Sayt test rejimida ishlamoqda

Отажонов Илхом Отабоевичнинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сурункали буйрак касаллиги бўлган беморлар учун кам оқсилли парҳезни тиббий-биологик асослаш», 14.00.07 – Гигиена (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.DSc/Tib361.
Илмий маслаҳатчи: Шайхова Гули Исламовна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент тиббиёт академияси, DSc.04/30.12.2019.Tib.30.03.
Расмий оппонентлар: Искандаров Тулкин Искандарович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Усманов Ислам Аббасович, тиббиёт фанлари доктори; Сабиров Максуд Атабаевич, тиббиёт фанлари доктори, доцент; 
Етакчи ташкилот: Хожа Ахмад Яссавий номидаги Ҳалқаро Қозоқ-Турк университети (Қозоғистон Республикаси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: сурункали буйрак касаллиги бўлган беморлар учун кам оқсилли парҳезни тиббий-биологик асослашдан иборат
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сурункали буйрак касаллиги бўлган беморларнинг ижтимоий муҳити, касалликнинг асосий нозологик шакллари ва касалланиш ҳолати, ҳақиқий овқатланиш ва тана вазни индекси кўрсаткичлари орқали овқатланиш статусини баҳолаш такомиллаштирилган;
соя уни билан бойитилган янги «Бойитилган» нон маҳсулоти учун техник шартлар ва технологик йўриқномалар ишлаб чиқилган, уларни органолептик, физик-кимёвий ва биологик хусусиятлари асосланган;
адоптирланган лимфоцитлар ёрдамида сурункали буйрак касаллиги моделлаштирилган етук оқ каламушларда соя уни билан бойитилган нон маҳсулотларининг тиббий-биологик хавфсизлиги ва самарадорлиги исботланган;
сурункали буйрак касаллиги бўлган беморлар учун соя уни билан бойитилган нон маҳсулоти киритилган миллий таомлардан тузилган кам оқсилли янги парҳез ишлаб чиқилган;
сурункали буйрак касаллиги бўлган беморларда янги ишлаб чиқилган «Бойитилган» нон ва миллий таомлардан тузилган янги кам оқсилли парҳез таомнома стационар ва амбулатор шароитда самарадорлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Сурункали буйрак касаллиги бўлган беморлар учун кам оқсилли парҳезни тиббий-биологик асослаш бўйича бўйича олинган илмий натижалар асосида:
соя уни билан бойитилган нон маҳсулотининг озиқавий ва биологик қийматини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида ишлаб чиқилган ТИ 02140225-01:2017 меъёрий-техник ҳужжатлар тасдиқланган. Натижада аҳолининг турли қатламлари овқатланишида фойдаланиш учун ушбу маҳсулотларни саноатда кенг оммавий тармоққа киритиш имконини берган;
сурункали буйрак касаллиги бўлган беморларни даволаш ва олдини олиш учун соя уни билан бойитилган нон маҳсулоти киритилган кам оқсилли парҳез ишлаб чиқиш ва унинг самарадорлигини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида ишлаб чиқилган «Сурункали буйрак етишмовчилиги бўлган беморлар учун кам оқсилли парҳез» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2017 йил 14 сентябрдаги 8н-р/129-сон маълумотномаси). Натижада сурункали буйрак касаллигини олдини олиш ва даволаш тизимини такомиллаштириш мақсадида маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларидан тайёрланган янги  парҳез ишлаб чиқиш имконини берган;
сурункали буйрак касаллиги бўлган беморлар учун соя уни билан бойитилган нон маҳсулотларини органолептик, физик-кимёвий ва озиқавий қийматини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида ишлаб чиқилган «Соя уни билан бойитилган нон маҳсулотларини ишлаб чиқиш» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 9 октябрдаги 8н-р/432-сон маълумотномаси). Натижада сурункали буйрак касаллиги бўлган беморлар овқат рационини қўшимча нутриентлар билан бойитиш орқали нутриетив кўрсаткичларини яхшилаш имконини берган;
сурункали буйрак касаллиги бўлган беморлар учун кам оқсилли парҳезни тиббий-биологик асослаш бўйича илмий тадқиқотнинг натижалари соғлиқни сақлаш тизими, жумладан, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали клиникаси ва Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2021 йил 7 майдаги 8н-з/98-сон маълумотномаси). Олинган тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий қилиниши сурункали буйрак касаллиги  билан хасталанган беморларда касалликнинг босқичларини баҳолаш, янги ишлаб чиқилган асоратларини даволаш ҳаражатлари ва дори воситаларини қўллашни камайтириш учун ишлаб чиқилган соя уни билан бойитилган нон маҳсулотлари ва миллий таомлар киритилган кам оқсилли парҳездан фойдаланиш натижасида беморларда касалликнинг оғир асоратларини олдини олиш ҳамда даволаниш муддатларини қисқартириш билан биргаликда ҳаёт сифатини яхшилаш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish