Sayt test rejimida ishlamoqda

Султанов Пулат Каримовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Тирик донордан олинган буйрак трансплантацияси натижаларни башорат қилиш ва такомиллаштириш йўллари», 14.00.40 – Шошилинч тиббиёт ва 14.00.32- Трансплантация ва сунъий аъзолар (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.DSc/Tib384.
Илмий раҳбар: Хаджибаев Абдухаким Муминович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, DSc.04/30.12.2019.Tib.63.01.
Расмий оппонентлар: Мойсюк Ян Геннадиевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Акалаев Рустам Нурмухамедович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Бахритдинов Фазлитдин Шамсиддинович тиббиёт фанлари доктори, профессор
Етакчи ташкилот: «Н.В.Склифосовский номли тез ёрдам илмий-текшириш институти» давлат бюджет муассасаси (Россия Федерацияси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади тирик донордан олинган буйрак трансплантациясида ташхислаш, жарроҳлик амалиёти протекцияси ва трансплантат патологиясини башоратлашни такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тирик донорни оддий усулдан мураккаб усулга қараб босқичли текшириш алгоритми ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу ёндашув текшириш вақтини қисқартиришга, молиявий ҳаражатларни камайтиришга, энг муқобил иммуносупрессия баённомасини танлашга ва охир оқибат трансплантация натижаларини яхшилашга имкон яратади;
донор нефрэктомиясини бажаришда параректал яримойсимон кесимнинг юқори самарадорлиги исботланган бўлиб, ушбу кесимни қўллаш амалиётнинг давомийлигини, бирламчи иссиқлик ишемиясини, трасплантант фаолиятининг кечикиши ҳолатлари миқдорини қисқартиришга, бир йиллик яшовчанлик кўрсаткичини 93,3% гача оширишга, донор ва реципиентнинг ҳаёт сифатини яхшилашга имкон беради, хирург ва анестезиолог тактикасига ижобий таъсир қилади;
тажрибада иссиқлик ишемияси давомийлигининг донор буйраги фаолиятига таъсирини баҳолаш натижасида аъзо артериясини 12 ва 24 дақиқа давомида боғлаш орқали қонсизланган буйракда функционал ўзгаришлар деярли кузатилмаслиги, 36 дақиқа қонсизланганда эса вақтинчалик кузатилинадиган ўтиб кетувчи ўзгаришлар юзага келиши, 48 дақиқалик ишемиядан сўнг эса тоборо кучайиб борувчи ва охир-оқибатда жониворларнинг ўлимига олиб келувчи эгри бугри каналчаларнинг эпителиал тўқимасида ортга қайтмас деструктив-некробиотик ўзгаришларнинг ривожланиши кўрсатилган;
трансплантация амалиёти давомида трансплантатни иссиқлик ишемиясидан ҳимоя қилувчи, қуввати бошқарилинадиган, хирург фаолиятига халақит бермайдиган, асоратлар ривожланиш хавфини камайтирадиган, трансплантрация қилинган аъзонинг реципиентда қониқарли фаолият кўрсатиш муддатини узайтиришга хизмат қилувчи махсус мослама яратилган ва самарадорлиги исботланган;
буйрак трансплантациясидан кейинги даврда ривожланадиган асоратларни қадамма-қадам дифференциал диагностика қилиш алгоритми ишлаб чиқилган бўлиб, у даволашнинг мақсадли тактикасини белгилашга, трансплантат фаолиятининг кечикиши миқдорини 22,5%дан 11%гача, ўткир ҳужайрали рад қилиш асоратини 11,6%дан 2,4%гача, сурункали рад қилишни эса 6,4%дан 1,8%гача ва ўлим кўрсаткичини 29,5%дан 6,1%гача қисқартиришга ҳамда 5 йиллик яшовчанликни 88,6%дан 93,9%гача оширишга имкон беради;
реципиентда юрак қон-томир касалликлари мавжуд бўлганда йирингли-септик асоратлар хавфи юқори бўлиши, HLA-номутаносиблик миқдори ва донор буйрак артерияларининг сони ортгани сайин трансплантат фаолиятининг кечикиши, гематомалар юзага келиши ва сийдик найи-сийдик пуфаги анастомозининг етишмовчилиги ривожланиши хавфи ҳам ортиб бориши аниқланган;
реципиент қонидаги мочевина, креатинин ва С-реактив оқсил миқдорининг кескин ортиши, гематома ривожланиши, буйрак копточаларидаги фильтрацияси тезлигининг сусайиши ўткир гуморал ҳамда сурункали рад қилиш каби асоратлар ривожланишининг эрта белгилари эканлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тирик донордан олинган буйрак трансплантацияси натижаларини башорат қилиш ва такомиллаштириш йўлларида баҳолаш бўйича олинган натижалар асосида:
сурункали буйрак касаллиги билан хасталанган реципиентга тирик донордан олинган буйрак трансплантини яшовчанлик даражасини баҳолаш кетма-кетлигини олиб бориш тактикасини амалга ошириш мақсадида «Буйракни трансплантация қилиш учун тирик донорни олиб бориш алгоритми» номли услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 22 ноябрдаги 8н-р/509-сон маълумотномаси). Натижада буйракни трансплантация қилиш учун тавсия қилинган тирик донорни олиб бориш тактикасини кетма-кет амалга ошириш ва жаррохлик амалиётидан кейин реципиентнинг саломатлик ҳолатини яхшилаш ва ҳаёт сифатини ошириш имконини берган;
тирик донордан олинган буйрак трансплантини асоратларни олдини олиш ва беморларни олиб бориш тактикасини танлашда «Буйракни трансплантация қилгандан кейинги жаррохлик амалиётлари асоратларини ташхислаш ва даволаш алгоритми» номли услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 22 ноябрдаги 8н-р/510-сон маълумотномаси). Натижада буйракни трансплантация қилгандан кейин реципиентларда юзага келадиган асоратларни ташхислаш ва уни бартараф қилиш билан биргаликда ҳаёт сифатини ошириш имконини берган;
тирик донордан олинган буйрак трансплантациясини яшовчанлик даражасини такомиллаштиришга қаратилган тадқиқот натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалининг анестезиология ва жонлантириш бўлимлари, Қорақолпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказларининг нефрология бўлимларининг амалий фаолиятига тадбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 4 августдаги 08-09/9545-сон маълумотномаси). Олинган натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши, потенциал донорлар логистикаси ва фойдасиз текширувларга бўладиган сарф-харажатларни камайтириш орқали тирик донорни танлаб олишни иқтисодий самарадорлигини ошириш, трансплантат фаолиятини кечиктириш сонини 11,5%, ўткир ҳужайра ажралиб чиқишини 9,2%, ўткир гуморал ажралиб чиқишини 0,4% ва сурункали ажралиб чиқишни 4,6%га ҳамда жарроҳлик амалиётидан кейинги асоратларни ва ўрин-кун сонини 0,9га қисқартириш имкон берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish