Нормахаматов Нодирали Сохобаталиевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сульфатланган полисахаридлар асосида антибактериал ва антивирус фаолликка эга биоселектив макромолекуляр тизимлар», 02.00.10–Биоорганик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/К14.
Илмий маслаҳатчи: Тураев Аббосхон Сабирханович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Биоорганик кимё институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Биоорганик кимё институти, Ўзбекистон Миллий университети, Ўсимлик моддалари кимёси институти, DSc.27.06.2017.K/В/T.37.01.
Расмий оппонентлар: Рахмонбердиев Гаппар, кимё фанлари доктори, профессор; Азизов Умархон Мухторович, кимё фанлари доктори, профессор; Мавлянов Саидмухтор Мақсудович, кимё фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент фармацевтика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: патогенлар специфик рецепторлари билан комплементар таъсирлашувчи анион табиатли (сульфат, фосфат ва карбоксил) ўринбосарлар тутган модификацияланган полисахаридларнинг мақсадли синтези, улар асосида йўналтирилган антибактериал ва антивирус таъсирли терапевтик тизимлар яратиш ҳамда уларнинг биологик функцияларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
алмашинган гуруҳлари макромолекула бўйлаб бир текис тақсимланган, молекуляр массаси (ММ) 10,5- 120,4 кДа ва алмашиниш даражаси (АД) 0,30-2,92 оралиғида сульфат ҳамда ММ 6,2-72 кДа ва АД 0,15-2,45 бўлган фосфат ҳосилалар олиш имконини берувчи усуллар ишлаб чиқилган ҳамда улар асосида анион антибактериал ва антивирус дори препаратлар яратиш потенциал имкониятлари асосланган;
анион ҳосилали полисахаридлар молекуляр оғирликлари, макромолекула бўйлаб сульфат, фосфат, карбоксил алмашинган гуруҳларининг ангидрогексоза звеносида жойлашувини бактерицид ва вирулицид фаолликларга таъсири исботланган;
патоген бактерияларнинг сезгирлиги модификацияланган полисахаридлар табиати ва молекуляр катталикларга боғлиқлиги, хусусан, намуналарда АДнинг ошиб бориши антибактериал фаолликнинг ошишига, фаолликнинг кескин ортиши эса АДси 1,9 дан 2,1 гача кузатилган ва бунда нисбатан ёрқин антимикроб фаоллик сульфатланган α-гесозанлар (амилоза, полигалактурон кислота, декстран)га нисбатан β-гексозанлар (целлюлоза, галактоманнан)да аниқланган;
анион ҳосилали полисахаридлар лейкемия, гепатит С ва ОИВ вирусларига қарши препаратлар яратиш учун потенциал объектлар эканлиги аниқланиб, ярим максимал ингибирлаш концентрацияси (IC50) бўйича лейкемия вирусига қарши фаоллик 0,02-0,45 мкг/мл оралиғида ва АДси ортиши билан антивирус фаоллик ошиб бориши, β-структурали бирликлар α-структуралиларига қараганда ёрқин антивирус фаолликка эгалиги исботланган;
энг кичик антикоагуляцион фаолликка эга анион ҳосилали полисахаридлар синтез қилинган. Бунга ангидрогексоза звеносидаги С-2 ва С-6 углерод атомларида сульфат гуруҳи тутган сульфат полисахаридлар синтези орқали эришилган;
илк бор компьютер моделлаши орқали анион ҳосилали полисахаридларнинг организм соғлом ҳужайраларига патогенлар таъсирини ингибирловчи, уларнинг рецептор участкаларига блокловчи таъсирлари исботланиб, мультирезистент бактериялар (P. Aeruginosa, E.coli), вируслар (гепатит С, лейкемия, ОИВ-1) гликопротеинлари модель структуралари ва сульфатланган моносахарид (гексозалар) ҳамда модификацияланган полисахаридлар орасида интерполимер комплекслар ҳосил бўлиши имкониятлари аниқланган ва амалда бу натижалар in vitro ва in vivo шаротидаги тажрибаларда исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Полисахаридларнинг сульфат ҳосилалари асосида антибактериал ва антивирус таъсирли макромолекуляр тизимлар бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ўсимлик баргларидаги тамаки мозаикаси вируси ингибиторига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (12.10.2010, № IAP 04603). Илмий тадқиқот натижасида қишлоқ хўжалиги ва тиббиётда патогенларга қарши препаратлар ишлаб чиқариш имконини берган;
полисахаридларнинг систематик модификациясини Тулейн университетининг «Полимерланиш реакцияларини автоматик узлуксиз назорати» (ACOMP–Automatic Continuous Online Monitoring of Polymerization reactions) тизимида олиб бориш давомида ишлаб чиқилган шароитлар илк бор ACOMP тизимининг табиий бирикмалар модификацияси реакцияларини узлуксиз мониторинг қилиш жараёни учун муваффақиятли қўллаш имконини берган, шунингдек рециркуляцион ACOMP конфигурациясида ҳажмий қовушқоқлик, молекуляр оғирлик ва ион-концентрацион катталиклар (электр ўтказувчанлик ва рН қиймат)ни бир вақтнинг ўзида назорат қилиш имконини берувчи янги ускуналарда қўлланилган (Америка Қўшма Штатлари Тулейн университетининг 2016 йил 3 ноябрдаги маълумотномаси). Бу дунё миқёсида салмоқли ютуқ бўлиб, полисахаридларни модификациялаш реакцияларининг мониторинги, бу табиий маҳсулотлар-биополимерларнинг модификацияси жараёнини назорат қилиш имконини беради;
ишлаб чиқилган модификациялаш усулларидан селектив алмашинган сульфат полисахарид ҳосилалар олишда фойдаланилган (Кумамото университетининг (Япония) 2016 йил 15 ноябрдаги маълумотномаси). Антибиотикларга нисбатан мультирезистент бактериялар St. aureus, St. epidermides, E. coli (LN) ва Klebsiella га қарши полимер антибактериал композициялар яратиш имконини берган;
полисахарид ҳосилаларнинг надмолекуляр тузилишлари ва антикоагуляцион фаолликлари маълумотларидан 80 дан ортиқ хориждаги импакт-фактори (JIF) юқори илмий журналларда намуналарнинг физик-кимёвий ва фармакологик таҳлили учун фойдаланилган (Acta biomaterialia, 2010, V.6, №2, Journal Impact Factor, IF 6,32; Bioresource Technology, 2009, V.4, №2, Journal Impact Factor, IF 5,65; Biomacromolecules, 2011, V.6, №2, Journal Impact Factor, IF 5,25; Carbohydrate polymers, 2012, V.2, №2, Journal Impact Factor, IF 4,81; Food Hydrocolloids, 2014, V.35, №2, Journal Impact Factor, IF 4,75; Langmuir, 2013, V.12, №2, Journal Impact Factor, IF 3,83; Polymer, 2011, V.1, №2, Journal Impact Factor, IF 3,68; Phytomedicine, 2011, V.6, №2, Journal Impact Factor, IF 3,53; Cellulose, 2010, V.2, №2, Journal Impact Factor, IF 3,42). Илмий натижаларнинг қўлланилиши полисахарид эфирларининг молекуляр ва фармакологик тавсифлаш имконини берган.