Sayt test rejimida ishlamoqda

Қодирова Мукаддас Тоғаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация  мавзуси, ихтисосликшифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Турли тизимли тилларда мурожаатнинг коммуникатив-прагматик аспекти (инглиз ва ўзбек тиллари материаллари асосида)”, 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Fil1480.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Термиз давлат университети.
Илмий раҳбар: Бакиров Поян Уралович, филология фанлари доктори, доцент.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Термиз давлат университети, PhD.03/31.03.2021.Fil.78.04.
Расмий оппонентлар: Мирсанов Ғайбулла Қулмуродович, филология фанлари доктори (DSc), доцент;Ахмедов Анвар Ботирович, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади турли тизимли тилларда, жумладан, инглиз ва ўзбек тиллари материаллари асосида мурожаатни коммуникатив-прагматик аспектда қиёсий-чоғиштирма жиҳатдан очиб беришҳамда шу асосда уларнинг универсал ва миллий ўзига хос хусусиятларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
чоғиштирилаётган тиллардаги мурожаат шаклларининг лисоний-коммуникатив-прагматик тизимда намоён бўлувчи прономинал, номинал ва аноминал (бошқа сўз туркуми билан келувчи) турлари лексик-грамматик қатлам эканлиги асосланган; 
чоғиштирилаётган тиллардаги мурожаат шакллари турли мулоқот вазиятларида ижтимоий гуруҳлар (якка адресат, кичик ва катта гуруҳлар) томонидан танловида ёшни, жинсни билдирувчи ижтимоий ва лингвистик меъёрлар билан белгиланадиган параметрлар орқали ўхшаш ва давр, ижтимоий мавқеи, миллий-маданий, танишлик, қариндошлик, таълимдаражаларини кўрсатувчи параметрлар воситасида фарқланишлари исботланган;
тилшуносликда инглиз ва ўзбек тилларидаги мурожаат шаклларининг лисоний, ахборот узатиш ва нутқий вазиятга хосланиш хусусиятлари муштараклиги чоғиштирилаётган тиллардаги мурожаат шакллариасосида далилланган;
инглиз ва ўзбек тилларида мурожаатларнинг коммуникатив функцияси таснифланган ва унинг фатик, конатив, регулятив, императив, аппелятив, эмотив (коммуникатив-прагматик вазият таъсирида ифодаланаётган мурожаат бирликлари) турлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Турли тизимли тиллар бўлган инглиз ва ўзбек тилларида мурожаатнинг коммуникатив-прагматик аспектини тадқиқ қилишда ишлаб чиқилган услубий ва амалий таклифлар асосида:
турли хил мурожаатларни коммуникатив-прагматик аспектдаги тадқиқи ижтимоий-лисоний ва лингвомаданий хусусиятлар билан боғлиқлиги тўғрисидаги қарашлардан ФА-Ф1-Г003 “Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши” номли фундаментал тадқиқот лойиҳада (Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 2 апрелдаги 17.01/43-сон маълумотномаси) ҳамда ФА-А1-Г007 “Ҳозирги қорақалпоқ тилида нақл-мақоллари лингвистик тадқиқот объекти сифатида” мавзусидаги амалий илмий-тадқиқот лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2021 йил 2 апрелдаги 17.01/43-сон маълумотномаси). Натижада мурожаат шакллари расмий ва норасмий мулоқотнинг коммуникатив-прагматик ҳамда лингвомаданий жиҳатдан фарқланишларини аниқлаш имконини берган;
таклиф этилган нутқий этикет формулаларидан Ўзбекистон республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Сурхондарё вилояти Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси ўтказган республика ва халқаро миқёсидаги кўплаб тадбирларда, жумладан, 2020 йил 5–10-апрелдаги “Халқаро бахшичилик санъати” фестивалида, 24-25 августдаги “Мерос” ҳафталиги доирасида “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар, империялар, динлар, маданиятлар чорраҳаси” мавзусидаги археология туризм форумида ва 2020 йил 21-22-сентябрдаги “Open South International Business Forum II” халқаро бизнес форум каби тадбирларнинг юқори савияда ўтказилишида фойдаланилди. (Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2021 йил 16 февралдаги 05-16/1092-сон маълумотномаси). Натижада ушбу тадбирларнинг расмий нутқлари тайёрланишида тадқиқотда белгилаб берилган нутқий этикет формулаларига кўра тавсия этилган мурожаат шакллари фойдаланилган;
ўзбек адабий тил меъёрлари бузилишининг олдини олиш мақсадида ўзлашма мурожаат сўзларни тўғри танлаш стратегияларини ёш авлодга ўргатиш ўзбек тилининг мавқеини янада оширишга, аҳолининг нутқ маданиятини ўстиришга хизмат қилиши ҳақидаги фикр-мулоҳазалар Сурхондарё вилоят телерадиокомпаниясининг 2020 йил 9 декабрь куни эфирга узатилган «Илм, маърифат зиёси» кўрсатувнинг асосий манбаси ўлароқ қўлланди (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Сурхондарё вилояти телеродиокомпаниясининг 2021 йил 20 апрелдаги 01-01/46-сон маълумотномаси). Натижада кўрсатувлар учун материаллар тайёрланишида маданий шок таъсирида вужудга келадиган муаммоларни бартараф этишга асос бўлган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish