Шоймурадов Аброрнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қашқадарё вилояти шароитида қаттиқ буғдой етиштириш агротехнологиясини такомиллаштириш”, 06.01.08 – Ўсимликшунослик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.PhD/Qx294.
Илмий раҳбар: Аманов Ойбек Анварович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Қашқадарё филиали.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, PhD.05/30.10.2020.Qx.126.01.
Расмий оппонентлар: Хошимов Иброхим Набиевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, Бобомирзаев Пирназар Хурсанович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Ўсимликлар генитик ресурслари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади республиканинг жанубий минтақалари биоиқлим шароитларида маҳаллий қаттиқ буғдойнинг янги навларини етиштириш агротехнологияларини такомиллаштириш ва сифатли дон олишда азотли ўғитларни қўллаш ҳамда суғориш тартибини бошқаришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор суғориладиган оч тусли бўз тупроқларда қаттиқ буғдойнинг “Крупинка”, “Зилол” ва “Насаф” навларини экиш меъёрлари (4 млн.дона уруғ/га), азотли ўғитлар билан озиқлантириш меъёрлари (N180P90K60 кг/га) ва суғориш тартиблари (ЧДНС 70-75-65%) ишлаб чиқилган;
қаттиқ буғдойнинг “Зилол” ва “Насаф” навларини 4 млн.дона, “Крупинка” навини 5 млн.дона меъёрида уруғ экилганда N180P90K60 кг/га меъёрда озиқлантириш, аксинча, маҳаллий навларни 5 млн.дона, “Крупинка” навини 4 млн.дона уруғ ҳисобида экилганда N210P90K60 кг/га меъёрида озиқлантирилганда уруғларининг дала унувчанлиги, қишга чидамлилиги, туплаш даражаси, ривожланиш даврлари ҳамда ҳосил структураси яхшиланиб, ижобий боғлиқлик мавжудлиги аниқланган;
қаттиқ буғдой навлари донининг технологик сифат кўрсаткичларини азотли ўғитлар билан озиқлантириш (N210P90K60 кг/га) ва суғориш тартиби (ЧДНС 70-75-65%)га боғлиқлиги илмий асосланган;
қаттиқ буғдой етиштиришда уруғларни экиш меъёрлари, азотли ўғитларни турли меъёрларда қўллаш ҳамда суғориш тартибларининг иқтисодий самарадорлиги аниқланган;
қаттиқ буғдойнинг янги навларини экиш меъёрлари, азотли ўғитлар билан озиқлантириш ва суғориш тартибини мақбуллаштириш асосида юқори ҳосилдор, доннинг сифат кўрсаткичлари саноат талабларига тўла мос келадиган, иқтисодий самарадор етиштириш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қашқадарё вилояти шароитида кузги қаттиқ буғдой етиштириш агротехнологиясини такомиллаштириш бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижалари асосида:
Қашқадарё вилоятининг суғориладиган оч тусли бўз тупроқларида қаттиқ буғдойнинг янги навларини экиш меъёрлари, азотли ўғитлар билан озиқлантириш ва суғориш тартибини мақбуллаштириш бўйича тавсиянома тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 28 сентябрдаги 02/021-3107-сон маълумотномаси). Бунда, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларида қаттиқ буғдой етиштириш технологиясини мақбуллаштириш бўйича зарур тавсиялар берилган ва фермер хўжаликларида фойдаланилиб келинмоқда;
кузги қаттиқ буғдой (Крупинка, Насаф ва Зилол) навлари уруғ сарфи гектарига 4 млн. дона экилиб, N180P90K60 меъёридаги минерал ўғитлар қўлланилган ҳамда суғориш тартиби туплашда (ЧДНС га нисбатан тупроқ намлиги 70%), найчалашда (75%) ва бошоқлаш фазаларида (65%) суғориш технологияси Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 28 сентябрдаги 02/021-3107-сон маълумотномаси). Натижада дон таркибидаги оқсил ва клейковина миқдори сезиларли даражада ошган. Ҳосилдорлик анъанавий технологияларга нисбатан 1,2-10,1 ц/га ошган ва гектаридан 2788,0-4248,1 минг сўмгача соф даромад олиниб, рентабеллик даражаси ўсишига эришилган;
қаттиқ буғдой навларини экиш ва азотли ўғитлар билан озиқлантириш ҳамда суғориш меъёрлари тупроқнинг турли намликларида амалга ошириш орқали кузги буғдой етиштириш (2020 йил) Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида (117 гектар) фермер хўжаликларида ҳамда Қарши агроучасткасида (8 гектар), жами бўлиб 125 гектар майдонда ишлаб чиқаришга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 28 сентябрдаги 02/021-3107-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида ҳосилдорлик 8-10 ц/га ошиб, рентабеллик даражаси 45-70 фоизни ташкил этган.