Sayt test rejimida ishlamoqda

Амантурдиев Икром Ғуломовичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Эколого-географик узоқ ғўза дурагайларида биотик омилларга толерантликнинг генетик жиҳатлари ва айрим биокимёвий кўрсаткичлар билан боғлиқлиги», 03.00.09 – Умумий генетика (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.DSc/В98.
Илмий маслаҳатчи: Бобоев Сайфулла Ғафурович, биология фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти, DSc.02/30.12.2019.B.53.01. 
Расмий оппонентлар: Набиев Сайдиғани Мухторович, биология фанлари доктори, профессор; Ахмедов Джамолхон Ходжахонович, биология фанлари доктори, профессор; Мадартов Бахром Кувандикович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: экологик-географик узоқ ғўза дурагайлари чигити таркибидаги айрим биокимёвий кўрсаткичлар ҳамда касаллик, зараркунандаларга бардошлиликнинг ирсийланиши, шаклланиши ва ўзаро боғлиқлигини аниқлаш асосида қимматли-хўжалик белгиларнинг ижобий мажмуига эга, биотик омилларга толерант янги бошланғич манбаларни яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор генератив органларида умумий ва (+)-госсипол миқдори контраст бўлган эколого-географик ва генетик жиҳатдан узоқ ғўза ашёларини дурагайлаш асосида олинган янги трансгрессив дурагайларда қимматли хўжалик белгиларнинг ирсийланиши, ўзгарувчанлиги ва шаклланиш қонуниятлари аниқланган;
эколого-географик ва генетик жиҳатдан узоқ нав-намуналар иштирокида олинган турли авлод дурагайлари чигити таркибидаги эркин аминокислоталар, мойдорлик даражаси, госсипол миқдори ва энантиомерларининг ирсийланиши аниқланган;
эколого-географик ва генетик жиҳатдан узоқ ғўза дурагайларининг лаборатория ва дала шароитларида Rh.sоlаni, Th.basicola, Х.malvacearum  патогенларига толерантликнинг ирсийланиши ва шаклланиши илмий асосланган;
сунъий, лаборатория ва табиий шароитда ғўза дурагайларининг ғўза тунлами (Helicoverpa armigera)га бардошлилигининг ирсийланиш қонуниятлари очиб берилган;
эколого-географик узоқ F2-F3 ва юқори авлод дурагайларида айрим биокимёвий кўрсаткичларнинг қимматли-хўжалик белгилар билан ҳамда биотик омилларга бардошлилик даражаси ўртасидаги ўзаро корреляцияси исботланган;
айрим биотик омилларга табиий бардошли, қимматли-хўжалик белгиларнинг ижобий мажмуига эга янги бошланғич ашёлар ажратиб олинган ҳамда ишлаб чиқариш талабларига мос, генетик жиҳатдан бойитилган янги ўрта толали ғўза навлари яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Эколого-географик узоқ ғўза дурагайларида биотик омилларга толерантликнинг генетик жиҳатлари ва айрим биокимёвий кўрсаткичлар билан боғлиқлиги бўйича олинган илмий натижалар асосида:
эколого-географик ва генетик узоқ дурагай-комбинацияларнинг F6-F8 бўғинларидан ажратиб олинган  айрим биотик (гоммоз, вертициллёз вилт, ғўза тунлами, ўргимчаккана) омилларга табиий бардошли, чигитида нисбатан зарарсиз (+)-госсипол миқдори юқори, ҳосилдор, тола сифати юқори бўлган Т-571/80, Т-772, АИГ-1, АИГ-2 ва Т-7334 тизмалари ЎзМУнинг ноёб объекти бўлган “G.hirsutum L. ғўза тури генетик ва цитогенетик коллекцияси”га тақдим этилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 30 октябрдаги 89-03-4298-сон маълумотномаси). Натижада, янги ўрта толали ушбу тизмалар ғўза генетик коллекцияси хилма-хиллигини бойитиш имконини берган;  
янги “С-7333” ва “С-7307” ғўза навлари Тошкент вилояти Бекобод туманида 9,3 гектар майдонга ҳамда Пискент ва Бўка туманларида эса 6,0 гектар экин майдонларига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 28 декабрдаги 02/020-4509-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу навларда Бекобод туманида ҳосилдорлик 3,2-4,7 ц/га юқори бўлиши, 2,5-4,0 % юқори тола олиниши ҳисобига рентабеллик даражасини 30,0-35,0 фоизга ошириш ҳамда Пискент, Бўка туманларида ҳосилдорлиги 4,1-5,6 ц/га юқори бўлиши, 2,9-3,8 % юқори тола олиниши ҳисобига рентабеллик даражасини 29,0-34,0 фоизга ошириш имконини берган;  
чигитида зарарсиз (+)-госсипол миқдори ва тола чиқими нисбатан юқори, ғўза касалликларига бардошли С-7333, С-7307, Рақобат навлари ғўза навларининг суперэлита уруғлари Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг ғўза генофондига ҳамда Ўзбекистон миллий университетининг “G.hirsutum L. ғўза тури генетик ва цитогенетик коллекцияси”га  киритилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 28 декабрдаги 02/020-4509-сон маълумотномаси). Натижада, мавжуд ғўза коллекцияси ва генофонди тезпишарлиги, ҳосилдорлиги, толасининг юқори сифати ҳамда айрим биотик омилларга бардошлилиги бўйича ажралиб турувчи янги донорлар ва генотиплар билан бойитиш имконини берган;  
“С-7333” ғўза навига Интеллектуал мулк агентлигининг патенти (NAP 00249 2019 йил) олинган ва ушбу нав 15,6 гектар экин майдонларига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг 2020 йил 3 февралдаги 01-11/277-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу янги ғўза нави районлашган ўрта толали навларга нисбатан айрим қимматли-хўжалик белгилари, гоммоз касаллиги ва ўргимчакканага бардошлилиги бўйича устунлигини намоён этган ҳамда юқори пахта ҳосили олиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish