Sayt test rejimida ishlamoqda

Ахророва Шаҳло Ўринбоевнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ижтимоий сиёсатни амалга оширишда миллий қадриятларнинг ўрни”, 09.00.04 – Ижтимоий фалсафа (фалсафа фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Fal59.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жиззах давлат педагогика институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.F.02.02. 
Илмий раҳбар: Назаров Қиёмиддин Нормирзаевич, фалсафа фанлари доктори, профессор. 
Расмий оппонентлар: Мухторов Азамат, фалсафа фанлари доктори, профессор; Яхшиликов Жўрабой Яхшиликович, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат транспорт университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда ижтимоий сиёсатни амалга оширишда миллий қадриятларнинг ўрнини аниқлаш, жамият барқарорлиги ва равнақи учун тутган муҳим аҳамиятини ижтимоий-фалсафий асослаш ҳамда методологик таклиф-тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ижтимоий сиёсатнинг жамиятдаги маънавий борлиқ билан боғлиқлиги, эҳтиёж, ғоя, мақсад, манфаатлар қадриятлашувида ҳамда миллий характернинг шаклланиши ва такомиллашувида миллий қадриятларнинг воситачилик вазифаси унинг субстанционал асоси эканлиги мантиқий далилланган; 
жамиятни ташкил қилувчи муайян гуруҳларнинг ўзаро келишув асосида йўлга қўйилган, миллий-маданий анъаналар, тартиблар, қоидалар асосида мустаҳкамланган муносабатлари асосида шаклланган қонуниятлар тизими ва уларнинг алоқадорлик диалектикаси ҳамда мавжуд ижтимоий жараёнларга мутаносиб тарзда шаклланган қадриятлар тизими динамикасининг миллий ва умуминсоний қадриятлар билан ўзаро таъсирланиши фалсафий жиҳатдан исботланган; 
Ўзбекистонда ижтимоий сиёсат тизимини умуминсоний қадриятлар асосида манзилли такомиллаштириш босқичлари ва объектив воқеликда (узоқ ва чекка ҳудудларда) намоён бўлиш сифат хусусиятларининг миллий ва маданий қадрият омилларига алоқадорлиги асосланган; 
глобаллашув шароитида оммалашувнинг кенгайиб бориши ҳисобига миллийликнинг “емирилиб борилиши”ни инобатга олган ҳолда, ижтимоий сиёсатда миллий ва умуминсоний қадриятларнинг ўзаро уйғунлигини таъминлашда миллий онг ва миллий-маданий қадриятларнинг конструктив(бунёдкорлик) аҳамиятини ошириш зарурлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мамлакатимизда ижтимоий сиёсатнинг миллий борлиқ билан алоқадорлигини асослаш ҳамда миллий қадриятларнинг ўрнини белгилаш ва тадқиқ этиш асосида: 
ижтимоий сиёсатнинг миллий борлиқ билан алоқадорлиги, миллий қадриятлар асосида миллий характернинг такомиллашуви ва шаклланишига оид таклиф-тавсияларидан Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2016-2017 йилларда бажарилган И-2016-1-33 рақамли “Миллий тарбия ва ёшлар дунёқарашини шакллантириш” мавзусидаги амалий грант лойиҳасида белгиланган вазифалар ижросида фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2018 йил 28 ноябрдаги 01/0 12-1253-18-сон маълумотномаси). Натижада, ёшларда миллий ғоя ҳамда миллий қадриятлар асосида миллий характерни шакллантириш асносида бунёдкорлик, компромисслик, консенуслик, жамоавийлик, толерантлик ва тадбиркорлик каби ментал хусусиятларнинг қарор топишига хизмат қилган;
ижтимоий сиёсатнинг мотиви, гносеологик асоси, ўз-ўзини ташкиллаштириш функционал қонунлари, диалектикаси ва динамикаси, миллий ва умуминсоний қадриятлар билан ўзаро таъсирланишига оид илмий асосланган таклиф ва хулосаларидан “Ахлоқ фалсафаси” номли ўқув қўлланманинг II бобидаги “Ахлоқий қадриятлар ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусини тайёрлашда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 25 февралдаги 89-03-805-сон маълумотномаси). Натижада, ахлоқий қадриятларнинг миллий ва умуминсоний қадриятлар билан ўзаро таъсирланишини асослаб беришга хизмат қилган;
Ўзбекистонда ижтимоий сиёсат тизими, манзилли такомиллашиш босқичлари ва объектив воқеликда (узоқ ва чекка ҳудудларда) намоён бўлиш сифат хусусиятларининг маданий қадрият омиллари яратилиши билан боғлиқ томонларига оид илмий асосланган хулоса ва таклифларидан “O’zbekiston” телерадиоканалида 2019 йилнинг 9, 16, 23, 30 январь кунлари эфирга узатилган “Парламент вақти” номли радиоэшиттириш дастури сценарийсини ишлаб чиқишда фойдаланилган (ЎзМТРКнинг 2020 йил 20 январдаги 04-25-687-сон маълумотномаси). Натижада Ўзбекистон ижтимоий сиёсатини манзилли такомиллаштиришга оид қонун ва қарорлар ижроси моҳиятини ёритиб бериш мақсад қилиб олинган ва мақсаднинг амалга ошишига хизмат қилган;
глобаллашув шароитида ижтимоий сиёсат ва миллий қадриятларнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш, диний қадриятларнинг амал қилишида миллий хусусиятларнинг амал қилиши, демократик тафаккур, замонавий маданий-маънавий омилларнинг қадриятлашуви, инсон тарбиясида аксиологик ёндашувнинг моҳияти тўғрисидаги илмий таклиф ва тавсияларидан Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълими вазирлигининг 2019 йил 6-8 июль кунлари бўлиб ўтган “Ягонасан, муқаддас Ватан” кўрик-танлови  Низомини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” марказининг 2018 йил 28 ноябрдаги 01-07/291-сон маълумотномаси). Натижада, ёшларда бузғунчи ғоялар ва “оммавий маданият” шаклида кириб келаётган салбий иллатларнинг олдини олишга қаратилган маърифий-тарғибот ишларини кучайтиришга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish