Sayt test rejimida ishlamoqda

Акбарова Муҳайё Хусановнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Фарғона водийсида тарқалган Scutellaria L. (Lamiaceae) туркуми турларининг биоэкологик хусусиятлари ва табиий захиралари», 03.00.05 - Ботаника (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.4.PhD/В67.
Илмий раҳбар: Тургинов Орзимат Турдиматович, биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Наманган давлат университети, PhD.03/30.12.2019.B.76.01.
Расмий оппонентлар: Юлдашев Акрамжон Султанмурадович, биология фанлари доктори, профессор; Ёзиев Лутфулло Хабибуллаевич, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Фарғона водийсида тарқалган Scutellaria L. туркуми турлари биоэкологик хусусиятларини очиб бериш, табиий захираларини хатловдан ўтказиш орқали замонавий ҳолатини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Фарғона водийси флорасида Scutellaria L. туркумнинг 23 тури учраши аниқланган, улардан 15 тур Ўзбекистон Республикаси қисмида, 8 тур Тожикистон ва Қирғизистон Республикалари минтақаларида учраши асосланган, турларнинг тарқалишини акс эттирувчи ГAТ хариталари яратилган;
илк бор S.picta Juz., S.nepetoides Popov ex Juz. Ўзбекистон флорасида, S.kamelinii Abdullaeva Қирғизистон флорасида ҳамда S.ramosissima Popov Тожикистон флорасида тарқалганлиги аниқланган;
Scutellaria L. туркуми турларининг латент (sе уруғлар), виргинил (р – майса, j – ювенил, im – имматур, v - виргинил), генератив (g1 - ёш генератив, g2 - ўрта генератив, g3 - қари генератив), субсенил (ss- сенил) онтогенез босқичлари аниқланган; 
Фарғона водийсида тарқалган S.comosa ва S.adenostegia турларининг турли экологик-фитоценотик шароитларда 13 та ценотик популяциялари аниқланган; 
S.comosa ва S.adenostegia ценопопуляцияларининг замонавий ҳолатига аниқлик киритилган, онтогенетик структуралари ҳамда ёш типлари очиб берилган;
S.comosa ва S.adenostegia турларининг табиий захиралари баҳоланган ҳамда эксплуатацион, биологик ва йиллик йиғиб фойдаланиш имконият ҳажмлари аниқланган;
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Фарғона водийсида тарқалган Scutellaria L. туркуми турларининг биоэкологик хусусиятлари ва табиий захиралари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Фарғона водийси флорасида тарқалган Scutellaria L. туркуми турларининг тарқалишини акс эттирган ГАТ хариталари, популяцияларининг замонавий ҳолати, эксплуатацион, биологик, йиллик фойдаланиши мумкин бўлган захиралари ва муҳофазасига доир маълумотлар Наманган, Фарғона вилоятлари ўрмон хўжаликлари амалиётига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг 2020 йил 11 январдаги 05/21-93-сон маълумотномаси). Натижада, Scutellaria L. туркуми популяциялари ҳолатини мониторинг қилиш ва муҳофаза чора - тадбирларини ишлаб чиқиш имконини берган;
Фарғона водийсида олиб борилган тадқиқот ҳудудларидан йиғилган 450 дан ортиқ нусхадаги Scutellaria L. туркуми турлари гербарий намуналари Ботаника институти Ўзбекистон Миллий гербарийси (TASH) ноёб объектига топширилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2020 йил 2 декабрдаги 4/1255- 3711-сон маълумотномаси). Натижада, намуналар ноёб объектнинг Ғарбий Тиёншон округи, Чоркесар ботаник-географик, Фарғона-Олой округи, Шарқий-Олой ботаник-географик, Фарғона округи, Марказий-Фарғона ва Қайрақум-Ёзёвон ботаник-географик районлари фондини бойитиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish