Sayt test rejimida ishlamoqda

Бафаев Шухрат Ғафуровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистонда жамоатчилик назоратига оид қонунчилик нормаларини такомиллаштириш”, 12.00.01 – Давлат ва ҳуқуқ назарияси ва тарихи. Ҳуқуқий таълимотлар тарихи (юридик фанлар).
Илмий раҳбар: Саидов Акмал Холматович,  академик, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019. Yu.22.02.
Расмий оппонентлар: Рузиев Зафар Райимович, юридик фанлар доктори, профессор;  Мухамедходжаева Хуршида Рустамбековна, юридик фанлар номзоди.   
Етакчи ташкилот:  Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга эга.
II. Тадқиқотнинг мақсади Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан жамоатчилик назоратининг самарадорлигига қонунчилик нормаларини такомиллаштириш орқали, унинг давлат органлари фаолиятига таъсирини кучайтириш. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Демократик ҳуқуқий институт сифатида жамоатчилик назоратининг асослаб берилиши, шахс ва давлат, жамият ва давлат ўртасидаги манфаатлар мувозанатини таъминлайди.
Жамоатчилик назорати ижтимоий назоратнинг ажралмас қисми эканлигини инобатга олган ҳолда, у нодавлат нотижорат ташкилотларининг мустақил ҳуқуқий фаолияти деган хулосага келиш мумкин. 
Жамоатчилик назорати давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида мавжуд кескин муносабатларни олдини олишга қаратилган институт бўлиб, уни қўллаш орқали фуқароларнинг, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа фуқаролик жамияти институтларини жамият ва давлат бошқарувига жалб имкониятини яратади.
Жамоатчилик назорати фақат ижтимоий шериклик орқали амалга оширилиши мумкинлиги деган хулосага келиш мумкин, чунки нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари Ўзбекистонда институционал жиҳатдан шаклланган ва улар аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишда давлатнинг шеригига айланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ўзбекистонда жамоатчилик назоратига оид қонунчилик нормаларини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
нодавлат нотижорат ташкилотларининг туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда иштирок этиш зарурлиги асосланади ва янги таҳрирдаги "Туризм тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2018 йил 28 ноябрдаги 02/936-сон маълумотномаси). Ушбу таклифни ҳисобга олиниши фуқаролик жамияти институтларининг иштирокига йўл қўйиб, қонун самарадорлигини таъминлайди;
"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)"га ёрдам берадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари орасидан эксперт гуруҳларини тузиш зарурлиги тўғрисидаги таклифлар 209-модда билан тўлдирилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 17 майдаги 01-07 / 1491-сон маълумотномаси). Ушбу тавсияни амалга ошириш мамлакатдаги нодавлат нотижорат ташкилотларига инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга имкон берган;
жамоатчилик назорати ижтимоий назоратнинг таркибий қисми эканлиги ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг мустақил ҳуқуқий фаолиятини амалга ошириш шакли эканлиги тўрисидаги таклифлар «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Конунчилик палатасининг 2019 йил 11 сентябрдаги 04-06/260-01-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши жамоатчилик назоратини амалга ошириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда ва мазкур қонунни такомиллаштириш имкониятини яратган;
фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда иштирок этиши тўғрисидаги таклифлар “Хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасида фойдаланган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2019 йил 24 октябрдаги № 05/1-01-250-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиш хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг таъсирчанлик даражасини кучайтиришга олиб келган;
фуқароларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг мактабгача таълим ва тарбия тадбирларида иштироки тўғрисидаги таклифлар “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасида фойдаланган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2020 йил 27 январдаги № 04/5-05-4 “а”сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши мактабгача таълим тизимида жамоатчилик назоратини амалга оширишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish