Sayt test rejimida ishlamoqda

Жайнаров Обиджон Ҳамид ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Туркистон АССРда адлия органлари фаолияти тарихи (1918–1924 йй.)”, 07.00.01– Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.2.PhD/Tar305.
Илмий раҳбар: Саидбобоев Зокиржон Абдукаримович, тарих фанлари номзоди, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Маҳкамова Надира Рахмановна, тарих фанлари доктори, профессор; Маликова Гулчехра Рихсихўжаевна, юридик фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот номи: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади 1918–1924 йилларда Туркистонда совет ҳокимиятининг қарор топиши ва мустаҳкамланиши шароитида адлия органлари фаолияти тарихини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Туркистон Адлия халқ комиссарлиги ўлкада совет ҳукуматининг ҳуқуқ ижодкорлиги, “пролетар қонунчилик”ни систематлаштириш ва кодификатлаш, ҳуқуқий тартибга солиш ишларини амалга оширишда Ички ишлар халқ комиссарлиги, фавқулодда комиссиялар ва фавқулодда тергов комиссиялари маълум даражада тўсқинлик қилганлиги, давлат бошқарув органлари, ташкилот ва муассасалар ҳамда аҳолига зарур декрет ва фармойишларни ўз вақтида етказиб бера олмаганлиги оқибатида жамият ҳаётида ҳуқуқий чалкашликлар, нигилизм рўй берганлиги исботланган;
пролетар қонунчилиги асослари ишлаб чиқилгандан сўнг, уни муҳофаза қилувчи алоҳида орган сифатида Туркистон АССРда совет прокуратураси ташкил қилинганлиги, давлат прокуратураси бир қатор бошқарув органлари, жумладан, Туркистондаги большевиклар партияси, ижроия қўмиталарнинг бевосита таъсири ва кўрсатмалари остида фаолият олиб борганлиги далилланган;
Туркистон АССР Адлия халқ комиссарлиги таркибидаги судлов органлари турли (айниқса сиёсий) масалаларга оид суд ишларини корхона, завод, қишлоқ ҳамда овулларнинг ўзларида очиқ равишда кўриб чиқиш амалиётини қўллагани ҳолда совет давлати “афзалликлари”ни тарғиб қилиш орқали пролетариат диктатурасининг қарор топишида алоҳида ўринга эга бўлганлиги асосланган;
аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида тушунарли, содда тартиб ва қонун-қоидаларнинг ишлаб чиқилмаганлиги оқибатида маҳаллий аҳоли нотариал ишларни амалга ошириш, белгиланган тартибда оқловчилар хизматидан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келганлиги, адлия тизимида кадрларни лавозимга танлаш жараёнида уларнинг билими, тажрибасига эмас, кўпроқ ижтимоий келиб чиқиши, сиёсий қарашларига эътибор берилганлиги натижасида кўплаб собиқ империя адлия ходимларининг хизмат вазифаларидан ассосиз четлаштирилганлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистонда тоталитар тузум ҳукмронлигининг дастлабки йилларида адлия органларининг шаклланиши ва фаолиятининг мазмун-моҳияти, унинг ўзига хос хусусиятларини очиб беришга қаратилган тадқиқот бўйича ишлаб чиқилган хулоса ва таклиф-тавсиялардан:
Туркистон Республикаси Адлия халқ комиссарлигининг ташкил қилиниши, фаолияти, комиссарлик таркибий тузилиши, унинг ваколат ва вазифалари, ТАССР ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни ҳамда ундаги кадрлар масаласи бўйича олинган илмий натижалардан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Адлия тарихи музейининг “Туркистонда Адлия халқ комиссарлигининг ташкил қилиниши ва фаолияти” бўлимини қайта шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 23 ноябрдаги 17/6-5/13623-сон далолатномаси). Натижаларнинг қўлланилиши музейни соҳага тегишли фактик материаллар, манбалар ва тарихий фотосуратлар билан тўлдиришга хизмат қилиб, адлия ходимларининг бу даврдаги фаолиятига холисона баҳо бериш имкониятини берган;
Туркистон АССР ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жумладан, Адлия халқ комиссарлиги, судлов муассасалари ва давлат прокуратураси органларининг тузилиши, уларнинг вазифалари ҳамда фаолияти ҳақидаги натижалардан “Ўзбекистоннинг давлат муасассалари тарихи” дарслигида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2017 йил 28 июндаги 434-148 рақамли гувоҳномаси). Натижалар республика олий ўқув юртларининг 5220300–Архившунослик бакалавриат таълим йўналиши талабаларининг ТАССР адлия муассасалари фаолияти тўғрисида билим ва кўникмаларини бойитишга хизмат қилган;
Туркистонда совет ҳокимияти ўрнатилгандан сўнг адлия органлари фаолиятида рўй берган ўзгаришлар, аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш борасида Адлия халқ комиссарлиги томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар ҳамда уларнинг оқибатлари тўғрисидаги илмий натижалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston tarixi” телеканалида эфирга узатилган “Taqdimot” дастурининг “Туркистонда совет ҳукуматининг аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги давлат сиёсати (1917–1924 йиллар)” кўрсатуви сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2020 йил 24 сентябрдаги 02-40-886-сон маълумотномаси). Натижада телетомошабинлар ўлкада совет ҳукуматининг аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида олиб борган давлат сиёсати ҳақида батафсил маълумотга эга бўлган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish