуқлар буюртма асосида тайёрланган «Имом Термизий» ва «Адиб Собир Термизий» каби китоблар мазмунига сингдирилган (Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази 2021 йил 04 майдаги 01-07/82-сон далолатномаси). Натижада «Девону луғати-т-турк»да келтирилган шеърий парчалар Қуръон оятлари билан ўзаро қиёсланиб, XI асрга келиб, туркий халқлар ҳаётида ислом динининг мавқеи анча кучайгани ва унинг бадиий адабиётга таъсири масалалари ҳақида ўқувчиларда кўникма ҳосил қилиш учун муҳим аҳамият касб этган;
«Девону луғати-т-турк»даги шеърларда қўлланилган ранглар мазмуни билан боғлиқ илмий хулосалардан ОТ-Ф1-71 «Илк ва ўрта асрлар Марказий Осиё минтақасида этнолингвистик вазият» мавзуидаги лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 12 августдаги 89-03-2781-сон маълумотномаси). Натижада ушбу илмий хулосаларнинг келтирилиши ўрта асрларда Марказий Осиёдаги туркий халқларнинг жойлашуви ва бу даврдаги этно-лингвистик вазиятни очиб беришга хизмат қилган;
узиндиларда вариацияларнинг юзага келиши инверсия, лаҳжалардаги фонетик ўзгачаликлар, лексик таркибнинг ўзгариши каби ҳодисалар билан боғлиқлиги бўйича чиқарилган илмий хулосалар Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейида давлат илмий-техника дастури доирасида 2017-2018 йилларда бажарилган ПЗ-2016-0911134349 рақамли «Девону луғати-т-турк» асарининг рус тилига таржимасини нашрга тайёрлаш ва нашр қилдириш» мавзуидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Фанлар академиясининг 2021 йил 29 апрелдаги 3/1255-1254-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа доирасида «Девону луғати-т-турк»да келтирилган шеърларнинг русча таржимасини тўғри амалга оширишда мазкур диссертация ишидаги парчаларнинг ўқилиши, талқини ҳамда семантикасига оид илмий далиллар таржима сифатини оширишга хизмат қилган;
«Девону луғати-т-турк»да келтирилган шеърий парчалар бадиияти, улардаги ранг билан боғлиқ рамзлар, туркий халқлар оғзаки ижодининг туркий ёзма адабиётга таъсири каби натижа ва материалларидан «O‘zbekiston tarixi» телеканалида эфирга узатилган «Тақдимот» ва бошқа туркум кўрсатувлар сценарийсини тузишда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2020 йил 13 февралдаги 02-40-357-сон маълумотномаси). Натижада фойдаланилган материаллар эфирга узатилган телекўрсатувларнинг мазмун-моҳиятини бойитган ҳамда илмий далилларга бой бўлишини таъминлаган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish