Sayt test rejimida ishlamoqda

Мадалиева Ойсара Рустамовнананинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Навоий девонлари қўлёзмаларининг таркибий-қиёсий тадқиқи (ЎзР ФА Шарқшунослик институти фонди қўлёзмалари асосида)», 10.00.10 – Матншунослик ва адабий манбашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.3.PhD/Fil634.
Илмий раҳбар: Содиқов Қосимжон Позилович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат шарқшунослик университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети, DSc.03/30.12.2019.Fil/Tar.21.01.
Расмий оппонентлар: Имомназаров Муҳаммаджон Султонович, филология фанлари доктори, профессор; Эркинов Афтондил Садирханович, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Алишер Навоийнинг ЎзР ФА ШИ фондида сақланаётган қўлёзма девонлари таркиби, тузилиши, текстологик жиҳатларини асослаш, уларни чет эл фондларидаги нусхалар билан қиёслаб, ўзига хос ютуқларини белгилаш ва муаллиф вариантига йўл излаш, уни тиклаш борасидаги назарий фикрларни ўртага қўйиш, шу тариқа девонларини илмий ўрганиш, уларнинг янги илмий нашрларини яратишга йўл очишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Навоий девонларининг асосий фондга оид XV асрдан то XX асрнинг 1-чорагига қадар кўчирилган қўлёзмаларидан 20 та ва Ҳамид Сулаймон фондига тегишли 2 та қўлёзмасининг таркиби шоир девонларининг Туркия, Эрон, Буюк Британия, Франция, Россия ва АҚШнинг баъзи фондларида сақланаётган нусхалари билан қиёсий ўрганилиб, манбашунослик ва матншуносликнинг тарихийлик, тўлиқлик, ишончлилик принципларига кўра фонддаги бошқа нусхаларга нисбатан муҳим эканлиги аниқланган;
Навоий девонлари қўлёзмаларига битилган колофонлар текстологияси ўрганилиб, уларнинг қўлёзма битиш анъаналаридаги ўзига хос жиҳатлари манбашуносликнинг муҳим расмий ҳужжатлари эканлиги далилланган;
«Хазойину-л-маоний» ва «Терма девон»ларнинг қадимийлик ва ишончлилик жиҳатидан муҳим қўлёзмалари сарлавҳалари ўрганилиши натижасида Алишер Навоий ғазалларининг XVI асрдаёқ тематик классификация қилингани асосланган;
Навоий «Терма девон»лари қўлёзмаларидан 4 тасининг ҳар бири ўзига яраша оригинал тартибда кўчирилгани, шунингдек, XIX асрга тегишли «Терма девон» нусхаларининг бирида бошқа девонларга кирмаган иккита ғазал борлиги исботланган;
Навоий девонларининг таркиби ва тузилиши давр ва кўчирилиш муҳити билан, хусусан, сарой ва унинг ташқарисида ривожланган адабий жараёнлар ва китобат ишига боғлиқ ҳолда девончилик анъаналаридан фарқ қилувчи белгиларга ҳам эга эканлиги далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Алишер Навоий девонлари қўлёзмаларининг таркибини ёритиш бўйича тадқиқотнинг  илмий натижалари асосида:
Навоий девонларининг Самарқанд ҳудудида кўчирилган қўлёзмалари ўрганилишига доир илмий-назарий натижаларидан «П3-20170930393 Алишер Навоийнинг «Ғаройиб ус-сиғар» девонидаги ғазалларнинг ўзбек ва инглиз тилларида илмий изоҳ ва шарҳларини яратиш» номли амалий тадқиқот лойиҳасида фойдаланилган (ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 17 сентябрдаги 89-03-3364-сон маълумотномаси). Натижада мазкур монография Алишер Навоийга Самарқандий нисбаси берилгани ҳақидаги янги маълумот билан бойитилган;
«Терма девон»лар таркибининг танқидий-қиёсий тадқиқи билан боғлиқ амалий натижалардан «Ф1-ФА-055746 рақамли «Марказий Осиё халқлари қўлёзма ёдгорликларини тадқиқ этиш, Ўзбекистон шоир ва ёзувчилари архивини илмий тавсифи ва нашр этиш» фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2020 йил 7 октябрдаги №3/1255-2148-сон маълумотномаси). Натижада Навоий «Терма девон»ларининг турли даврларда кўчирилган нусхалари деярли янги таркибда кўчирилгани ҳақидаги илмий фаразлар тасдиқланган;
Алишер Навоий лирикаси тарихи, асарлари қўлёзмаларининг тарқалиши географияси каби маълумотлардан «O‘zbekiston tarixi» телеканалининг «Tarixiy savol» ва «Javohir» номли туркум кўрсатувларининг сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган («O‘zbekiston milliy teleradiokompaniyasi»нинг 2020 йил 17 сентябрдаги 20-14-824-сон маълумотномаси). Натижада кўрсатувлар илмий-назарий маълумотлар билан бойитилиб, уларнинг илмий-маърифий савияси ошган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish