Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдусаломов Содиқжон Абдусалом ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Трахеянинг чандиқли торайишларида босқичли реконструктив пластик даволашни такомиллаштириш», 14.00.27 – «Хирургия» (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: № B2019.1.PhD/Tib787.
Илмий рахбар: Эшонходжаев Отабек Джураевич, тиббиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Академик В.Вахидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази».
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази DSc.04/30.12.2019.Tib.49.01.
Расмий оппонентлар: Акбаров Миршавкат Миролимович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Беркинов Улугбек Базарбаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Краснодар ўлкаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Профессор. С.В. Очаповский номидаги 1-сон ўлка клиник шифохонаси - илмий тадқиқот институти” ДССБМ (Россия Федерацияси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Т-шаклидаги эндопротезда пластика қилишнинг техник жиҳатларини такомиллаштириш ва ташрихдан кейинги реабилитация дастурига тактик ёндашувларни оптималлаштириш орқали трахеянинг чандиқли торайишларини хирургик даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
трахеянинг чандиқли торайишларида аъзонинг чандиқли деформацияланган қисмини орқа ва орқа-ёнбош девори бўйлаб учта параллел чизиқда бўйлама йўналишда кесиб олиш сўнгра Т-шаклидаги эндопротезда барқарор трахеостома шакллантириш билан тавсифланувчи пластика усули такомиллаштирилган;
трахеянинг катта кўламли ёки мультифокал чандиқли торайишларида торайган сохага мувофиқ равишда Т-шаклидаги эндопротезни моделлаштириш ва ўрнатиш, зарарланган қисмни бужлаш ёки баллонли кенгайтириш босқичларидан кейин амалга оширилиши билан тавсифланувчи трахеяни мужассамлашган пластика қилиш усули такомиллаштирилган;
шиллиқ қаватнинг эпителиал қопламининг шикастланиши ва редукцияси хамда аъзо деворида қўпол толали бириктирувчи тўқиманинг сезиларли ўсиши белгилари трахея торайиши ривожланишида етакчи омил эканлигига аниқлик киритилган;
Т-шаклидаги стент ўриндиғи соҳасидаги трахеянинг шиллиқ қаватига яллиғланишга ва чандиқланишга қарши мужассамлашган махаллий таъсир кўрсатиш, кўп қаватли эпителийнинг эртароқ қайта тикланишини фаоллашиши ва юқори даражада ихтисослашган киприкли ва қадаҳсимон ҳужайралар пайдо бўлиши ҳисобига, репарация жараёнининг тезлашишига имкон бериши аниқланган; 
Т-шаклидаги стентда кенг бўшлиқ шакллантириш билан трахеяни пластика қилиш хамда яллиғланишга ва чандиқланишга қарши воситаларни биргаликда маҳаллий қўллаш, кануляция даврида стентлаш соҳасида чандиқли-грануляцион жараёнлар ривожланишининг умумий хавфини, декануляциядан кейин эса, рестенозни барқарор ортга қайтаришини таъминлаб бериши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Трахеянинг чандиқли торайишида Т-шаклидаги эндопротез билан трахеяни пластика қилишнинг техник жиҳатларини ва ташрихдан кейинги реабилитация дастурига тактик ёндашувларни оптималлаштириш бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар натижалари асосида:
“Трахеянинг чандиқли торайишларида Т-шаклидаги эндопротезда бўшлиқ шакллантириш билан трахеяни пластика қилиш усули” такомиллаштирилган (Интеллектуал мулк агентлигининг фойдали модел учун патенти, №FAP-01452, 25.03.2019й.). Ишлаб чиқилган усул трахея деворларининг барқарор кенг бўшлиғи ва каркасининг шаклланишини таъминлашга, ташрихдан кейинги узоқ даврда трахеомаляция ва рестеноз ривожланиши хавфини камайтиришга имкон берган;
трахея кўкрак қисмининг катта кўламли чандиқли торайишларини пластика қилиш усули такомиллаштирилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 13 августдаги 08-09/10188-сон маълумотномаси). Торайиш сохасини бужлаш ва баллонли кенгайтириш, сўнгра Т-шаклидаги эндопротезни моделлаштириш босқичларини ўз ичига олувчи трахеяни мужассамлашган пластика қилишнинг таклиф этилган усули трахеянинг шиллиқ пардаси ва юмшоқ тўқималарида трофик ўзгаришлар ривожланиши эҳтимолини камайтиришга хамда яллиғланишли, шунингдек чандиқли-грануляцион асоратлар частотасини камайтиришга имкон берган;
трахеянинг чандиқли торайишлари бўйича илмий тадқиқотнинг натижалари асосида ишлаб чиқилган «Трахеянинг чандиқли торайишларида Т-шаклидаги эндопротезда пластика қилиш усуллари» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 13 августдаги 08-09/10188-сон маълумотномаси). Ишлаб чиқилган тавсиялар даволаш тактикасини оптималлаштиришга, трахея пластикасининг техник жиҳатлари хамда грануляциялар ва йирингли-яллиғланишли жараёнлар ривожланиши билан боғлиқ бўлган ташрихдан кейинги асоратлар частотасини камайтиришга, эрта реабилитация даврининг ижобий кечишини таъминлашга, шифохонада ётиш муддатини қисқартиришга имкон берган;
олинган илмий натижалар соғлиқни сақлашнинг амалий фаолиятига, жумладан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм филиалининг ва Тошкент тиббиёт академияси Кўп тармоқли клиникасининг амалиётига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 13 августдаги 08-09/10188-сон маълумотномаси). Трахеянинг чандиқли торайишларини хирургик даволашнинг тактик ва техник жиҳатларини хамда ташрихдан кейинги реабилитация дастурини такомиллаштириш босқичли эндоскопик ёки хирургик қўшимча аралашувларга бўлган эҳтиёжни камайтиришга, кануляция даврини 16,4±0,8 дан 12,3±0,5 ойгача қисқартиришга, декануляциядан сўнг рестеноз ривожланиши хавфини 25,4% дан 5,3% гача камайтиришга ва узоқ муддатдаги яхши натижалар улушини 61,9% дан 88,0% гача оширишга имкон берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish