Sayt test rejimida ishlamoqda

Комилов Нодирбек Бокижоновичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Туркистон жадидларидан Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий фаолияти (1871-1936 йй.)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.3.PhD/Tar728.
Илмий раҳбар: Шамсутдинов Рустамбек Темирович, тарих фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон давлат университети, DSc.03/31.12.2020.Таr.60.01.
Расмий оппонентлар: Чороев Тынчтыкбек Кадырмамбетович, тарих фанлари доктори, профессор; Аъзамхўжаев Саидакбар Саидович, тарих фанлари доктори, профессор 
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаси Обиджон Маҳмудовнинг ҳаёти ва фаолиятини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Обиджон Маҳмудовнинг мустамлака Туркистонида миллий матбуот  ва ноширликни жорий этишдаги ўрни ва роли, у томонидан “Садои Фарғона” газетасида чоп этилган мақолаларнинг жамият ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлгани исботланган; 
Обиджон Маҳмудовнинг Туркистон иқтисодиётини ривожлантириш йўлида Қўқон биржа жамиятини ташкил этганлиги, ҳалол тадбиркорликни қўллаб-қувватлагани, қоғоз ишлаб чиқариш муаммоларини ҳал этиш учун олиб борган амалий фаолияти далилланган; 
Обиджон Маҳмудовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли “Шўрои Исломия”, “Миллий Иттиход” ташкилотлари, “Нашри маориф” жамияти фаолияти янада ривожланганлиги, истиқлолчилик ҳаракатларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлагани, Туркистон Мухториятини советлар томонидан қуролли ағдаришини олдиндан фаҳмлаган ва Туркиядан нажот кутган мухториятчилар Обиджон Маҳмудовни Бокуга юборгани, унинг Туркиядаги “Иттиҳод ва тараққий”чилар вакиллари билан музокара олиб борганлиги, натижада мухториятчиларга ёрдам бериш учун Туркиядан Туркистонга вакиллар келгани далилланган; 
Обиджон Маҳмудовнинг совет ҳукумати томонидан ноҳақ айблар билан қамоққа олинганлиги, мол-мулкларининг мусодара этилганлиги, шу боис қамоқдан озод қилишни сўраб ёзган мурожаати, синглиси Шарофат биби, ўғиллари Олимжон, Собиржонларнинг собиқ СССР Марказий ижроий қўмитаси раиси М.И.Калининга, Ўзбекистон ССР Марказий ижроий қўмитаси раиси Й.Охунбобоевга ёзган хатлари уни озодликка чиқиши учун муҳим рол ўйнагани асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Обиджон Маҳмудов ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ этиш давомида олинган натижалар, хулосалар ва амалий тавсиялардан: 
Обиджон Маҳмудовнинг XIX аср охири ва XX аср бошларида Туркистонда миллий тараққийпарварлик ҳаракатида фаол иштирок этганлиги, ноҳақ қатағон қурбони бўлганлигига оид материаллар ва манбалардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, шунингдек, Фарғона давлат университети тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейининг “Совет ҳокимиятининг Ўзбекистонда амалга оширган қатағонлик сиёсати” номли экспозициясини тўлдиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейининг 2021 йил 28 январдаги 31-сон маълумотномаси). Натижаларнинг қўлланилиши мазкур даврни фактик материаллар ва маълумотлар билан тўлдиришга кўмак бериб, Туркистоннинг ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий, маданий жараёнларида фаол қатнашган Обиджон Маҳмудов меросини илмий асосда ёритишга хизмат қилган;
Обиджон Маҳмудовнинг Туркистонда миллий матбуот ва ноширликни жорий этишдаги ўрни ва роли, у томонидан ташкил этилган “Садои Фарғона” газетасининг жамият ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётидаги аҳамияти акс эттирилган илмий манба ва материаллардан Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг “Туркистон Мухторияти” номли экспозицион режаларини тузишда, уни материаллар, манбалар ҳамда маълумотлар билан бойитишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2021 йил 2 мартдаги 05-12-08-1155-сон маълумотномаси). Натижада материаллар музей фондини Обиджон Маҳмудовнинг миллий матбуот ва ноширлик фаолиятига оид илмий ахборотлар билан тўлдиришга хизмат қилган;
Обиджон Маҳмудовнинг Туркистон саноати ва иқтисодиётини ривожлантириш борасида аниқ амалий ҳаракатлар олиб борганлиги, Қўқон биржа жамияти унинг бевосита иштирокида ташкил этилгани, Туркистонда юзага келган ижтимоий муаммоларни ҳал қилишдаги фаолияти натижасида Майрам, Исфара, Конибодом, Қўқон каби ҳудудларда сув ва ғалла танқислиги муаммоси ҳал қилинганлигига доир маълумотлардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатувининг сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2021 йил 16 февралдаги 02-10-228-сон маълумотномаси). Натижалар телетомошабинларга Обиджон Маҳмудовнинг Туркистон саноати ва иқтисодиётини ривожлантириш бўйича амалга оширган саъй-ҳаракатлари тўғрисида янги тарихий маълумотлар етказиб берилишида хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish