Мухитдинов Умид Даврановичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Маҳаллий хомашёлар асосида реакцион қобилияти юқори бўлган табиий полимер ва унинг маҳсулотларини олишнинг инновацион технологиясини ишлаб чиқиш», 02.00.14 – Органик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.PhD/Т560.
Илмий раҳбар: Сайфутдинов Рамизитдин, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент кимё-технология институти, DSc.03/30.12.2019.Т.04.01.
Расмий оппонентлар: Қодиров Тўлқин Жумаевич, техника фанлари доктори, профессор; Акбаров Хамдам Икрамович, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Умумий ва ноорганик кимё институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: кимёвий қайта ишлашга яроқсиз пахта линти асосида реакцион фаоллиги юқори табиий полимерлар олишнинг инновацион технологиясини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Б тип II-нав пахта линтидан 2 % ишқор сарфлаб, 1,0 МПа кислород босимида, 130 °С харорат ва 180 дақиқада полимерланиш даражаси ҳамда оқлилиги мейёрларга мос целлюлоза олинган;
юқори кучланишли электр импульслар таъсирида, Б тип II-нав пахта линтидан олинган целлюлоза структурасида мавжуд кристалл участкаларни аморф участкаларга айлантириш билан реакцияга мойиллиги ошиши исботланган;
кучсиз асос ва кислота қолдиқлари шароитида юқори зарядланган электр импульслар таъсирида олинган реакцион фаоллиги оширилган пахта целлюлозаси ациллаш реакцияларида юқори самара бериши асосланган;
фаоллиги оширилган пахта линти асосида букилишлар сони 2880 - 3450, узилишдаги узунлиги 25,6 - 31,1 % бўлган шаффоф ацетат целлюлоза плёнкаларининг механик мустаҳкамлиги исботланган;
кимёвий қайта ишлашга яроқсиз пахта линти асосида реакцион фаоллиги юқори табиий полимерлар олишнинг инновацион технологияси яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Пахта линтининг Б тип II-нав хомашёсидан юқори сифатли целлюлоза ва ацетатцеллюлоза ишлаб чиқариш ва қўллаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
реакцион қобилияти юқори бўлган целлюлоза ҳамда ацетатцеллюлоза олиш технологияси «Farg’ona Kimyo Zavodi» МЧЖ корхонасида амалиётга жорий этилган («O’zkimyosanoat» АЖнинг 2020 йил 27 ноябрдаги 23-3-4629-сон маълумотномаси). Натижада, Б тип II-нав пахта линтини 100% қайта ишлаш ҳамда чет-элдан келтирилаётган ёғоч целлюлозасининг ўрнини босувчи целлюлоза ва ацетатцеллюлоза ишлаб чиқариш имконини берган;
сифат кўрсаткичлари яхшиланган ацетатцеллюлоза плёнкалари ишлаб чиқариш технологияси «Farg’ona Kimyo Zavodi» МЧЖ корхонасида амалиётга жорий этилган («O’zkimyosanoat» АЖнинг 2020 йил 27 ноябрдаги 23-3-4629-сон маълумотномаси). Натижада, мустаҳкамлиги 16,5 Ркм, чўзилишдаги узилиши 31,1%, икки тамонлама букилишлар сони 2880 дан 3450 гача оширилган ацетатцеллюлоза плёнкалари ишлаб чиқариш имконини берган.