Sayt test rejimida ishlamoqda

Ешбаева Улбосин Жамаловнанинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Таркибига синтетик полимерлар киритилган офсет қоғози ва унинг босма-техник хоссалари», 05.02.03–Технологик машиналар, роботлар, мехатроника ва робототехника тизимлари (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Т35.

Илмий маслаҳатчи: Рафиков Адхам Салимович, кимё фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, DSс.27.06.2017.Т.08.01.

Расмий оппонентлар: Примкулов Махмуд Темирович, техника фанлари доктори профессор; Климова Елена Дмитриевна, техника фанлари доктори (Россия Федерацияси); Ихтиярова Гульнора Акмаловна, техника фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Наманган муҳандислик-технология институти.

Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: қоғоз композициясида линтдан олинган пахта целлюлозаси билан уйғунликда синтетик полимерларни қўллаш асосида офсет босма қоғозини олиш технологиясини ишлаб чиқиш ва қоғоз компонентларининг ўзаро ва босма бўёғи билан таъсирлашуви механизмини аниқлашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

таркибида линтдан олинган пахта целлюлозаси ва синтетик тола чиқиндилари мавжуд бўлган офсет қоғози олиш технологияси ва рационал композиция параметрлари ишлаб чиқилган;

синтетик полимерлар ва табиий ипак чиқиндилари эритмаси билан модификацияланган ва гидролизланган ПАН-толаларидан фойдаланиб қоғоз массасининг шаклланиш қонунияти яратилган;

 массада елимлаш учун гидроксил, карбоксил ва аминогуруҳларга эга полимерлардан фойдаланиб молекулалараро боғларни мустаҳкамлаш услублари яратилган;

бўялган толали компонентларни киритиш йўли билан қоғозли ҳужжатларнинг қалбакилаштиришдан ҳимояланганлигини ошириш усули ишлаб чиқилган;

босилувчи материалнинг ғоваклиги, бўёқнинг шимилиш чуқурлиги ва тақсимланишини ҳисобга олиб, назарий таҳлил асосида қоғознинг бўёқ қабул қилишини ҳисоблаш услуби ишлаб чиқилган;

Бокс-Уилсоннинг кескин кўтарилиш услуби бўйича тажрибавий қоғоз турларида босишда бўёқни қабул қилиш қонунияти ишлаб чиқилган;

линтдан олинган пахта целлюлозаси ва синтетик полимерлар асосида тайёрланган қоғознинг босма-техник хоссаларини созлаш параметрлари аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Маҳаллий хомашёлардан фойдаланган ҳолда янги таркибдаги қоғоз олиш технологияси ва босма хоссаларини яхшилаш бўйича ишлаб чиқилган илмий натижалар асосида:

линтдан олинган пахта целлюлозаси ва нитрон чиқиндилари асосидаги қоғоз композицияси таркибида полимерли елимловчи моддаларни қўллаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган («Қоғоз массаси» IAP 05165-2016 й, «Қоғоз массаси» IAP 04622-2012 й.). Натижада қоғоз юзасининг бир жинсли тузилмаси ҳосил бўлиб, бу эса анча юқори механик мустаҳкамлик хоссаларига эга бўлган қоғоз олиш имконини берган;

ҳимояланган қоғоз таркибида поливалент металл тузига эга бўлган табиий ипак чиқиндилари ва нитрон чиқиндиларидан фойдаланиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган («Қоғозни қалбакилаштиришдан ҳимоялаш учун қоғоз массаси», IAP 04213-2010 й.). Натижада қимматбаҳо ҳужжатларни қалбакилаштиришдан ҳимоялаш имкони яратилган;

линтдан олинган пахта целлюлозаси ва нитрон чиқиндилари асосида қоғоз олиш технологияси тасдиқланган технологик регламент асосида Матбуот ва ахборот агентлиги корхоналарида, жумладан «BUM KOS KARTON» МЧЖ, «ANGREN PACK» АЖ ва «JUHAL QALIN QOGOZ» МЧЖлар фаолиятига жорий қилинган,  қоғозларнинг юзасига тасвир тушириш ва босма-техник хоссаларини тадқиқ қилиш «Шарқ» НМАК, «Ғофур Ғулом» НМИУ ва «Ўзбекистон» НМИУ босмахона шароитларида амалга оширилган (Матбуот ва ахборот агентлигининг 2016 йил 21 ноябридаги 02-3093-сон маълумотномаси). Диссертация натижалари бўйича тавсия қилинган қоғозни корхоналарда ишлаб чиқаришга жорий қилиш республикада қоғоз ишлаб чиқариш ҳажмини 5-6% га оширишга ва матбаачилик корхоналари томонидан талаб этилган хоссаларга эга қоғоз олишга имкон берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish