Sayt test rejimida ishlamoqda

Худаёров Ахмаджон Хайдаровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизими тарихи (1991-2019 йй.)”, 07.00.01. – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/Tar493.
Илмий раҳбар: Обломурадов Наим Халимович, тарих фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент архитектура-қурилиш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Ерметов Аваз Абдуллаевич, тарих фанлари доктори; Режапов Хайрилло Хикматуллаевич, иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади 1991-2019 йилларда Ўзбекистон Республикасида солиқ тизимининг вужудга келиши, шаклланиши ва ривожланиш босқичлари, тарихий илдизлари ҳамда халқаро муносабатларини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
араблар ҳукмронлиги даврида вужудга келган хирож солиғи асрлар давомида ушр, мисҳа, муқота, муқасама каби кўринишларда ҳукмрон сулолаларнинг олиб борган сиёсати ҳамда давр эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда миқдор ва шакл жиҳатдан ўзгариб борганлиги, Россия империяси ҳукмронлиги даврида ягона ер солиғига айлантирилганлиги далилланган;
давлат бюджети тушумлари орасида фойда солиғи алоҳида ном билан учрамаса-да, қадимдан ҳунармандчилик устахоналари эгалари, чорвадорлар, деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланадиган мулкдорлардан ундириб келинганлиги, XIX асрнинг ўрталаридан фойда солиғи номи билан қўлланила бошлаганлиги аниқланган;
мамлакатимизда солиқ тизимининг биринчи босқичида ишлаб чиқаришнинг, даромад даражаси бўйича аҳолини турмуш даражасининг пасайиши, инфляция, ишсизлик ва солиқ объектларини яшириш даражасининг кўпайиши (1991-1997 йй.), иккинчи босқичда солиқ тизимининг солиқ тўловчи ва ундирувчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиниши бўйича ташкилий ҳуқуқий асосларини шаклланганлиги (1998-2008 йй.), учинчи босқичда интерфаол солиқ хизматлари кўрсатилиши (2009-2016 йй.), тўртинчи босқичда солиқ юкини камайтириш, тизимни соддалаштириш, адолатли солиқ режимига йўналтирилган солиқ концепциясининг ишлаб чиқилганлиги (2017-2019 йй.) каби тўрт босқичда шаклланганлиги далилланган;
мустақилликнинг дастлабки йилларида солиқ тизимига ўрта ва юқори кадрларга, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, раҳбар кадрлар заҳирасини шакллантиришга талабнинг юқорилиги  натижасида 1997 йилдан солиқ тизими учун кадрлар тайёрлаш механизми оптималлаштирилганлиги очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизими тарихи оид илмий хулоса ва таклифлардан:
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги солиқ турларининг тарихий генезиси ва эволюцияси, солиқ тизимининг  шаклланиши ва ривожланиши, ўзига хос тарихий илдизлари, такомиллашув босқичларига оид маълумотлардан “Ўзбекистонда солиқлар тарихи” ўқув қўлланмасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2021 йил 6 февралдаги 18/1-08839-сон маълумотномаси). Натижада Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Фискал институт ҳамда солиқ техникумлари талабаларини Ўзбекистонда солиқ тизимининг шаклланиши хусусида янгича қарашларини шакллантиришга хизмат қилган;
давлат бюджети тушумлари орасида фойда солиғи алоҳида ном билан учрамаса-да, қадимдан ҳунармандчилик устахоналари эгалари, чорвадорлар, деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланадиган мулкдорлардан ундириб келинганлиги, XIX асрнинг ўрталаридан фойда солиғи номи билан қўлланила бошлаганлиги каби натижалардан Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларида солиқ тизими ўрни ва аҳамияти каби масалаларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ва ҳудудий кенгашлари фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгашининг 2020 йил 10 августдаги 01-197-сон далолатномаси). Натижалар партиянинг иш режасини амалиётга жорий этиш, солиқ тизими либераллаштириш учун партия эътиборини янада кучайтиришга олиб келадиган илмий ёндашувларни такомиллаштиришга хизмат қилган;
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида солиқ тизимининг шаклланиши ва ривожланиши, солиқ қонунчилиги тизими ва маъмурчилигининг такомиллашуви, солиқ хизматининг ҳуқуқни мухофаза қилиш борасидаги фаолиятининг натижалари, халқаро муносабатларда солиқ тизимининг ўрни, солиқ соҳаси тизимини такомиллаштиришнинг долзарблиги ва зарурати каби натижалардан  “O‘zbekiston tarixi” телеканалида эфирга узатилган “Тақдимот” кўрсатуви сценарийсини шакллантиришда фойдаланилган (“O’zbekiston” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2021 йил 12 январдаги 02-40-38 – сон маълумотномаси). Натижада кўрсатувда ўз аксини топган илмий материаллар телетомошабинларнинг Ўзбекистоннинг солиқлар тарихига доир билимларини оширишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish