Sayt test rejimida ishlamoqda

Бозоров Нурад Исматовичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Акрил мономерлари асосида гомо- ва сополимерлар синтези: хоссалари ва қўлланилиши», 02.00.06 – Юқори молекуляр бирикмалар (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.DSc/K90.
Илмий маслаҳатчи: Кудишкин Валентин Олегович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Полимерлар кимёси ва физикаси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Полимерлар кимёси ва физикаси институти, DSс.02/30.12.2019.К/FМ/Т.36.01.
Расмий оппонентлар: Мухамедиев Мухтаржан Ганиевич, кимё фанлари доктори, профессор; Рафиков Адхам Салимович, кимё фанлари доктори, профессор; Максумова Айтура Ситдиковна, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Биоорганик кимё институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: радикал полимерланиш шароитида акрил мономерлари асосида чизиқли ва пайванд гомо- ва сополимер макромолекулаларини олиш бўйича экспериментал ёндашувларни ишлаб чиқиш, молекуляр хусусиятларни тартибга солишнинг самарали воситаларни яратиш, шунингдек синтезланган полимерларнинг эксплуатацион тавсифларини белгилаб берувчи физик-кимёвий ва структуравий хусусиятларини ўрганиш ҳамда уларни амалда қўллаш соҳаларини белгилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сувли эритмада оксидловчи-қайтарувчи инициаторлар шароитида полиакриламидни синтез қилиш қонуниятлари аниқланган. Синтез шароитларининг полиакриламиднинг молекуляр-массавий хусусиятлари билан ўзаро боғлиқлиги ўрнатилган; 
илк бор "Navoiyazot" АЖ да ишлаб чиқарилган мономер эритмасини хомашё сифатида қўллаб, акриламиднинг полимерланиш жараёни ва молекуляр массасига Bombyx Mori хитозанини қўшиш орқали самарали таъсир қилиши мумкинлиги кўрсатилган, бу эса юқори молекуляр, сувда эрувчан полиакриламид синтези усулларини ишлаб чиқиш истиқболларини очиб беради;
акрил кислотанинг турли тузилишдаги сополимерлари синтезининг ўзига хос хусусиятлари кўрсатилган. Синтезнинг ўзига хослиги акрил кислота молекулалари орасида водород боғларнинг ҳосил бўлиши бўлиб, бу метилакрилат ва акрил кислота асосидаги статистик сополимерларнинг синтезига ва сополимерларнинг хоссаларига ҳам таъсир этади;
илк бор радикал инициирланиш шароитида акрил кислотанинг қуйимолекуляр полиэтиленга Grafgting from усули билан тикилиши орқали пайванд сополимерлар синтез қилинган. Олинган натижалар тикилиш самарадорлиги етарлича юқори бўлган берилган таркибли сополимерларни олиш имконини беради;
илк бор полиэтиленли композицияларда крахмал макромолекулалари билан акрил кислота бўғинларининг ўзро таъсирлашиш қобилияти аниқланган;
акрил кислота сополимерларининг тузилиши ва термик хусусиятлари ҳамда улар асосидаги композицияларнинг ўзаро боғлиқлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Акрил мономерлари асосида гомо- ва сополимерлар синтези: хоссалари ва қўлланилиши бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Ўзбекистондаги Устюрт газ-кимё мажмуасида ишлаб чиқарилган модификацияланган қуйимолекуляр полиэтилендан фойдаланиш ва қурум билан тўлдирилган концентратларни олиш технологияси ишлаб чиқилди. Модификацияланган қуйимолекуляр полиэтилен “Shurtan gaz kimyo majmuasi” МЧЖ да амалиётга тадбиқ этилган (“Shurtan gaz kimyo majmuasi” МЧЖнинг 2021 йил 26 апрелдаги 030/2167-сон маълумотномаси). Суперконцентрат ишлаб чиқаришда модификацияланган полиэтилендан фойдаланиш натижасида иқтисодий самарадорлик йилига 66,258 млн сўмни ташкил этади;
“Navoiyazot” АЖда ишлаб чиқарилган сувли эритмадан синтез қилинган полиакриламид асосида флокулянт олиш технологияси ишлаб чиқилди. Полиакриламид “Qizilqum fosforit kompleksi” МЧЖ да фосфорит концентрати ишлаб чиқариш цехининг ювиш бўлимининг технологик қуйқасини тозалаш учун флокулянт сифатида синовдан ўтказилди (“O`zkimyosanoat” АЖнинг 2021 йил 25 майдаги 23-3-1918-сон маълумотномаси). “Navoiyazot” АЖда ишлаб чиқарилган мономернинг сувли эритмасидан полиакриламид олиш усули флокулянтни олиш технологиясини сезиларли даражада соддалаштиради ва сувда эрувчанлигини оширади, бу эса саноат миқёсида ноионли флокулянт ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқиш истиқболларини очиб беради; 
радикал полимерланиш реакциялари асосида синтез қилинган акрил мономерларининг (со)полимер эритмаларининг хоссалари тадқиқот натижаларидан А-4-13 рақамли “Электроспиннинг усулида фиброин, хитозан ва акрилонитрил сополимери асосида нанотолали нотўқима материаллар олиш технологиясини ишлаб чиқиш” мавзусидаги амалий лойиҳасида оксидловчи-қайтарувчи инициаторлар иштирокида акрил мономерлари асосида синтез қилинган (со)полимерларнинг молекуляр-массавий тавсифларини ва суюлтирилган эритмаларидаги боғлиқлигини ўрганишда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий универститетининг 2021 йил 26 августдаги 04/11-4418-сон маълумотномаси). Натижада, олинган нанотолали материалларнинг морфологиясини полимерларнинг молекуляр-массавий тавсифларини ўзгартириш орқали назорат қилиш, нейтрал ва қуйи асосли муҳитда толали тузилишини сақлаб қолиш имконини яратишда ва сув буғларига нисбатан сорбцион хоссаларини тадқиқ қилиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish