Sayt test rejimida ishlamoqda

Ачилов Анвар Туйчиевичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Буюк ипак йўлида хизмат кўрсатиш тизими (Ўрта Осиё мисолида)”, 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:  В2020.1.PhD/Tar.301.
Илмий раҳбар: Мавлонов Ўктам Махмасобирович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қарши давлат университети, PhD.03/27.02.2021.Tar.70.05.
Расмий оппонентлар: Раимқулов Абдусобир Аззамович, тарих фанлари доктори; Отахужаев Азамхужа Музаффарович, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Термиз давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Буюк ипак йўлида хизмат кўрсатиш тизими тарихини Ўрта Осиёнинг карвон йўллари мисолида мил. авв. II-мил. XV асрлар даврида очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
Буюк ипак йўлида хизмат кўрсатиш тизимининг шаклланиши ва ривожланиши масаласи кенг тарихий давр (мил. авв. II – мил. XV аср)  асосида ушбу йўлни ўз даврида назорат қилиб борган тарихий ўлкалар – Парфия, Марғиёна, Хоразм, Даван, Қанғ, Бақтрия, Сўғдиёна ва сулолалар – Турк ҳоқонлиги, Араб халифалиги, Муғуллар, Амир Темур ва темурийлар даври мисолида босқичма-босқич очиб берилган; 
мазкур йўлда хизмат кўрсатиш тизимини ташкил этиш ҳамда бошқаришда марказий ва маҳаллий ҳукуматларнинг, йирик маъмурий ва савдо марказлари бўлган шаҳарларнинг аҳамияти, тизим фаолиятининг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий асослари ёзма ва археологик манбаларни жалб этган ҳолда савдо-сотиқ ва транзит алоқалар ривожидаги аҳамияти қиёсий-тарихий ҳамда даврий изчилликда кўрсатиб берилган; 
Буюк ипак йўлининг Ўрта Осиё орқали ўтган йўналишларида улов воситаларининг юк ташиш ва тегишли хизматлар кўрсатишда тутган ўрни, карвонсаройлар, сардобалар, кўприклар ва бошқа йўлбўйи иншоотларининг ушбу йўлдаги хизмат кўрсатиш тизими фаолиятида тутган карвонлар таркибидаги элчилар, давлат мулозимлари, чопарлар, савдо карвонлари ва йўловчиларнинг ҳордиқ чиқариши, туя ва отларга дам бериш, чўл минтақаларида карвонни доимий равишда сув билан таъминлаб туриш, дарёлардан ўтишда қулайлик ва хавфсизлик яратиш каби аҳамияти тарихий далиллар асосида очиб берилган; 
Ипак йўлида хавфсизликни таъминлаш ва почта хизматини ташкил этиш каби муҳим стратегик аҳамиятга эга тоғли ва чўлли ҳудудлардаги қароқчилар, турли хил ёввойи ва заҳарли ҳайвонлар ҳужуми, хат ва хабарларни ўз вақтида, талофатсиз етказиб бериш каби муаммолар археологик ва ёзма манбалар асосида очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Буюк ипак йўлида хизмат кўрсатиш тизими тарихига доир олинган илмий натижалар ва амалий таклифлардан: 
улов-транспорт воситалари турлари ва улардан фойдаланиш, карвон йўллари инфратузилмалари, йўлбўйи иншоотлари ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий вазифасига оид назарий хулосалардан 2017-2018 йилларда Қарши давлат университетида бажарилган “Эрамус+” (Темпус) дастурининг 574253-EPP-1-2016-DE-EPPKA2-CBHE-JP “Ўзбекистонда ўрта ёшдаги одамларни касбий таълим ва ўқитиш марказлари тармоғида университет таянч ҳамкор сифатида” мавзусидаги “MAGNET: халқаро лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 8 июлдаги 89-03-2478-сон маълумотномаси). Натижалар улов-транспорт воситалари турлари ва улардан фойдаланиш, йўлбўйи иншоотлари ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий вазифасига оид хулосаларни ойдинлаштириш имконини берган;
Ўзбекистон ҳудудида сақланиб қолган карвонсаройлар, сардобалар, кўприклар ва бошқа йўлбўйи иншоотларининг Буюк ипак йўлида хизмат кўрсатиш тизими фаолиятида тутган ўрни ҳақидаги илмий хулосалардан 49-05\85 рақамли “Қашқадарёнинг туристик салоҳияти-глобал тармоқда” мавзусидаги инновация лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 8-июлдаги 89-03-2478-сон маълумотномаси). Натижада йўл бўйи иншоотларининг, инфратузилмаларнинг Буюк ипак йўлида хизмат кўрсатиш тизими фаолиятида тутган ўрни ҳақидаги масалаларни ёритиш имконини берган;
Буюк ипак йўлининг Ўрта Осиёдаги асосий йўналишлари ва уларда хизмат кўрсатиш тизимини ташкил этиш ва бошқаришнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий асослари ҳақидаги илмий хулосалардан “O`zbekiston tarixi” телеканалида 2020 йилнинг август ойида эфирга узатилган “Ўзбекистон Буюк ипак йўлида” кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали” давлат унитар корхонасининг 2020 йил 12 октябрдаги 02-40-951-сон маълумотномаси). Натижада ушбу йўлда хизмат кўрсатиш тизимини ташкил этиш ва бошқариш хусусиятлари ҳақидаги масалалар очиб берилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish