Sayt test rejimida ishlamoqda

Хасанхонова Нодира Исаметдиновнанинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда билимлар иқтисодиётининг концептуал асосларини ривожлантириш», 08.00.01 - Иқтисодиёт назарияси (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/Iqt130.
Илмий раҳбар: Шадманов Эркин Шеркулович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.I.01.11.
Расмий оппонентлар: Расулова Дилфуза Валиевна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Гаибназарова Зумрад Талатовна, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот номи: Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистонда билимлар иқтисодиётининг концептуал асосларини такомиллаштириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
«билимлар иқтисодиёти» категориясига илм-фан ва интеллектуал меҳнатни киритиш асосида такомиллашган муаллифлик таърифи ишлаб чиқилган;
Ўзбекистоннинг «Инсон тараққиёти индекси» бўйича жаҳондаги  рейтингини ҳисобга олиб, соҳада икки босқичли, юқори даражада интеграциялашган тизимни жорий этиш орқали фан, таълим ва ишлаб чиқариш узвийлигини таъминлаш асосида 2030 йилгача олий таълим сифатини ошириш асосланган;
республикада билимлар иқтисодиётини мамлакат илмий салоҳияти ва интеллектуал меҳнат рағбатлантирилишининг ҳозирги ҳолатини ҳисобга олиб, краудсорсинг ҳамда молиявий леверидж усулларини қўллаш орқали ривожлантириш асосланган;
илмий тадқиқот ва тажриба-конструктрукторлик ишлари (ИТТКИ) самарадорлигини оширишда давлат-хусусий шерикчилик муносабатлари тизимини жорий қилиш асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ўзбекистонда билимлар иқтисодиётининг концептуал асосларини ривожлантириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
билимлар иқтисодиёти ривожланишига оид илмий-назарий ёндашувларни танқидий таҳлил қилиш асосида «билимлар иқтисодиёти» категориясига илм-фан ва интеллектуал меҳнатни киритиш асосида ишлаб чиқилган муаллифлик таърифи «Иқтисодий таълимотлар тарихи» ўқув қўлланмасига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 4 октябрдаги 892-сон буйруғи, 892/4-120 рақамли гувоҳномаси). Мазкур илмий янгиликнинг жорий этилиши талабаларда «билимлар иқтисодиёти» категорияси ва унинг мазмун-моҳиятини англаш, мазкур масала бўйича илмий-назарий билимларни кенгайтириш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фан, таълим ҳамда  инновацияларнинг ўрни ва ролини англаш борасида асос сифатда хизмат қилган;
Ўзбекистонда икки босқичли, юқори даражада интеграциялашган тизимни жорий этиш орқали фан, таълим ва ишлаб чиқариш узвийлигини таъминлаш таклифидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги «Инсон тараққиёти индекси» бўйича ўрнини яхшилаш борасида 2030 йилга қадар мўлжалланган «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 18 декабрь 89-03-5345-сон маълумотномаси). Мазкур илмий таклифнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинг ва индекслардаги «Инсон тараққиёти индекси» бўйича ўрнини яхшилаш юзасидан 2030 йилга қадар олий таълимни сифат жиҳатидан таъминлашга хизмат қилувчи дастур яратилади ва истиқболда билимлар иқтисодиётини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш имконини берган; 
республикада билимлар иқтисодиётини мамлакат илмий салоҳияти ва интеллектуал меҳнат рағбатлантирилишининг ҳозирги ҳолатини ҳисобга олиб, краудсорсинг ҳамда молиявий леверидж усулларини қўллаш орқали ривожлантириш таклифи Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги «Таълим» бўлими томонидан мамлакатда олий таълим муассасалари самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тизимини ишлаб чиқиш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2020 йил 2 сентябрдаги 06/12-01-20/27-сон маълумотномаси). Мазкур илмий таклифнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида меҳнат ва аҳоли бандлиги, таълим, илм-фан, инновация соҳаларида кадрлар тайёрлаш самарадорлигини оширишга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилган;
илмий тадқиқот ва тажриба-конструктрукторлик ишлари (ИТТКИ) самарадорлигини оширишда давлат-хусусий шерикчилик муносабатлари тизимини жорий қилиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 сентябрдаги ПФ-5544-сон «2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг 2020 йил 2 сентябрдаги 06/12-01-20/27-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида илм-фан ва техника ютуқларини иқтисодиёт соҳаларида инновацион технологиялар асосида жорий этиш таъминланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish