Sayt test rejimida ishlamoqda

Бегматов Пардабой Абдурахимовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): “Ўзбекистоннинг тезюрар темир йўл участкаларида йўл устки қурилмаси элементлари ва ер полотноси конструкциясини такомиллаштириш”, 05.08.02 – Темир йўллар ва йўл хўжалиги; (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.2.PhD/T1208.
Илмий раҳбар: Абдужабаров Абдухамит Халилович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат транспорт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат транспорт университети ҳузуридаги PhD.15/30.12.2019.Т.73.01 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Саржанов Тайжан Садиханович, техника фанлари доктори профессор (Қозоғистон); Досметов Султонбой Камолович, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: АЖ “Узоғирсаноатлойиҳа” институти.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистоннинг тезюрар темир йўл участкаларида йўл устки қурилмаси элементлари ва ер полотносида юзага келувчи зўриқишларни камайтиришга қаратилган конструктив-техник ечимларни ишлаб чиқиш ва уларни ҳисоблаш усулларини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тезюрар темир йўлларнинг кўтарилиш, тушиш ва эгри участкалари учун йўлни бўйлама ва кўндаланг силжишга қаршилигини ошириш мақсадида қабариқ таянч юзали темирбетон шпаллар конструкцияси яратилган ва амалда қўллаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган;
рельсга ташқи куч таъсирини ҳисобга олган ҳолда уни бўйлама силжишга қаршилигини ошириш учун тажриба-тадқиқот асосида фторопластдан тайёрланган рельс ости прокладкасини қўллаш мақсадга мувофиқлиги аниқланган ва илмий асосланган; 
тезюрар темир йўл участкаларда ҳаракатдаги таркиб учун йўл устки қурилмаси ва ер полотносига узатиладиган таъсирлар асосида амплитуда-частотали тавсифларнинг математик модели ишлаб чиқилган; 
поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун тезюрар темир йўл участкаларининг асоси заиф грунтлардан иборат бўлган кўтармаларни темирбетон қозиқлар билан мустаҳкамлаш асосида янги конструктив ечимларини ҳисоб модели ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистон темир йўлларининг тезюрар участкаларида йўл устки қурилмаси ва ер полотноси элементларини такомиллаштириш юзасидан олинган илмий натижалар асосида:
Тошкент темир йўл масофаси (ПЧ-2) ҳудудидаги синов стендида фторопластдан тайёрланган рельс ости прокладкаларининг ишқаланиш коэффициенти юқорилиги аниқланган ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфидаги “Йўл хўжалиги бошқармаси” корхонасида жорий қилинган ("Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг 2021 йил 15 июндаги 01/2177-21-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаси асосида фторопласт прокладкасининг резинали прокладкага нисбатан силжишга қаршилиги 43% кўплигини аниқлаш имконини берган;
тезюрар темир йўл участкаларининг кўтарилиш ва тушиш участкаларда ҳаракатдаги таркибнинг тормозланишидан силжиш деформацияларини камайтирувчи қабариқ таянч юзали темирбетон шпаллар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфидаги “Йўл хўжалиги бошқармаси” корхонасида жорий қилиш учун қабул қилинган ("Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг 2021 йил 15 июндаги 01/2177-21-сон маълумотномаси). Натижада шпал таянчининг қабариқ қисми юкларни балласт призмасига ўтказиш бурчагини оширади, бу ундаги зўриқишни камайтириш, яъни ер полносидаги грунтдаги сиқилиш қатлами камайиши натижасида ер полотносидаги зўриқишни камайтириш имконини беради;
ишлаб чиқилган ер полотноси кўтармасининг темирбетон қозиқлар билан мустаҳкамлаш усули “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ нинг “Бухоро-Мискен” темир йўл линиясида жорий қилиш учун қабул қилинган ("Ўзбекистон темир йўллари" АЖнинг 2021 йил 15 июндаги 01/2177-21-сон маълумотномаси).  Мазкур конструктив ечим ер полотноси грунтидаги зўриқишларнинг бир текисда тақсимланишига ва вертикал таркибий қисмларнинг бир қисмини асос грунтига ўтишига олиб келади. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish