Sayt test rejimida ishlamoqda

Узаков Зафар Заировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Оғир металларнинг суғориладиган тупроқларда, сабзавот-полиз экинларида тўпланиши ва уларнинг экологик ҳолати», 03.00.10 – Экология (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.3.PhD/В495.
Илмий раҳбарлар: Каримов Хусниддин Нагимович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Қарши давлат университети ҳузуридаги PhD.03/30.06.2020.В.70.03 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Мамбетуллаева Светлана Мирзамуратовна, биология фанлари доктори, профессор; Абдрахманов Тохтасин, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: тупроқ таркибида мавжуд токсик элементларни аниқлаш орқали уларни экологик ҳолатини баҳолаш, тупроқ таркибида оғир металлар, қолдиқ пестицидлар ва шўрланиш ҳолатидан келиб чиқиб ҳудуднинг экологик хариталарини тузиш ҳамда сабзавот-полиз экинларида оғир металларнинг тўпланиши бўйича ўсимликларни жойлаштиришга қаратилган экологик қаторини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
саноати ривожланган ҳудуд тупроқлари таркибидаги ҳаракатчан шаклдаги ва токсик таъсир қилувчи кимёвий моддалар миқдорининг вегетация даврида ўзгариш қобилияти аниқланган ва биологик айланиш тизимига ўтишини ҳисобга олган ҳолда, оғир металларнинг ҳаракатчан шаклини тупроқ-ўсимлик тизимида тўпланиши баҳоланган;
оғир металларнинг хавфлилик даражаси бўйича ўта хавфли, яъни 1-синфга кирувчи Se, As, Pb, Cd, Zn, 2-синфга мансуб Ni, Cu, Cr элементларининг ҳаракатчан шакллари рухсат этилган миқдорлардан бир неча баробар юқори эканлиги аниқланган;
сабзавот ва полиз экинлари таркибида оғир металларнинг аккумуляцияси рухсат этилган меъёрлардан ортганлиги очиб берилган;
ҳудуд тупроқларининг шўрланиш даражаси баҳоланган ҳамда тупроқ шўрланиш экологик хариталари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Оғир металларнинг суғориладиган тупроқларда, сабзавот-полиз экинларида тўпланиши ва уларнинг экологик ҳолати бўйича олинган илмий натижалар асосида:
суғориладиган тупроқларда оғир металларнинг хавфлилик даражаси бўйича ўта хавфли, яъни 1-синфга кирувчи Se, As, Pb, Cd, Zn, 2-синфга мансуб Ni, Cu, Cr, 3-синфга кирувчи Mn элементларининг тўпланиши бўйича тупроқнинг экологик 3D харитаси Қашқадарё вилояти Ғузор тумани, Бўстон массивининг Бурхон ҳамда Ғузор оқ тулпори фермер хўжаликларида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2021 йил 15 июлдаги 04-02/8-2275-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу харитада келтирилган маълумотлар фермер хўжаликларида мавжуд ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш имконини берган;
қишлоқ хўжалигида экин ер майдонларини токсик элементлар билан ифлосланишини ҳисобга олган ҳолда сабзавот-полиз экинларини жойлаштириш бўйича тавсиянома Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фаолиятида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2021 йил 15 июлдаги 04-02/8-2275-сон маълумотномаси). Натижада, етиштирилаётган қишлоқ хўжалик экинларидан экологик соф-тоза маҳсулот олиш бўйича чора-тадбирларни олиб бориш имконини берган;
суғориладиган тупроқ шўрланишининг экологик харитаси «Бурхон» фермер хўжалигининг 47,4 гектар, «Ғузор оқтулпори» фермер хўжалигининг 180 гектар майдонига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2021 йил 15 июлдаги 04-02/8-2275-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу харитада келтирилган маълумотлар фермер хўжаликларида мавжуд ерларнинг унумдорлигини ошириш ҳамда экологик жиҳатидан самарали бўлган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини берган;
тупроқнинг экологик ҳолатига кўра (Solanum lycopersicum) помидор → (Cucurbita) қовоқ → (Brassica rapa L) шолғом → (Cápsicum ánnuum) булғор қалампири → (Cucumis melo) қовун → (Citrullus lanatus) тарвуз, (Dáucus caróta) – сабзи ўсимлик турларининг тупроқ таркибида мавжуд оғир металларни аккумуляциясига доир хулосалар Қашқадарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси фаолиятида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2021 йил 15 июлдаги 04-02/8-2275-сон маълумотномаси). Натижада, сабзавот-полиз экинлари таркибида оғир металларнинг рухсат этилган меъёрлардан ортишини олдини олиш, тупроқнинг ифлосланиш ҳолатидан келиб чикиб, токсикантларни кам ўзлаштирувчи экинларни танлаб экишни йўлга қўйиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish