Sayt test rejimida ishlamoqda

Туреев Азизбек Абатовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қорақалпоғистон Республикасининг солиқ потенциалини оширишнинг асосий йўналишлари”, 08.00.07 - Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.3.PhD/Iqt1118. 
Илмий  раҳбар: Мусагалиев Ажинияз Жумагулович,  иктисодиёт  фанлари  доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоқ табиий фанлар илмий тадқиқот институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат иқтисодиёт университети, DSc.03/10.12.2019.I.16.01.
Расмий оппонентлар: Қузиева Наргиза Рамазановна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Комолов Одилжон Сайфутдинович, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Қорақалпоғистон Республикасининг солиқ потенциалини оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ҳудуднинг иқтисодий паст ривожланган туманларида солиқ потенциалини оширишда солиқ ставкаларини 50 фоизга пасайтириш орқали солиқ мажбуриятларини 90 фоизга бажарилиши асосланган;
мамлакат ҳудудларининг солиқ потенциалини оширишда манзилли солиқ имтиёзлари тақдим этишнинг мақсадга мувофиқлиги асосланган;
Қорақалпоғистон Республикасида фойда солиғини 60 фоизга ва айланмадан олинадиган солиқни 30 фоизга ўсиши ҳудудда солиқ йиғилувчанлигини оширилиши асосланган;
Қорақалпоғистон Республикаси солиқ потенциали барқарорлигини таъминлашда фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича тушумлар потенциалининг 2023 йилгача прогнози ишлаб чиқилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Қорақалпоғистон Республикасининг солиқ потенциалини оширишнинг асосий йўналишлари бўйича ишлаб чиқилган илмий таклиф ва амалий тавсиялар асосида:
ҳудуднинг иқтисодий паст ривожланган туманларида солиқ потенциалини оширишда солиқ ставкаларини 50 фоизга пасайтириш орқали солиқ мажбуриятларини 90 фоизга бажарилиши бўйича берилган таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 июлдаги ПҚ-4389-сонли ва 2020 йил 11 ноябрдаги ПҚ-4889-сонли қарорларига киритилган (Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигининг 2021 йил 22 февралдаги ШЕ/01-09/597-сон маълумотномаси). Мазкур қарорларга мувофиқ, ҳудудларда солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариш даражасини ошириш белгиланган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикасининг иқтисодий жиҳатдан ривожланиш даражаси паст бўлган Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида янгидан ташкил этиладиган саноат йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари 2024 йил 1 январга қадар фойда солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиғини амалдаги белгиланган солиқ ставкаларининг 50 фоизи миқдорида амалга ошириши белгиланди. Таклифнинг амалиётга жорий қилиниши мамлакат ҳудуди молиявий имкониятларини ва солиқ потенциалини маҳаллий шароитлардан келиб чиққан ҳолда ошириш ва прогноз қилиш имконини берган.
мамлакат ҳудудларининг солиқ потенциалини оширишда манзилли солиқ имтиёзлари тақдим этишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан берилган таклиф Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 ноябрдаги ПҚ-4889-сонли қарорига киритилган (Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2021 йил 2 мартдаги 02-06/9-02/174-сон маълумотномаси). Қарорга асосан, солиқ имтиёзларининг самарадорлик даражасини баҳолаш асосида уларни тақдим этишнинг аниқ мезон ва механизмлари белгиланди. Натижада Қорақалпоғистон Республикасида шароити оғир 45 та маҳалла ва овулда янгидан ташкил этиладиган хизмат кўрсатиш йўналишидаги тадбиркорлик субъектларига 2026 йил 1 январга қадар фойда солиғи, кичик корхоналар айланмасидан олинадиган солиқ ва бошқа маҳаллий солиқларни тўлашдан озод қилиш имтиёзи қўлланилиб ҳудуд солиқ потенциали оширилишига рағбат ва шароит яратилган.
Қорақалпоғистон Республикасида фойда солиғини 60 фоизга ва айланмадан олинадиган солиқни 30 фоизга ўсиши ҳудудда солиқ йиғилувчанлигини оширилиши тўғрисидаги таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 июлдаги ПҚ-4389-сонли қарорида ўз аксини топган (Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигининг 2021 йил 22 февралдаги ШЕ/01-09/597-сон маълумотномаси). Қарорга асосан, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг солиқ имкониятларини баҳолаш методикасини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, солиқ тушумларини ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича прогноз қилиш учун индикаторлар ва маълумотлар манбаларини шакллантириш белгиланган бўлиб, таклифнинг жорий қилиниши натижасида ҳудуд солиқ потенциалини шакллантиришда маҳаллий бюджетга тушумлар потенциалининг ўсишига хизмат қилувчи самарали солиқ режалаштирилиши моделини амалиётга татбиқ этиш имконини берган.
Қорақалпоғистон Республикаси солиқ потенциали барқарорлигини таъминлашда фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича тушумлар потенциалининг 2023 йилгача прогнози бўйича таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 июлдаги ПҚ-4389-сонли қарорига киритилган (Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлигининг 2021 йил 22 февралдаги ШЕ/01-09/597-сон маълумотномаси). Мазкур қарорга асосан, мамлакатимизда ҳудудларнинг солиқ имкониятларини баҳолашнинг ва бюджет даромадларини прогнозлаштиришнинг замонавий усулларини амалиётга жорий қилиш белгиланди. Таклифнинг татбиқ этилиши Қорақалпоғистон Республикаси бюджети даромадларини прогнозлаштиришда ҳудуд солиқ имкониятларини баҳолаш ва оширишда услубий йўналиш хизматини бажарган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish