Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдулхаирова Фируза Инваровнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбек тилида тиббиёт атамаларининг метафорик манзараси”,  10.00.01 – Ўзбек тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.PhD/Fil475.
Илмий раҳбар: Собиров Абдулхай Шукурович,филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01.
Расмий оппонентлар: Мухамедова Саодат Худойбердиевна, филология фанлари доктори, профессор; Хакимов Мухаммад Хўжахонович,филология фанлари доктори, профессор;
Етакчи ташкилот:Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади тиббий терминларни метафорик моделлаштиришнинг ўзига хосликларини, номинация назарияси позицияларини, таркибий-семантик ва функционал-прагматик хусусиятларини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тиббий термин-метафораларнинг ўзбек тилида пайдо бўлиш давридан то ҳозирги кунга қадар тадрижий ривожланиш қонуниятлари, бошқа тиллар билан муносабати ва бу жараёнларга бевосита таъсир ўтказган буюк мутафаккирлар Маҳмуд Қошғарий ва Абу Али ибн Сино асарларида фойдаланилган терминлар хусусиятлари очиб берилган;
йиғилган 3500 мингдан зиёд тиббий метафоралар асосида ўзбек тилида тиббий-метафораларнинг сони кўплиги, уларнинг манбалари, ясалиш тамойиллари, мавзуий ва таркибий-семантик белгилари комплекс ҳолда аниқланган; 
тиббий дискурсда илмий метафораларнинг тиббиёт лексикасининг бир қисми эканлиги аниқланиб, уларнинг номинация жараёнида тўлақонли тиббиёт термини сифатида қабул қилиниши, тиббиётда термин ҳосил қилишнинг энг сермаҳсул усули эканлиги, фанлар интеграцияси жараёнида тиббиёт терминологияси ҳам кундалик нутқ ва бошқа фанлар лексикасига термин мақомини сақламаган ҳолда метафоризация қилиниши исботланган; 
тиббий термин-метафораларнинг когнитив ва миллий-маданий хусусиятлари ва медицина терминларини унификациялаш ва тартибга солишда тиббий термин-метафораларнинг эмоционал-баҳоловчи ва тажрибани етказиб берувчи восита сифатидагиўрни очиб берилган;
даволовчи (врач) ва мижоз (бемор) ўртасидаги мулоқот жараёнида термин метафоралардан фойдаланиш тиббиёт лексикасини яхшироқ тушуниши, психологик ҳолатни яхшилаши ва одамга ижобий таъсир кўрсатиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбек тилида тиббиёт терминларининг метафорик манзараси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
мутахассис ва номутахассис (тиббиёт ходим-бемор-жамият аъзолари) ўртасидаги мулоқотида тиббий метафоралардан фойдаланиш, ўртадаги руҳий тарангликни юмшатиш, ўзаро тушуниш, бир-бирини англаш ва айтилганларни эслаб қолишни сезиларли даражада осонлаштириш, мулоқотни муваффақиятли ташкил қилишда тиббий метафораларнинг самараси юқорилиги ҳақидаги илмий-назарий хулосалардан Ф-1-135 рақамли “Аёлларда антигенларга иммун толерантликни индукция қилиш йўли орқали, ҳомилани тушишини олдини олиш методини ишлаб чиқиш” (2017-2018) мавзусидаги фундаментал лойиҳанинг назарий қисмида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил  2 февралдаги 89-06-124-сон маълумотномаси). Натижада мутахассис ва номутахассис мулоқотини муваффақиятли ташкил қилишда тиббий метафораларнинг самараси юқорилиги тўғрисидаги хулосалар инобатга олиниб, ҳомиладор аёлларнинг психологик холатининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб мулоқот жараёнини самарали ташкил қилишга доир илмий хулосалар билан бойишига асос бўлган; 
тиббиёт терминларининг тарихи, хусусан, Абу Али ибн Синонинг тиббиётга қўшган ҳиссаси, халқ табобатида кенг қўлланилган номлар, метафоралардан илмий матнларда фойдаланиш ўринлилигини исботловчи далиллар, тиббий метафораларнинг манба соҳалари, тузилиши, тематикаси ва семантикаси, тиббий терминларни ўргатишда ва ўзлаштиришда лингвокултурологик ва когнитив омилларнинг роли ҳақидаги илмий хулосалардан (359-538 рақамли Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 2 майдаги 394-сон буйруғига асосан) тиббиёт институтлари талабалари учун “Тиббиётда инглиз тили” номли дарслигида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил 2 февралдаги 89-06-124-сон маълумотномаси). Натижада мазкур дарслик тиббиёт терминологияси тарихи, тиббий метафораларнинг когнитив ва лингвомаданий хусусиятлари ва метафоралардан мулоқотда фойдаланиш аҳамиятига доир маълумотлар билан бойишига хизмат қилган;
тиббиёт терминларининг Осиё ва Европа мамлакатларида ривожланиш тарихи, хусусан, бир тизимга солиниши; халқ табобатида қўлланиладиган соф ўзбек терминлари, тиббий метафораларнинг эвристик ва гносеологик хусусиятлари, тиббий метафораларнинг тузилиши, тематикаси, манбалари ва семантикаси, тиббий терминларни ўргатишда ва ўзлаштиришда лингвокултурологик ва когнитив омилларининг роли ҳақидаги илмий хулосалардан (359-538 рақамли Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 30 июндаги 359-сон буйриғига асосан) тиббиёт институтлари магистрантлари учун “English in Medicine” (for master’s course) номли дарслигини яратишда кенг фойдаланилган(Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил  2 февралдаги 89-06-124-сон маълумотномаси). Натижада дарслик тиббиёт терминлари тарихи, терминларнинг эвристик, гносеологик тематик, лингвокултурологик ва когнитив хусусиятларига доир илмий маълумотлар билан бойитилган;
тиббий терминологияни ўқитишда лингвомаданий ва когнитив хусусиятларга оид назарий ва амалий хулосалардан Андижон машинасозлик институти ва Жанубий Кореянинг ТЭГУ университети ўртасида тузилган шартномага асосан “Biomedical Engineering” магистратура мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастурининг ўқув методик қўлланмаларини, хусусан, “Тechnical English” фани бўйича ўқув қўлланмасини яратишда назарий ва амалий қисмларида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2021 йил  2 февралдаги 89-06-124-сон маълумотномаси). Натижада  ўқув қўлланма тиббий терминологияни ўқитишда лингвомаданий ва когнитив хусусиятларга доир илмий маълумотлар билан бойишига асос бўлган; 
тиббиёт терминологияси тарихи, Абу Али ибн Синонинг тиббиётдаги ўрни ва асарлари, тиббиёт ходими ва бемор ўртасидаги мулоқотни ташкил этиш механизми, тиббиёт метафораларнинг лингвомаданий хусусиятларига оид илмий хулосалардан “O‘zbekiston” телеканалининг “Ассалом, Ўзбекистон”, ҳамда  “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Мавзу” ва “Тақдимот” номли кўрсатувлари сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2020 йил 3 ноябрдаги 01-13-1042-сон маълумотномаси). Натижада телекўрсатувлар учун тайёрланган материалларнинг илмий асослилиги ва маънавий савияси ошишига хизмат қилган. 

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish