Sayt test rejimida ishlamoqda

Астанова Гулнора Аминовнанинг 
фан доктори (DSс) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “«Минг бир кеча»  ва ўзбек адабиёти (поэтик, қиёсий-типологик таҳлил)”, 10.00.02-Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:  B2020.3.DSc/Fil238.
Илмий маслаҳатчи: Муҳиддинов Муслиҳиддин Қутбиддинович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.02.03.
Расмий оппонентлар: Тўраев Дамин, филология фанлари доктори, профессор; Салимахон Алийбег қизи Рустамий, филология фанлари доктори; Айнур Ўз Ўзжан,  филология фанлари доктори, профессор; 
Етакчи ташкилот: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади “Минг бир кеча” асарининг Ўзбекистонда ёйилиш тарихи, таржимонлар маҳорати, асарнинг ўзбек адабиёти (халқ оғзаки ижоди, мумтоз адабиёт ҳамда ХХ аср адабиёти)га таъсири, асар спецификаси, ҳикоятларда қаҳрамонлар образи поэтикаси, хусусан, турли характерли аёллар образини яратишдаги поэтик маҳоратни санъат ҳодисаси сифатида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Шарқ  адабий  анъаналари, хусусан “Минг бир кеча” асарининг ғоявий-бадиий мундарижаси, бадиий-эстетик асослари, тематик рангбаранглиги ва оригиналлигининг миллий адабиётдаги бадиий синтези ижтимоий-тарихий,  маънавий-маданий, индивидуал-руҳий омиллар таъсирида юзага келганлиги  давр адабий мезонлари замирида асосланган; 
“Минг бир кеча” асарининг бадиий структураси ва  қаҳрамонлар образи поэтик хусусиятларининг  ўзбек халқ  оғзаки  ижоди,  мумтоз адабиёт ҳамда замонавий бадиий ижоддаги миграцияси миллий адабиётда тафаккур янгиланиши, ижтимоий-фалсафий, маънавий-эстетик қарашларнинг ўзбек адабиёти намояндалари асарлари мисолида далилланган; 
ҳикоятлардаги аёллар характерининг чексиз олами, дунёқараши, руҳияти,  маънавий-ахлоқий муаммолар, ўрта аср Шарқида аёлларнинг ўрни, маърифий даражаси, аёлга муносабат ҳамда образларда тадбиркорлик, ватанпарварлик, қаҳрамонлик хусусиятларининг намоён бўлиши каби масалалар маънавият ва дунёқарашни кенгайтириш, жамият ижтимоий-маънавий ҳаётида инсонпарварлик, аёл зотига ҳурмат ва эътибор ғояларининг кучайишида муҳим аҳамиятга молик бадиий эстетик ҳодисалиги аниқланган;
асардаги диний-ирфоний мазмундаги ҳикоятларда комил инсон ғояси билан суғорилган айрим аёллар образининг яратилиши давр тарихий, исломий-тасаввуфий  мафкуранинг кучайиш жараёнига алоқадорлиги ҳамда  бу жараёнда поэтик тафаккур янгиланишлари, фалсафий мушоҳаданинг теранлашувининг кучайганлиги ғоявий-бадиий қонуниятлар билан узвий  боғлиқликда  юзага келган жараён эканлиги исботланган; 
“Минг бир кеча” мажмуаси таркибидаги айрим ҳикоятлар сюжетининг мазмун - моҳияти  ижтимоий - тарихий ҳақиқатларга алоқадорлиги ва унда тарихий ҳақиқат билан халқнинг орзу-истаклари ҳаққоний ва романтик услублар уйғунлигида намоён бўлганлиги, тарихий фактлар  асарнинг  ўзига хос фабуласи, фантастикаси, услуби билан ҳамоҳанг бўлганлиги қиёсий-тарихий аспектда очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диссертацияда ишлаб чиқилган назарий ва амалий хулоса, тавсия ва ишланмалар асосида:
Шарқ  адабий  анъаналари, хусусан “Минг бир кеча” асарининг миллий адабиётдаги бадиий синтезининг юзага  келишида  ижтимоий-тарихий,  маънавий-маданий, индивидуал-руҳий омиллар таъсирига доир илмий-назарий натижалардан 2007–2011 йилларда бажарилган  ОФ–Ф8–027 рақамли “Қўлёзма манбаларнинг миллий, маънавий ва адабий мерос тарғиботидаги аҳамияти” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 24 декабрдаги №8903–5490-сон маълумотномаси).  Натижада, Республика қўлёзма фондларидаги “Минг бир кеча” асарининг арабий, форсий, ХХ аср бошларидаги туркий қўлёзма ва тошбосма манбалари миллий, маънавий ва адабий мерос тарғиботидаги аҳамияти хусусидаги мулоҳазаларни далиллашга хизмат қилган;
“Минг бир кеча” асарининг арабий, форсий, ХХ аср бошларидаги туркий қўлёзма ва тошбосма манбалари қиёсий таҳлил этилган ҳамда ўзбек фольклори, мумтоз ва замонавий адабиёти, умуман, Шарқ ва Ғарб адабиётига кўрсатган самарали таъсири далилланган ушбу диссертация илмий хулосаларидан 2012–2016 йилларда бажарилган Ф–1–06 “Истиқлол даври ўзбек адабиётида  Шарқу Ғарб адабий анъаналари  синтези” мавзусидаги лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 24 декабрдаги 8903–5490-сон маълумотномаси). Натижада, диссертацияда белгиланган вазифалар асосида Шарқ ва Ғарб адабий анъаналарининг тарихини ёритиш ва бардавомлигини асослашга хизмат қилган; 
Шарқ адабиётининг дурдонаси бўлмиш “Минг бир кеча” асари қаҳрамонлари хулқ-атворининг маънавий-ахлоқий муаммоларининг поэтик таҳлили, асардаги аёллар образи характерида қаҳрамонлик хусусиятларининг бадиий талқини,  асардаги диний-тасаввуфий мазмундаги комил инсон ғояси билан суғорилган  ҳикоятлари таҳлили ҳақидаги илмий асосланган таклиф ва тавсиялардан 2003–2007 йилларда бажарилган 5.1.17-рақамли “Шарқ мумтоз адабиётида комил инсон концепцияси” мавзусидаги фундаментал лойиҳада  белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фойдаланилган  (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 24 декабрдаги 8903–5490-сон маълумотномаси). Натижада,  “Минг бир кеча” асаридаги айрим ҳикоятлари марказида турган комил инсон концепцияси таъсирининг миллий адабиётимизда давом эттирилганлиги ва такомиллаштирилгани, асардаги адабий-эстетик идеал, комил инсон ғоялари поэтик талқинининг таълим-тарбия жараёнидаги улкан аҳамиятига доир муайян хулосалар чиқаришга хизмат қилган;
“«Минг бир кеча» асарининг пайдо бўлиш манбалари:   фольклор ва мумтоз адабиёт анъаналари синтези” номли биринчи боби юзасидан чиқарилган фольклор ва мумтоз адабиётга  хос  хусусиятларнинг  синтезлашиш  ҳолатлари,  адабий-тарихий  анъаналарга  издошликнинг  ўрни
масаласига оид илмий-назарий хулосалардан 2012–2016 йилларда бажарилган Ф1–ФА–0–43429 рақамли “Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ этиш” мавзусидаги фундаментал тадқиқот лойиҳа ижросида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 24 декабрдаги 8903–5490-сон маълумотномаси). Натижада, асар ҳикоятларининг дастлаб фольклорга, оғзаки ижод орқали ёзма адабиётга кўчишидаги адабий мушоҳадани кенгайтиришга хизмат қилган;
Миллий ва жаҳон адабиётининг ёш авлод маънавий - aхлоқий тарбиясидаги ўрни, бадиий - эстетик такомилидаги аҳамиятига доир таклиф ва тавсиялардан Бухоро вилоят “ISTIQLOL–TV” нинг 2018 йил 27 ноябрь ҳамда 2020 йил 22 мартда  эфирга узатилган “Ҳаёт фалсафаси” кўрсатувининг дастур сценарийсини ишлаб чиқишда фойдаланилган. (Бухоро вилояти “ISTIQLOL–TV” нинг 2020 йил 1 декабрдаги 1909-маълумотномаси). Натижада, ушбу телекўрсатув учун тайёрланган материалларнинг мазмуни мукаммаллашган, илмий далилларга бой бўлишга хизмат қилган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish