Замилова Римма Рамильевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қаҳрамонлар ва қаҳрамонлик»нинг шахс шаклланишига перманент таъсири», 09.00.02–Онг, маданият ва амалиёт шакллари фалсафаси (этика) (фалсафа фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Fal23.
Илмий раҳбар: Алимасов Виктор Александрович, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.F.01.05.
Расмий оппонентлар: Саифназаров Исмоил Саифназарович, фалсафа фанлари доктори, профессор; Маматов Нормурод, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қаҳрамонлар ва қаҳрамонликнинг шахс шаклланишига перманент таъсирини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
миллий қаҳрамонлар мисолида «қаҳрамон» ва «қаҳрамонлик» тушунчалари этик-фалсафий жиҳатдан очиб берилган ҳамда қаҳрамоннинг ахлоқий идеал эканлиги асосланган;
қаҳрамон концептларининг мотивацион самарадорлиги, қаҳрамон характерининг маънавий яратувчанлик ва инсонпарварлик моҳияти очиб берилган;
қаҳрамонликнинг ахлоқий-ижодий характери аниқланган ҳамда ўзбек халқининг қаҳрамонлик анъаналарига содиқликни шакллантиришга қаратилган педагогик-психологик детерминантлар ишлаб чиқилган;
ёшларда миллий қаҳрамонлар мисолида альтруизм, филантропия ва гуманизмни шакллантиришнинг ижтимоий-ахлоқий, маънавий ва ташкилий механизмлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ўзбекистонда «қаҳрамонлик» феноменини идрок этиш ва англашнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича ишлаб чиқилган илмий натижалар асосида:
қаҳрамонликнинг ахлоқий идеал эканлиги, ёшларнинг ижтимоий-хулқ атвори учун эталон бўлиб хизмат қилиши борасидаги таклиф ва тавсиялардан Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди томонидан ташкил этилган «Маҳалла менинг тақдиримда» кўрик танловининг вилоятлар ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги саралаш босқичларини ўтказишда фойдаланилган (Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг 2016 йил 11 октябрдаги 02-03/791-сон маълумотномаси). Таклиф ва тавсияларнинг амалиётга жорий этилиши халқимиз, жумладан ёшларда миллий ғурурни шакллантириш, уларнинг келажакка ишончини янада мустаҳкамлаш, кўрик танловнинг юқори савияда ўтишига хизмат қилган;
қаҳрамонликнинг ахлоқий-ижодий характери, ўзбек халқининг қаҳрамонлик анъаналари, педагогик-психологик детерминантларини белгилашга йўналтирилган таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари сектори томонидан ўтказилган «Мустақиллик қаҳрамонлари» лойиҳасида қўлланган (Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2016 йил 17 октябрдаги 3–1018-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф ва тавсиялар фуқаролик жамиятининг мазкур институтида фаолият кўрсатаётган сиёсий етакчи – қаҳрамон, ислоҳотчи – қаҳрамон фаолиятини объектив баҳолашга асос бўлган;
қаҳрамон концептларининг мотивацион самарадорлиги, ёшларда ватанпарварлик ва бурчга содиқлик туйғуларини, гуманизмни шакллантиришнинг ижтимоий-ахлоқий, маънавий ва ташкилий механизмлари борасидаги таклиф-тавсиялардан Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси томонидан ташкил этилган «Ватан ҳимоячилари – миллат ғурури» ҳамда «Ўзбекистон мустақиллик йилларида. Биз ким эдик ва ким бўлдик?» мавзусидаги тадбирларни ўтказишда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партиясининг 2016 йил 5 июлдаги 01–432-сон маълумотномаси). Ушбу таклиф ва тавсиялар Ўзбекистонда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг самарали тизимини яратишга хизмат қилган.