Sayt test rejimida ishlamoqda

Кодиров Нодирбек Мамасолиевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон ёшларида ахборот маданиятини шакллантиришнинг ижтимоий-фалсафий таҳлили”, 09.00.04 – Ижтимоий фалсафа (фалсафа фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018/1PhD/Fal168.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.F.02.02.
Илмий раҳбар: Юлдашев Махамадилхом Мамаюнусович, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Кушаев Умиджон Рахимович, фалсафа фанлари доктори, доцент; Хажиева Мақсуда Султановна, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Андижон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ёшларда ахборот маданияти генезисининг ретроспектив асослари, шаклланиш ва ривожланиш босқичлари, ворислик муносабатларини аниқлаш ҳамда глобаллашув шароитида уларни оптималлаштиришга доир таклиф-тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
глобализация ва рационал тараққиёт билан боғлиқ моддий-техник асослар, инновацион технологиялар инфраструктураси каби объектив шарт-шароитлар ҳамда дин, фан, оммавий ахборот воситалари сингари субъектив омиллар ёшларда ахборот маданиятини шакллантиришнинг  барқарорлаштирувчи, назорат қилувчи ҳамда тартибга солувчи функционал асослари эканлиги фалсафий жиҳатдан очиб берилган;
ёшларда ахборот маданиятини шакллантиришда миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган ахборотга оид билимларни трансформациялашнинг техник воситалари (мультимедиа воситалари, интернет тармоқлари, мобиль алоқа тизимлари, сунъий интелект) педагогик-дидактик технологияси (анъанавий ва замонавий қадриятлар интеграциясининг конструктив усуллари, рационал воситалари), тарғибот-ташвиқот коммуникацияси (ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, ҳуқуқий-сиёсий тарғибот) ва инфраструктурасини такомиллаштириш бирламчи асосга эга эканлиги исботланган;
ахборот маданияти шаклланишининг тарихий генезиси, глобаллашув хусусиятлари динамик ўсувчи ва ўзгарувчи янги мезонлар асосида даврлаштирилиб (аграр, индустриал, постиндустриал), унинг муқобил илмий-назарий таълимотлари тизими ҳамда ғоявий-мафкуравий йўналишлари такомиллаштирилган; 
глобаллашув шароитида шахс маргиналлашуви, ижтимоий бегоналашув ва конформизм ҳодисаларини олдини олишда ҳар бир кишида миллий-маънавий қадриятларга асосланган ахборот маданиятини шакллантириш зарурлиги фалсафий жиҳатдан асосланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Ўзбекистонда ёшларнинг ахборот маданиятини шакллантиришнинг ижтимоий-фалсафий таҳлилини тадқиқ этиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ахборот маданияти шаклланишини детерминлаштирувчи объектив шарт-шароитлар ва субъектив омилларнинг жамият тараққиётидаги ўзига хос роли, ўрни ва функционал аҳамиятига  доир илмий асосланган таклиф-тавсияларидан ЁА2-ОТ-0-14679 ЁА2-15 рақамли “Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятини такомиллаштириш йўналишлари (2014-2015 йй)” мавзусидаги амалий лойиҳада белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 5 июндаги 89-03-1930-сон маълумотномаси). Натижада, маҳаллий давлат хокимияти органлари бошқарув ходимларида ахборот маданиятини ривожлантириш ва ёш бошқарув кадрлар маънавий потенциалини такомиллаштиришга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
ахборот маданиятининг шаклланиш генезиси, тарихий ривожланиш босқичлари, глобаллашув хусусиятлари динамик ўсувчи ва ўзгарувчи янги мезонлар асосида даврлаштирилиб, муқобил илмий-назарий таълимотлари тизими ҳамда ғоявий-мафкуравий йўналишлари такомиллаштирилганлигига оид илмий–назарий таклиф-тавсияларидан Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 8 сентябрдаги ЎРҚ-444-сон “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддаси (Асосий тушунчалар), 5-моддаси (Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари), 11-моддаси (Таълимни давлат томонидан бошқариш органларининг ва таълим муассасаларининг болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари), 17-моддаси (Ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифи)ни  тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари Қўмитасининг 2020 йил 7 февралдаги 05/02-0513-сон маълумотномаси). Натижада, ёшларда ахборот маданиятини шакллантириш ва юксалтириш билан боғлиқ ишларни амалга оширишга ҳуқуқий ва методологик асос бўлиб хизмат қилган;
ахборот маданияти натижалари трансформациясининг техник воситалари, педагогик-дидактик технологияси, тарғибот-ташвиқот коммуникацияси ва инфраструктурасини ривожлантириш усулларини, воситаларини такомиллаштиришга доир методологик тавсиялари ва амалий таклифларидан Ўзбекистон  Миллий тикланиш демократик партиясининг  2019 йил 24 декабрь куни тасдиқланган “Ўзбекистон  Миллий тикланиш демократик партияси” Сайловолди дастурини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясининг 2020 йил  3 июндаги 01-148-сон маълумотномаси). Натижада, жамиятда маънавий-ахлоқий хавфсизликни таъминлаш ва ёшларда ахборот истеъмоли маданиятини ривожлантиришга қаратилган тарғибот ишларини самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
ахборот маданияти глобаллашуви шароитида, унинг шахс маргиналлашуви, ижтимоий бегоналашуви ва конформизм ҳодисасининг намоён бўлиш шакллари, йўналишлари конкретлаштирилиб, ривожланиш тенденцияларига оид таклиф ва тавсияларидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг “Digital Generation Uzbekistan” (Рақамли авлод) амалий лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг 2020 йил 3 июндаги 04-13/1693-сон маълумотномаси). Натижада, мамлакатимиз ёшларида прагматик тафаккур ва ахборот маданиятини шакллантиришнинг илмий асосланган мезонлари, ностандарт қарор қабул қилиш, мустаҳкам фуқаролик позицияси фазилатларини шакллантиришга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish